16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Қарши – қасрми, гўристон?

Биласиз, вилоят маркази бўлган Қарши шаҳри номи ҳақида турли қарашлар бор. Кўплаб манбаларда қарши – сарой, қаср маъноларини англатади, дейилса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» асарида «Қарши – мўғулча оттур, гўрхонани мўғул тили бирла қарши дерлар»,  деб ёзади. Хўш, Қарши нима дегани ўзи?

Қашқадарёга оид

«Қарши шаҳри маҳалла ва кўча номлари» китобида қайд этилишича, XVII аср тарихнависи Маҳмуд ибн Вали «Кепакхон мўғул у ерда бир кўшк қурган эди, мўғул тилида кўшкни қарши атаганлари учун ўша вақтдан бошлаб, ул шаҳар Қарши номи билан машҳур бўлди». Кепакхон (Кебекхон) 1318-1326 йилларда ҳукмронлик қилган. У мўғул ҳукмдорлиги марказини Қашқадарё ҳудудига кўчирган. Қаршини мўғуллар пойтахтга айлантирган. Ҳукмдор учун қаср, қўрғон қурилган.

XIV аср ва ундан олдинги давр мўғул тилида хон кўшки, яъни қароргоҳи Қарши деб юритилган. XI асрнинг буюк ёдгорлиги «Қутадғу билиг»да беклар яшайдиган ва фаолият кўрсатадиган қароргоҳ «қарши» сўзи билан юритилган:

Бу беклар эви оди қарши турур,

Бу қарши ичингдаги қарши турур.

Мисрадаги бек – юрт бошлиғи, эв – уй, қароргоҳ, қарши – қаср.

Ўз даврининг буюк тилшуноси, туркий халқлар тилларининг теран билимдони Маҳмуд Кошғарий «қарши»ни – шоҳ қасри, деб изоҳлаган. XIV аср тарихчиси Ҳофизи Абру «Туркий тилда подшоҳнинг қасрини қарши дейдилар» деб ёзиб қолдирган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса Қарши – гўрхона, деб таърифлаган. Бунга сабаб шуки, Кепакхон қурдирган қасрда хон авлоди, улуғ руҳоний ва мўътабар шахслар қабри бўлган, мўғуллардан кейинги ҳукмдорлар бу қасрда яшамаган ва қаср қароргоҳлик мақомини йўқотган. Бобур бу қасрда бўлган вақтда Кепакхон қурдирган муҳташам қалъа мақбарага айланган.

Умуман, қарши сўзининг қайси тилга мансублиги борасида турлича қарашлар бор. Айримлар унинг мўғул тилига, бошқалар туркий тилга мансублигини, яна баъзилар уйғур тилига оидлигини айтишади. Бинобарин, айни сўз атрофида луғатшуносу тилшунослар кўп ўрганишлар олиб борса, арзийди.