16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Қашқадарёдаги биринчи прокурор ким?

Узоқ йиллар жиноятчиликка қарши курашда иштирок этган, Қашқадарё вилоятидан етишиб чиққан биринчи прокурор Нарзулла Лутфуллаев (1925-2008) саналади.

Қашқадарёга оид

У 1925 йил 15 майда Чироқчи туманида таваллуд топган.

Отаси Саъдулла Лутфуллаев асли Хатирчидан бўлиб, Бухоро амирлиги таркибида бўлган Шаҳрисабз, Чироқчи бекликларида қозилик қилган. 1924 йилда Ўзбекистон ССР ташкил этилиши муносабати билан Чироқчи тумани халқ судьяси лавозимига ўтказилган.

Нарзулла Лутфуллаев 1932-1941 йилларда Чироқчи туманидаги собиқ 2-сонли В.П.Чкалов номли мактабда ўқиган. Мактабни битиргач, ота изидан бориб, Чироқчи тумани судида секретарлик лавозимида ишлаган, 1942-1944 йилларда туман прокуратурасида ишлаган.

1944 йил ноябрь ойидан Чироқчи туманида депутат этиб сайланиб, сиртдан ўқув курсида ўқийди.

Нарзулла Лутфуллаев 1945-1947 йилларда Тошкент шаҳридаги Республика юридик техникумида таҳсил олади. Ўқишни тамомлагач, йўлланма асосида Қамаши тумани прокуратурасида халқ назоратчиси вазифасида ишлай бошлайди. 1948-1955 йилларда Тошкент юридик институтини сиртдан ўқиб тамомлайди.

1949-1953 йилларда Ғузор тумани прокуратурасида бош терговчи вазифасида ишлайди. 1954 йилда Ғузор тумани прокурори ёрдамчиси, 1955 йилда Деҳқонобод тумани прокурори вазифасида фаолият олиб боради. Шундан сўнг Қамаши, Ғузор, Қарши туманлари, кейин яна Ғузор тумани прокурори лавозимида ишлаб, нафақага чиққан.

Нарзулла Лутфуллаев прокуратура органларида 41 йил фаолият юритиб, шундан 35 йил конституцион прокурорлик лавозимида ишлаган тажрибали ва етук ҳуқуқшунос саналади.

Нарзулла Лутфуллаев 1948, 1951 йилларда 2 марта халқимиз  хавфсизлигини қўриқлашда кўрсатган хизматлари учун Ўзбекистон Республикасининг «За доблестный труд в Великой Отечественной войне 1941-1945 г.г.» медали билан мукофотланган. Ўзбекистон Олий Совети Президумининг ва Ўзбекистон Бош прокуратурасининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. 1982 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Совети қарорига асосан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» унвони билан тақдирланган.

Вилоятдан етишиб чиққан Бош прокурор ким?

Воҳада униб-ўсган ва Бош прокурорликкача йўлни босиб ўтган Усмон Чинозович Худойқулов 1954 йилда туғилган. 1975 йилда Тошкент университетининг юридик факультетини битирган.

1976-1987 йилларда Қашқадарё вилояти прокуратурасида терговчи, катта терговчи, бўлим бошлиғи, вилоят прокурорининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

1987 йилдан 1990 йилгача Ўзбекистон ССР прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи, 1990 йилдан 1992 йилгача Ўзбекистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатган.

1992-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси, 1995 йилдан 1998 йилгача Ўзбекистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари, 1998-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида ишлаган.

Усмон Худойқулов 2000 йилдан кейинги фаолиятини «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ юридик бошқармаси юрист-консультанти сифатида давом эттирган.

Милиция органларидаги биринчи полковник

Қашқадарё вилоятида полковник унвонига сазовор бўлган биринчи милиция ходими Сайдулла Замонов ҳисобланади. У 1924 йилда Ғузор туманида туғилган.

1942 йилда Сайдулла Замонов кўплаб ўзбек ўғлонлари сафида фронтга, фашистларга қарши жангга отланади. У дастлаб Хабаровск вилоятидаги 58-полкда, сўнгра Кишинёв шаҳридаги 60-полкда хизмат қилади. Кўплаб қирғинбарот жангларда иштирок этади, бир неча маротаба оғир жароҳат олиб, тузалгач яна жангга қайтади. Совет аскарлари сафида Берлинга қадар немисларни таъқиб этиб боради.

Урушдан сўнг Сайдулла Замонов Украинанинг Днепропетровск вилояти Котов тумани ички ишлар бўлимида милиционер вазифасида ишлайди.

1951 йилда Ғузор туманига қайтиб, туман ички ишлар бўлими нозири сифатида ўз фаолиятини давом эттиради. Турли йилларда Ғузор ва Шаҳрисабз шаҳар ички ишлар бўлимларида қатор лавозимларда ишлайди. 1958-1972 йилларда Шаҳрисабз тумани ички ишлар бўлимига раҳбарлик қилади. 1972-1975 йилларда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси хизмат бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритди.

Сайдулла Замонов 1975 йилда, 51 ёшида оламдан ўтган.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.