16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

Қашқадарёда йил давомида яна минглаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг расмий бандлиги таъминланади

Вилоятимизда ўтган йил 1 декабрь ҳолатига 11,3 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс расмий иш билан банд қилинган бўлса, жорий йилнинг охиригача уларнинг умумий сонини қарийб 20 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.

Камбағалликдан фаровонлик сари

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 8 майдаги фармони билан тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга мувофиқ, воҳамизда 2025 йил давомида 8 минг 649 нафар  ногиронлиги бўлган шахснинг расмий бандлиги таъминланиб, йил якуни билан уларнинг жами сони 19 минг 962 нафарни ташкил этиши назарда тутилган. Эътиборлиси, Қашқадарё 2024 йил 1 декабрь ҳолатига расмий иш билан банд қилинган ногиронлиги бўлган шахслар сони (11 минг  313 нафар) бўйича республикамизнинг барча ҳудудлари орасида етакчилик қилмоқда.

Умуман олганда, мамлакат Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони «Камбағалликдан фаровонлик сари»  дастурига мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи салбий омилларни бартараф этиб, уларни касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигига кўмаклашиш орқали жамиятнинг фаол иштирокчисига айланишини таъминлашга қаратилган. Бунинг учун ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашган тадбиркорлик субъектлари учун молиявий рағбатлантириш тизимини яратиш, бундай шахсларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун махсус хизматлар тизимини жорий этиш, улар томонидан ишлаб чиқарилган товарларни бозорга чиқариш ва реализация қилишга кўмаклашиш, ногиронлиги бўлган ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, уларнинг меҳнат бозорига кириши учун қўшимча имкониятлар яратиш ва 2025 йил якунига қадар республика миқёсида 80 минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг барқарор бандлиги ва муносиб даромад топишини таъминлаш каби мақсадлар қўйилган.

Айни пайтда фармонда турли солиқ имтиёзлари ва молиявий кўмак чоралари, тартиб-таомилларни такомиллаштириш ҳамда ҳужжат ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат қилиш чора-тадбирлари ҳам белгиланган. Масалан, фармон билан тасдиқланган ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури доирасида «Инклюзив иш берувчи» мукофотига муносиб иш берувчиларни аниқлаш ва махсус совғалар билан тақдирлаш ҳамда «Инсон учун» шиори остида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумлар негизида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган шахслар ва камбағал оила аъзоларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, замонавий касб-ҳунарга ўқитиш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашиш бўйича фаоллаштириш ва ресурс марказларини ташкил этиш, ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнатга жалб қилишда уларни меҳнат бозоридаги талаб юқори ва уй шароитида фаолият юритиш мумкин бўлган замонавий касб турларига (онлайн оператор, копирайтер, ижтимоий тармоқ маркетинги (СММ), веб-дизайнер, фрилансер, график дизайнер) ўқитиш ҳам мўлжалланмоқда.

Ўз мухбиримиз