16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

Қатралар

Оҳанг

Унинг қўлида тор бор эди. Бироқ бирорта куй чалмай, чалолмай ўтиб кетди…

Эплаган эса қошиқдан ҳам оҳанг чиқаради…

Умра

Эр-хотин бор-йўғини сарфлаб учинчи марта умрага кетишди…

Уйида болаларининг чўмилиши учун ҳаммоми йўқ…

 Чўкиш

У икки оёғини икки қайиққа қўйиб, сафарга отланганди, қайиқлар ҳар ён кетиб қолди…

Уммон ютиб юборди уни…

Телефон

Унга қўнғироқ қилишди. Телефонига қаради-ю, кўтармади. Биладики, бошини қотирашади. Ниманидир сўрашади, илтимос қилишади.

Телефонининг овозини ўчириб қўйди…

…У ишдан кетди. Ҳар куни телефонига қарайди.

Энди ҳеч ким унга қўнғироқ қилмайди…

«Қизиқсиз-а, дадаси»

Эр хотинига ёлворгудай тикилди:

– Онаси, тўйда шу сарпосини қилмасангчи?

– Қизиқсиз-а, дадаси. Одамлар нима дейди?..

*  *  *

– Онаси, юзочарда ҳам харажат катта бўлиб кетаркан. Шуни «вечер»га қўшиб юборсакчи?

– Қизиқсиз-а, дадаси. Одамлар нима дейди?..

*  *  *

– Онаси, қудага айтсаммикин, наҳорги ошни икки томон битта қилсак…

-Қизиқсиз-а, дадаси. Одамлар нима дейди?..

*  *  *

…Тўй бўлди. Сарпо бўлди. Юзочар бўлди. Икки жойда наҳорги ош бўлди.

Эр эса… Қарз бўлди… Қарз берган ҳафта ўтмай пулини сўраб келди… Ололмагач, овоза қилди…

Одамларчи? Одамлар нима деди?.. Кўрпангга қараб оёқ узатсанг бўлмасмиди…

«Қишлоқи»

У уйига келган совчиларга гап бермади:

– Йўқ, бўлмайди, бошқа овора бўлиб келманглар. Қизим ҳали ёш, узатмайман. Боз устига қишлоқдан экансизлар, қизим шаҳарда катта бўлган, «қишлоқи»га тегмайди. Ҳали ўқишини битирсин, битта эр бўлса, қочиб кетмайди. Тегсаям шаҳарликка тегади. Қишлоққа бориб, сигир соғадими?..

«Тошкентда қолади, уйи бор», дейсизми? Уйи бўлса нима қилибди?.. Барибир таги қишлоқликда. Битта ўғил экан, ота-онам ёлғиз деб, ёнига бориб олади…

Нима?!. Бир-бирини яхши кўради, дейсизми? Иккинчи бу гапни айтманг! Қизим  бизнинг рухсатимизсиз ҳеч кимни яхши кўрмайди! Сира ишонмайман! У тарбияли қиз! Бу гапни бир айтдингиз, иккинчи айтманг! Дадаси эшитсалар ёмон бўлади! Туҳмат қилманглар!..

Совчилар фаросатли экан: аёлнинг ўзи ҳам қишлоқдан келиб, пойтахтда қўним топганини юзига солишмади.

Лола ЎРОҚОВА