Таълим ва ислоҳот
Қарши давлат техника университетида ғояни прототипга, билимни маҳсулотга айлантирувчи янги маскан барпо этилганлигини биласизми? Бу ерда талаба ёки ёш олим мавжуд муаммо ечими бўйича ўз ғоясини шакллантиради, муқобилини яратади, синаб кўради. «Муҳандислик илмий-ишлаб чиқариш маркази» (фаб-лаб) изланувчи ёшларга ана шундай имкониятларни беради.
Ҳозирда ушбу марказда 6 та цех ва 4 та лаборатория мавжуд бўлиб, 148 нафар талаба иш билан таъминланган ва илмий-инновацион фаолиятга жалб қилинган. Бу ерда 30 га яқин хизмат тури, касб-ҳунарга ўргатиш ва 20 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу рақамларнинг ўзиёқ фаб-лаб оддий лаборатория эмаслигини кўрсатади. У – таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик кесишадиган нуқта.
Фаб-лаб биносининг биринчи қаватида рақамли контент маркази ҳамда универсал муҳандислик, энергия аудити, қуёш қурилмаларини ўрнатиш ва таъмирлаш, композицион материаллар ва рақамли муҳандислик дизайни йўналишларидаги цехлар фаолият юритади. Шу маънода фаб-лабнинг биринчи қаватини кичик «микрозавод»га қиёслаш мумкин. Чунки бу ерда ғояни шакллантиришдан тортиб, муайян буюм ёки хизматгача бўлган жараённинг турли босқичлари қамраб олинган.
Иккинчи қаватдан эса мехатроника ва робототехника, чорвадор мутахассисларга илмий-инновацион хизматлар, инновацион топогеодезия ва рақамли кадастр, экология, ноорганик моддалар кимёси йўналишларидаги илмий лабораториялар ҳамда стартапчи ёшлар учун Coworking маркази ўрин олган.

Марказдаги лабораториялар мажмуаси илмий тадқиқот полигони вазифасини ўтайди. «Инновацион топогеодезия ва рақамли кадастр» илмий-инновацион хизматлар кўрсатиш маркази эса геодезия, рақамли технологиялар ва кадастр соҳаларини ўзида жамлаган бўлиб, у талабаларнинг соҳага оид билимларини янада мустаҳкаамлашга хизмат қилади ҳамда замонавий геодезия хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади.
«Эко таҳлил» илмий-тадқиқот лабораторияси сув, тупроқ таҳлили ва атроф-муҳит билан боғлиқ тадқиқотлар учун имконият яратади. Энг қизиқарли йўналишлардан бири – ноорганик моддалар кимёси илмий-тадқиқот лабораторияси. Бу ерда литий, рух ва калийли бирикмаларни синтез қилиш, янги кимёвий бирикмалар синтези ҳамда уларнинг физик-кимёвий таҳлилини амалга ошириш йўлга қўйилган.
– Бу лабораторияларнинг бир бинода жамлангани жуда муҳим, – дейди рақамли технологиялар ва сунъий интеллект факультети декани Салим Норқобилов. – Сабаби келажакдаги мураккаб технологиялар битта фан доирасида яратилмайди. Масалан, робототехникага механика ҳам, электроника ҳам, дастурлаш ҳам керак. Энергетикада эса материалшунослик, кимё, автоматлаштириш ва рақамли технологиялар бирлашади. Фаб-лабнинг кучли жиҳати ҳам шунда – унда фанлар ўртасида деворлар бўлмайди.
– Фаб-лаб ғоясини дастлаб Массачусетс технология институти профессори Нил Гершенфельд илгари сурган, – дейди университет илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ғулом Узоқов, – У рақамли технологиялар ёрдамида «деярли исталган нарсани ясаш» имкониятини ўргана бошлаган. Унинг бу ғояси жуда қизиқ эди, яъни компьютердаги рақамли ғояни реал буюмга айлантириш. Масалан, талаба компьютерда бирор деталнинг 3D моделини яратади ва кейин 3D-принтер, лазер кескич ёки CNC станоги ёрдамида уни ҳақиқий буюмга айлантиради.
Кейинчалик Ҳиндистон, Коста-Рика, Норвегия, Гана, Финляндия, Испания каби давлатларда ҳам шундай лабораториялар пайдо бўлди. Фаб-лаблар сони кўпайгач, уларни бирлаштирувчи халқаро тармоқ шаклланди. 2009 йилда «Fab Foundation» ташкилоти тузилди. Унинг вазифаси фаб-лаб тармоғининг кенгайишига, янги лабораториялар ташкил этилишига, таълим ва технологиялар алмашинувига кўмаклашишдан иборат эди.

– Университетдаги муҳандислик марказининг вазифаси ўзининг ҳудуд иқтисодиёти ва эҳтиёжларига мос моделини шакллантиришдан иборат, – дейди илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Хайрулла Давлонов. – Маълумки, Қашқадарё – саноат, энергетика, нефть-газ, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва транспорт каби йўналишлар бир-бири билан туташадиган ҳудуд. Шу сабабли фаб-лабнинг истиқболи жуда кенг. Масалан, маҳаллий корхонада бирор технологик муаммо пайдо бўлса, уни университетга олиб келиш мумкин. Муаммони талаба, профессор-ўқитувчи ва корхона мутахассиси биргаликда ўрганади. Мана шу жараён университетни ишлаб чиқаришга яқинлаштиради.
Фаб-лабнинг энг катта вазифаси – талабани тайёр ечимни кутадиган мутахассисдан муаммони кўриб, унга ечим таклиф қила оладиган муҳандисга айлантириш. Шу жиҳатдан Қарши давлат техника университетида ташкил этилган «Муҳандислик илмий-ишлаб чиқариш маркази»ни оддий лаборатория ёки устахона сифатида баҳолаш камлик қилади. Сабаби бу марказ – ғоя ва илмий маҳсулот ўртасидаги кўприк.
Абдураззоқ МУРОДОВ
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

