Бу суҳбатимиз жуда самимий, қизиқарли бўлди. Аслида суҳбатдошлар бир-биримизни яхши таниймиз, иш юзасидан гаплашиб турамиз. Шундай бўлса-да, Ўзбек тили байрами куни арафасида Гуландом билан бирга ўзбек ва тожик қадрдонлар билан давра суҳбати қургимиз келди.
Суҳбатимиз мавзусини сарлавҳага чиқардик: Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради! Аслида, барчамиз деганда туманимизда яшайдиган миллат вакиллари – татарлар, туркманлар, тожиклар, турклар ва бошқалар назарда тутилган. Бугунги суҳбатга эса фақат тожик ватандошларимизни таклиф қилдик. Негаки, туманда улар кўпчиликни ташкил қилади. Тожик тилида ўқитиладиган мактабларнинг ўзи 12 та. Айрим мактабларда таълим ҳам ўзбек, ҳам тожик тилларида олиб борилади. Фақат тожик ватандошлар яшайдиган қишлоқларимиз ҳам анчагина: Жовуз, Матмон, Деновбола, Шут, Аспидухтар, Варганза ва ҳоказо… Бир сабаб билан ушбу қишлоқларга ўтиб қолсак, тожик биродарларимиз очиқ чеҳра билан кутиб олишади. Гапимиз гапимизга қовушиб, суҳбатимиз авжига чиқади ва, албатта, ўзбек тилида бўлади. Чунки тожик биродарларимизнинг ҳаммаси ўзбек тилини яхши билади.
…Давра суҳбатимизни тумандаги иқтидорли ёшлар мактаб-интернатида ўтказадиган, Гуландом Сатторова бошқарадиган бўлди. Суҳбатнинг жонли ва эркин, самимий руҳда ўтишида бошловчининг ўрни катта. Бу борада Гуландомда тажриба етарли. Уни кўпчилик яхши танийди – Маънавият ва маърифат маркази Китоб тумани бўлинмаси раҳбари. Ташкилотчи, тиниб-тинчимас раҳбар.
У биринчи бўлиб сўзни менга берди. Ўзбек ва тожик халқлари азалий дўстлиги, биродарлиги ҳақида кўнглимдагиларни айтдим. Варганзалик шоир Пўлод Қурбонов – Кўҳийни эсладим. Шоирнинг: «Анорлари ҳар донаси қирмизи, бол, Қизларининг юзлари ҳам анордай ол, Ўзбек, тожик бир оила – кулган иқбол, Азиз гўшам, сўлим қишлоқ, жон Варганзам», деган сатрлари ёдимга тушди.
Суҳбатни Авлоқул Авлаев давом эттирди. Авлоқулга қараб туриб, унга давра суҳбати ташкил қилиш мақсадида қўнғироқ қилганим ва у ҳазил аралаш, биз энди тожик миллати вакилими, дегани ёдимга тушди. Мен унга: «Тожик миллатидаги энг яхши укамизсиз», дедим кулиб.
Дарвоқе, Авлоқул Авлаевни туманда яхши танишади. Кўп йиллар туман ҳокимлигида масъул вазифада ишлаган. Туман халқ таълими бўлими (ҳозирги ММТБ)ни бошқарган. Ҳозир мактаб директори. Вазифам тақозосига кўра туманимиздаги айрим тожикча жой номлари маъносига тушунмай қолсам Авлоқулдан сўрайман. У чиройли қилиб тушунтириб беради.
Авлоқул сўзида Ўзбекистон ҳаммамиз учун ягона Ватан экани, икки халқнинг бир-бири билан дўсту қадрдонлиги, бир-бирини қўллаб-қувватлаши, бир-бирига ўргатиб-ўрганиши, тожиклар учун давлат тили ҳам она тилидай қадрли эканига тўхталди. Сўнг ҳам ўзбек, ҳам тожик тилларида шеър ёзган, икки чаман булбули дея ном олган шоир Ўлмас Жамолнинг ширу шакарини ўқиб берди:
Ўзбегу тожик элим тожи сари якдигаранд,
Ду азиз фарзанди як мулку падар ҳам модаранд.
Ул бири олтин узукдир, ҳам жавоҳир кўз бири,
Бингари, пайванди як обу, гилу, як гавҳаранд…
Яна бир суҳбатдошимиз Ашраф Одинаев эса ўқитувчи. Тожик мактаби ўқувчиларига ўзбек тилидан дарс беради. Афсона тахаллуси билан ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ёзади. Бўш пайтларида мусаввирлик, наққошлик ва ҳаттотлик билан ҳам шуғулланади. Бир неча кун олдин у менга қўнғироқ қилиб байрамолди ўзбек тили ҳақида қасида ёзгани, унда ўзбек, тожик, араб, ҳинд тилларини тўрт унсурга қиёслагани, бир ўқиб, фикр беришимни сўраган эди. Унинг тил ҳақида ёзган бошқа шеърлари ҳам анчагина.

Ашраф Одинаев Авлоқулнинг фикрларини давом эттириб, мумтоз адабиётда «ширу шакар» деб номланган икки тилда ёзилган ғазал фақат ўзбек ва тожик элида борлиги, бу ҳам азалий ва абадий дўстликнинг меваси эканини таъкидлади. Ўзи ҳам икки тилда ижод қилувчи зуллисонайн шоир эканини айтиб, ўзбек тилида ёзган шеърларидан бирини ўқиб берди:
…Қайси тилда бўлмасин рози дилинг айла баён,
Ҳам тафаккур, ҳам тасаввур ичра пинҳон тил эрур.
Ўйламасдин сўз дейишдин кўп пушаймонлик келур,
Қанча одамларни қилган хонавайрон тил эрур.
Давлатинг тил, савлатинг тил, тил билан обод уйинг,
Тилда кўп мўъжиза пинҳон, роҳати жон тил эрур.
Ашрафо, сўйла фасоҳат бирла ўзбек лафзини,
Чунки назму наср учун сўзга фаровон тил эрур.
Суҳбатдошлар даврасида меҳнат фахрийси, кўп йиллар туман почта алоқа боғламасини бошқарган варганзалик Турсунали ака Маҳмадиев ҳам бор. Бир пайтлар уларнинг пиру бадавлат оилалари ҳақида ёзган «Варганзанинг икки ирмоғи» деган мақолам «Қашқадарё» газетасида чоп этилганди. Турсунали ака қачон кўрсалар, шу мақолани эслайдилар.
Турсунали аканинг сўзларини ҳам давра суҳбати иштирокчилари, уларни кузатиб ўтирган ёшлар диққат билан эшитдилар. У Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Ҳазрат Мир Алишер Навоий муносабатлари икки халқ дўстлиги тимсолига айлангани, форсий тил ҳам, туркий тил ҳам ҳар икки зот учун бирдай қадрли бўлгани ҳақида тўхталиб, Жомийнинг Навоийга атаб ёзган сатрларини ўқиб берди.
Яна бир суҳбатдошимиз Зафар Мажидов шеър шайдоси, чиройли шеърлар ўқийди. Туманнинг Қавзахона қишлоғидаги 69-мактаб директори. Мактабда таълим ўзбек ва тожик тилларида олиб борилади. Ҳар икки халқ фарзандлари бир-бирларининг тилларини ўрганиб олишган.
Зафаржон ҳам икки халқнинг дўстлиги, ўзбек тили улар учун она тилидай қадрли экани ҳақида гапирди ва сўзини болалар учун ёзилган шеър билан тугатди: Менинг икки онам бор, Иккиси ҳам меҳрибон. Бири менга сут берган, Иккинчиси ширин нон…
Имомали Қодиров Денов қишлоғидан. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида маънавият ишлари бўйича фаолият кўрсатади. Мактаблар билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирларимизга ҳамиша бош-қош.
Суҳбатдошларимиз Низомиддин Қўчқоров, Зубайдулла Шарипов, Отабек Самиев эса туманнинг таниқли санъаткорлари. Мумтоз қўшиқлар устаси. Улар қўшиқ айтса ҳамма сел бўлиб тинглайди. Репертуарларидан асосан ўзбек мумтоз қўшиқлари ўрин олган. Уларнинг жўр бўлиб Алишер Навоий ғазали билан айтиладиган «Наззора қил» қўшиғини ижро этиши даврага файз бағишлади.
Наргиза Мирова биз суҳбат ўтказаётган иқтидорли ёшлар мактаб-интернати директори. Ёш, ҳаракатчан раҳбар. Ўтган ўқув йили якунида битирувчилари нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга кириб, юқори натижаларга эришди. У ўзбек ва тожик халқлари дўстлиги ҳақида тўлиб-тошиб гапираркан, бу икки халқ бир-бири билан шунчалик яқинки, суриштирса қай бир ўзбекнинг аждоди ота томондан тожикка ёки аксинча тожикнинг илдизи ўзбекка бориб тақалишини айтди. Улар ҳақида, икки тилда сўзлашувчи битта халқ, деган гап бежизга айтилмаган. Абдулла Орипов ёзганидай, иккиси бир байт ғазалдан, ўзбегим тожик билан.
Ҳа, ўзбек ва тожик халқларининг беғубор дўстлиги илдизлари бақувват, тарихи узун ва сабаблари бисёр. Ана шу сабаблардан бири – икки миллатни бир-бирига яқинлаштирувчи, боғловчи, бир-бирига меҳрини оширувчи бу – тилдир! Тожик ватандошларимизнинг ўзлари яшаётган давлат тилини она тили каби билишлари, ардоқлашлари ўртадаги ришталарни янада мустаҳкамлайди.
Зеро, бу икки халқнинг бир-бирининг тилини билиши, бир-бирининг тилида ижод қилиши ҳам тарихий…
Лола ЎРОҚОВА,
Китоб тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси

