Индонезияда топилган улкан тўрсимон питон ёввойи табиатдаги расман ўлчанган дунёдаги энг узун илон сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди, деб хабар беради UPI манбаси.
Ташкилот баёнотига кўра, тақдим этилган тасдиқловчи далиллар текширилганидан сўнг тўрсимон питон узунлиги 7,2 метрни ташкил этиши аниқланди. Айни вақтда илон табиат ҳимоячиси Буди Пурванто, илонлар билан ишловчи лицензияли мутахассис Диас Нуграхи ва ёввойи табиат суратчиси Раду Френтиу қарамоғида.
Айтишларича, улар Марос ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳолининг ғайриоддий улкан питон пайдо бўлгани ҳақидаги хабаридан сўнг ўша илонни излашга боришган. Унга Ибу Барон, яъни «Барон хоним» лақаби берилган.
Тўрсимон питонлар дунёдаги энг узун илон турларидан бири саналади, бироқ одатда уларнинг улчами катта ёшда 5,8 метрга етади. Янги топилган намуна бу кўрсаткичдан сезиларли даражада ошди ва дунё рекордини янгилади.

