16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Илм-фан

ҒОЛИБЛАРГА – ДИПЛОМ, УСТОЗЛАРГА – ТАШАККУРНОМА

Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб жамоаларига эса катта миқдордаги пул мукофотлари

Ўтган ҳафтада Қарши шаҳрида 2024-2025 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган вилоят ҳокими олимпиадасининг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг устозларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, мазкур тадбирда «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танлови вилоят босқичида ғолиб чиққан жамоалар  ҳам мукофотланди.

Эътибор ва эътироф

Маълумки, республикамизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича Қашқадарё тажрибаси сифатида эътироф этилаётган вилоят ҳокими олимпиадаси воҳамиз мактабларида таълим сифатини юксалтириш, фанларни ўқитиш даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш, ўқитиш сифати бўйича халқаро мезон ва стандартларга мувофиқ юқори кўрсаткичларга эришиш учун замин яратиш ва ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида кимё, биология, физика, математика, информатика ва ахборот технологиялари, тарих, она тили ва адабиёт, хорижий (инглиз, немис, француз) тиллар фанларидан уч босқичда – мактаб, туман (шаҳар)лар ва вилоят даражасида ўтказилмоқда. Жорий йилда мазкур олимпиадада 10 та фан бўйича 19 минг нафардан ортиқ 11-синф ўқувчиси иштирок этиб,  улардан  30 нафари бу нуфузли интеллектуал беллашувнинг ғолиб ва совриндорлари сафидан жой олди.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов олимпиадада муваффақият қозонган истеъдодли ўқувчилар, уларнинг устозлари ва ота-оналарини табриклар экан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур» деган сўзларини келтириб ўтди ва юртимизда, хусусан, Қашқадарёда бу  борада қилинаётган кенг қамровли ишлар хусусида тўхталди. Айни пайтда вилоят раҳбари воҳамизнинг иқтидорли ёшлари келажакда ҳали жуда кўп маротаба барчамизни қувонтириши ва Ўзбекистон, Қашқадарё шарафи учун садоқат билан хизмат қилишига ишонч билдирди.

Маросим иштирокчиларининг гулдурос қарсаклари остида олимпиада ғолиб ва совриндорлари, уларнинг устозларига диплом ва ташаккурномалар, эсдалик совғалари топширилди.

– Болаликдан тарихга қизиқаман, кейинги 3 йил давомида эса ўқитувчим Собир Қудратов устозлигида бу фанни чуқур ўрганиб, астойдил ўзлаштиришга ҳаракат қилаяпман, – дейди олимпиадада тарих фанидан  1-ўринни қўлга киритган Чироқчи туманидаги 51-мактабнинг битирувчиси Исломбек Урозов. – Мактабни тамомлагач, «Юриспруденция» йўналиши бўйича олий таълим олиш учун юртимиздаги энг нуфузли университетлардан бирига ўқишга кирмоқчиман. Шу жиҳатдан вилоят ҳокими олимпиадаси менга, бир томондан, жиддий синовга тайёргарлик кўриш, иккинчи томондан, ўз билимларимни яна бир бор баҳолаш имконини берди. Дарвоқе, мактабимиз ўқувчиларидан бу олимпиадада биргина мен эмас, устоз Баҳодир Эргашовнинг шогирди Азиза Қўйлиева ҳам соврин олди. У информатика ва ахборот технологиялари  фанидан учинчи ўринни эгаллаган.

Хабарингиз бор: вилоят ҳокими олимпиадасида физика, кимё ва биология фанлари бўйича совринли ўринларни қўлга киритган истеъдодли ёшлар ўз йўналишлари бўйича Қарши давлат университетига тест синовларисиз  талабаликка тавсия этилади. Шундан келиб чиқиб, тақдирлаш маросимида олимпиаданинг юқорида қайд этилган учта фан бўйича 9 нафар ғолиб ва совриндорига дипломлар билан бир қаторда тегишли сертификатлар ҳам топширилди.

– Ўғлим Китоб туманидаги 96-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Жавоҳир Абдиев (устози Элдор Жалилов) биология фанидан 1-ўринга муносиб деб топилди ва олимпиада ғолиби деган номдан ташқари, катта имтиёзга ҳам эга бўлди, – дейди педагог Жаҳонгир Абдиев. – Маросимда унинг исмини эшитиб ва дастлаб диплом, кейин сертификат олганини кўриб, қувонч ва фахр, устозлари ва олимпиада ташкилотчиларига эса чуқур миннатдорлик ҳиссини туйдим. Тадбирда ўқитувчилар ва мактабимиз жамоаси шаънига айтилган илиқ сўзлар ҳис-ҳаяжонимни янада оширди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танлови вилоят босқичида ғолиб чиқиб, республика босқичида фаол иштирок этган Китоб туманидаги 96-мактабнинг жамоаси (инглиз тили  ўқитувчиси ва беш нафар ўқувчи) Буюк Британияга таълим  саёҳатига юборилганди. Жорий йилда ҳам воҳамизда бу танлов юқори савияда ўтказилди ва низомга кўра, унинг туман (шаҳар) босқичи ғолибларига 1-, 2- ва 3-ўринлар учун мос равишда 100 миллион, 75 миллион ва 50 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди. Тақдирлаш маросимида эса мазкур танловнинг вилоят босқичида муваффақият қозонган  Косон туманидаги 9-мактаб (1-ўрин учун 250 миллион сўм), Муборак туманидаги 28-мактаб (2-ўрин учун 200 миллион сўм) ва Касби туманидаги 1-мактаб (3-ўрин учун 150 миллион сўм) жамоаларига жами 600 миллион сўм миқдордаги пул мукофотлари топширилди.

– Тўрт йилдан буён Президент  соврини учун ўтказилаётган «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловида жамоамиз билан иштирок этиб, ҳар йили турли даражада совринли ўринларни қўлга киритаяпмиз, – дейди Косон туманидаги 9-мактабнинг ўқитувчиси Наргиза Норқулова. – Ўтган йили келгусида, албатта, вилоят босқичида ғолиб чиқамиз, деб ваъда қилгандик ва шу йил ваъдамиз устидан чиқдик. Кейинги мақсадимиз республика босқичида Қашқадарё шаънини муносиб ҳимоя қилиб, совринли ўринлардан бирини эгаллашдир.

Маросимда иқтидорли ёшлар ютуқлари ва фидоий устозлар  маҳорати алоҳида эътироф этилиб, юқори баҳоланар экан, билим – барча муваффақиятлар калити, деган нақл яна бир бор ўз исботини   топди ва бу, шубҳасиз, кўпгина ёшларнинг ўқишга иштиёқини янада ошириб, уларни фаол ҳаракатга ундади.

Ўз мухбиримиз