16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

ЎЗБЕКМАН ДЕБ ЮРИШДАН МУРОД БОШГА ДЎППИ КИЙИШ-У НАҲОРГИ ОШГА БОРИШДАНГИНА ИБОРАТ ЭМАС

Сараланган сатрлар

Сўзларнинг маъноси қизиқ. Ҳозир айтилаётган ҳар бир калом ўзига хос келиб чиқиш тарихига эга. Уларнинг маъносини англаш асносида минг йиллик таърих қаърига саёҳат қиласиз, топганингиз эса бебаҳо маънавий дуру жавоҳирлар бўлади.

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Алишер Навоий қаламига мансуб “Муҳокамат ул-луғатайн” асарларида туркий сўзлар тарихи ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотлар жамланганки, баъзи сўзлар ўзгариб бутунлай бошқа маънода қўлланса, баъзилари эса ўзгаришсиз бизгача етиб келган.

Бу борада Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати”, Эшқобил Шукурнинг “Бобосўз изидан” китоблари ҳам ноёб маънавий хазина саналади. Сўзларни ўрганиб, ўзликни таниш борасида булардан яхши қўлланма йўқ аслида.

Худди шундай, таниқли публисист Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Сўз қисмати” китобида она тилимиздаги сўзларнинг босиб ўтган йўли, бошидан кечирганлари, зафар ва мағлубиятлари, гоҳ шуҳрат топиб, гоҳ унут бўлиши ҳақида фикр юритилади.

*  *  *

Сўз – инсон топган энг бебаҳо кашфиёт. Унинг сирини излаб, тагига етиб бўлмайди. Зеро, француз файласуфи Мишел Фуко айтганидек, “воқелик дегани аслида йўқ нарса, нимаики бор бўладиган бўлса, бу – сўз, ҳатто сўз ҳақида гапирганда ҳам сўзнинг ўзидан фойдаланишга мажбур бўламиз”. Постмодернчилар эса янада ғулуга кетиб, “реаллик – моддий мавжудлик эмас, балки сўздан иборат”, деб айтишади. Сўз шундай нарса.

*  *  *

Ўзбекларда саломлашиш ва кўришиш бир лаҳзада ўтиб кетадиган шунчаки мулоқотолди бир нарса эмас. Унда кишиларнинг ўзаро муносабатлари, муомала одоби, ёши, ҳаттоки мавқеи акс этади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур кимнинг ким билан қандай тарзда кўришганига синчиклаб эътибор бериб (отдан тушиб ё тушмасдан, неча марта юкуниб ё юкунмай, ер ўпиб, неча бор таъзим қилиб…), “Бобурнома”да буларни таъкидлаб кўрсатган. Албатта, ҳозирги ҳурлик, тенг ҳуқуқлилик замонида ер ўпиб ё юкуниб кўришишга эҳтиёж йўқ, аммо лозим ўринларда таъзим билан, ўзи ва ўзганинг иззатини жойига қўйиб кўришиш ҳамиша қадрланади.

“Ўткан кунлар”да Кумушнинг Юсуфбек ҳожи хонадонига келганидаги кўришув маросимини эсланг. Кумуш қайин онаси Ўзбек ойим билан кўришганида паранжисини ерга ташлаб, югуриб бориб ўзини Ўзбек ойимнинг қучоғига ташлайди, қайин отаси Юсуфбек ҳожига эса уялибгина салом беради (Юсуфбек ҳожи эса унинг манглайига текизиб олган ўз қўлини ўпади), Зайнаб икковлари озорсизгина кўришадилар…

Бу кўришишларнинг ҳар бири алоҳида ва ўзига хос, уларнинг ҳар бирида Шарқимизнинг бир дунё маъно англатишга қодир этикети мужассамлашган.

*  *  *

“Сосиал заказ” деганимиз шуки, халқимиз асрлар давомида қўллаб келган, айрим мумтоз мақол, матал ва идиомалар замона зайлига мослаб қайта бичилади, буткул бошқа муддаони кўзда тутиб айтилган қуйма шаклдаги бирон мақол, матал ёки ҳикматли жумла газетчининг мақсадидан келиб чиқиб янгиланади.

Совет даврида бундай бедодлик истаганча қилиб кўрилди, ҳатто “диний” деб тамға босилган ҳар қандай мақол-маталларгача шўролаштирилди, чунончи, “Ёмғир билан ер кўкарар” мақоли “тузатилиб”, эл меҳнат билан кўкарадиган бўлган эди.

*  *  *

Ҳозир “устоз” деган сўз жуда болалаб кетди. Ўттиз йилча аввал ҳам мактаб муаллимлари, институт ўқитувчилари ҳурмат билан “муаллим”, “домла” деб аталар эди. Билмадим, кимдан чиққан ташаббус экан, ҳаммасини “устоз” дейиш урф бўлди. Қўйиб берсанг, мактаб завхози ҳам устоз деб аталади.

Хўш, бунинг нимаси маъқул эмас, қолаверса, осон эмас-ку?

Номаъқуллиги шундаки, тилимиз, сўзларимиз ана шунақа тарзда қадрини йўқотади. Чунки устоз деганда эл отадан ҳам улуғ, табаррук зотни тушунади. Кишининг устози битта бўлади ва бутун умр устоз мақомида қолади. Дуч келган мактаб ўқитувчиси (у ҳатто шу ўқувчига дарс бермаган бўлиши ҳам мумкин) устоз деб аталаверса, унинг бояги юксак мақоми, виқорию салобати қаёқда қолади? Шунинг учун, ҳали ҳам бўлса, ойлик олиб мактабда, институтда дарс берадиган ўқитувчиларни сохта эъзозлашдан кўра, “муаллим”, “домла” деган эски ва қадрдон сўзларимизга қайтганимиз дуруст.

Ана шунда устоз – устоз бўлади.

*  *  *

Бу дунёда ўзбекман деб юришдан мурод бошга дўппи кийишу наҳорги ошга боришдангина иборат эмас, ахир. Улуғ онамиз – она тилимизни эъзозлай олмасак, бошқасидан мурод нима, киммиз биз ўзи?

Тафаккур тилда акс этади ва тил орқали ривожланади. Шунинг учун улар чамбарчас боғлиқ. Ўзбек тили – ўзбек тафаккури демак. Шундай экан, ўзбек тилини давлат идораларида ишлатмаслик – ўзбек тафаккурига йўл бермаслик, қўполроқ айтганда, ўзбек тафаккури билан шу соҳани бошқариб бўлмайди, деб ҳисоблашдир.

*  *  *

Байроқ дастлаб жангларда қўлланган – уруш маҳалида тўзиб кетган аскарлар унинг теварагида тўпланишган. Аммо байроқ дастаси ҳам оддий калтак эмас, қадимда найзанинг ўзи бўлган, байроқни бирон жангчи найзасига илиб юқори кўтарган. Жангда шоҳ ё саркарда ўлса, найза учи ерга қаратиб олиб юрилган, ҳозир бутун дунёда мотам эълон қилинганда байроқларнинг қуйи туширилиши, байроқ илинган калтакнинг тик эмас, қуйи қаратиб ўрнатилиши ўшандан қолган.

*  *  *

Алла дегани қўшиқ, онанинг қўшиғи. Аммо ашула эмас. Бинобарин, унинг мукаммал қофияланган, бир текис вазнга тушадиган “адабий” матни бўлиши шарт эмас. Муҳими, унинг жони бўлсин. Жони эса она юрагидан оқиб чиқадиган оҳанг, мунг, ҳасрат, умидворлик ва илтижо… Деярли, сўзсиз қўшиқ.

*  *  *

Талаба эдик. “ХХ аср ўзбек адабиёти” курсини бошқараётган Абдуғафур Расулов илк дарсида, “Қани ким “Ўткан кунлар” романини ўқиган бўлса, қўл кўтарсин”, деб мурожаат қилди. Ажаб, ҳамсабоқ дўстларимизнинг қарийб ярми бу асарни мутолаа қилмаган экан. Шундан сўнг домла бир талабага юзланиб: “Мана, сиз ўқиганман, деяпсиз. Унда, айтинг-чи, Кумуш билан Зайнаб орасидаги келишмовчилик қайси воқеадан бошланади?” деб сўраб қолди. “Ҳа, ўша, – дея курсдошимиз жавоб бера бошлади: – Кумуш билан Отабек от чоптириб тоққа сайилга кетишади, Зайнабни обкетишмайди, шундан унинг жаҳли чиқади…”

Абдираш шу жойга келганида аудитория деразалари кулгидан зириллаб кетди. Чунки Абдулла Қодирийнинг асарида Кумуш от минмайди, бу саҳна “Ўткан кунлар”ни кино қилган сценариячи ё режиссёрнинг фантазияси маҳсули эди, “ўқиган” талабанинг ўқимагани билиниб қолди.

*  *  *

Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига атаб олинган кинонинг бир жойида маҳаллий аҳоли босқинчи мўғуллар бошига олов ёғдиради – бир эски “КамАЗ” баллонини ёқиб, адир пастида от чоптириб юрган “мўғуллар” устига думалатиб юборишади. Тасаввур қилинг: олти-етти аср бурун – “КамАЗ” шинаси!

Ҳа, майли, бу энди техник характердаги бир камчилик экан, дейлик. Аммо кинонинг бир жойида Соҳибқирон сафдошларига мурожаат қилиб нутқ сўзлайди ва мақсадини очиқ айтиб, “Мен марказлашган давлат барпо этмоқчиман”, деб баёнот беради.

Ажойиб ғоя. Аммо… тарқоқ князликларни бирлаштирган Юрий Долгорукийнинг “Сентрализованное государство” деган андазаси бўлмаса, бу калиманинг ҳижжама-ҳижжа ўгирмасини – “марказ+лаш+ган” (сентрал+изован+ное)ни актёр йигитнинг тилига солиб қўйиш сценариячилар ва режиссёрларнинг тушига ҳам кирмасди. Ахир, бу сунъий сўз ўзбек тилига Амир Темур даврида эмас, ХХ аср ўрталарида таржима туфайли кириб келган-ку.

*  *  *

Кекса одамлар яхши хотирлайди – автобус қатнови йирик шаҳарларда эндигина йўлга қўйилган даврда у маданий улов тури, цивилизациянинг зўр ютуғи саналган. Худди самолёт йўловчилари сингари, ҳамма чиптасида кўрсатилган жойда ўтирган, ортиқча билет сотилмаган. Салонда ҳозиргидай бақириб-чақиришлар, “Ҳой шўпир, тўхтат, тушаман!” деб айюҳаннос солишлар мумкин бўлмаган. Кимдир тушмоқчи бўлса, автобус салонининг икки томонига деразалар устидан тортилган симнинг ўзи ўтирган томондагисини қоқар, шунда симнинг кабинадаги учига осилган қўнғироқ жаранглаб, ҳайдовчини огоҳ этарди (у замонда салон электрлаштирилган эмас, кнопка қўйиш иложсиз эди). Ўртароқдаги одамлар эса ёнидагилардан “симни қоқиб юборинг, мен тушмоқчи эдим”, деб илтимос қилган. Сим қоқиш хабар беришни англатган.

Ўшандан сал кейинроқ Ўзбекистонда телефон оммалаша бошлади. Бунда ҳам аввал қўнғироқ жаранглагани ва одамлар сим орқали алоқа қилгани боис, аналогия усулида “сим қоқиш” деб аталиб кетган.

*  *  *

Америка ҳиндулари ва Марказий Осиё халқларини фақат тил соҳасида эмас, шомонийлик дини, руҳларнинг қўллаши, бургутга, отга ишқибозлик, ноғора, тўй-ҳашамлардаги ўхшашлик каби омиллар ҳам ўзаро боғлаб туради.

2018 йилда археологлар Ғарбий Мўғулистоннинг Узуулғулан деган тоғли жойида, денгиз сатҳидан 2800 метр баландликдаги қадимги қабрдан аёл кишининг мумиёланган жасадини топишди. Унинг оёғига маҳси кийдирилган экан.

Экспертиза натижаси ушбу қабр ИХ-Х асрларга мансублигини кўрсатди. Демак, Осиё қитъасининг жуда улкан ҳудудида, хусусан, туркий халқлар ва мўғуллар – Олтой халқлари яшаган барча жойларда маҳси кийилган экан… Америка ҳиндулари антропологик жиҳатларга кўра ҳам, лисоний жиҳатдан ҳам – Олтой халқларига яқин.

*  *  *

1990 йили Бишкекда – Тўқтағул юбилейида Молдавиядан келган бир гагауз шоири ўз тилида нутқ сўзлаган, ажабки, аҳли мажлис – қозоқлар, қирғизу ўзбеклар… унинг гапини тўлиқ тушунган эдик. Бўлмаса, гагаузлар, эҳ-ҳе… Европада яшайди, орадаги масофа қанча олис!

Абитуриент чоғимда эса Тошкентда ўқишни ҳавас қилиб келган бир ёқут бола билан ётоқхонанинг бир хонасига жойлашган эдик. Ундан, қани, сенларнинг тилингда “эта комната болшая” дегани қандай бўлади, деб сўраганимда, “бу уй улхўн” (улкан) деб жавоб қилгани ёдимда. Қаранг, бу бола неча минг чақирим наридан, бир неча бошқа халқлар яшайдиган ҳудудлар оша келган, аммо қаерда тарқалганидан қатъи назар, тиллар (озар, қирғиз, қозоқ, татар, гагауз, қўмиқ, уйғур…) бир-бирига ўта яқин экан-да.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.