Ҳамкорлик уфқлари
2025-2026 йилларда вилоятимизга Мўғулистондан 10 минг бош қўй олиб келиниб, маҳаллий шароитда наслчилик-селекция ишлари ёрдамида кўпайтирилади. Айни пайтда воҳамиз полизчилари томонидан мазкур мамлакат ҳудудида Қашқадарё тажрибаси асосида тарвуз етиштириш йўлга қўйилади.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24-25 июнь кунлари Мўғулистонга давлат ташрифи давомида бир қатор жабҳалар, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида кўплаб келишувларга эришилган. Ушбу келишувлар доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг шу йил 17 июлдаги қарорида жамланган бўлиб, мазкур ҳужжатга мувофиқ, хусусан, Мўғулистондан Ўзбекистонга 100 минг бош майда шохли моллар (81 минг бош қўй ва 19 минг бош эчки)ни олиб келиш ва 2029 йилнинг якунига қадар уларнинг бош сонини 1 миллион бошга етказиш режа қилинган.
Қарор билан тасдиқланган «йўл харитаси»да кўрсатилганидек, шу йилнинг август-сентябрь ойларида Мўғулистондан Ўзбекистонга майда шохли молларни олиб келадиган ташаббускорлар аниқланиб, тегишли шартномалар тузилгач, жорий ва келгуси йилларда кўй-эчкиларни карантинда сақлаш ва келтириш чоралари кўрилади. 2026-2029 йилларда эса шартнома тузган хўжаликларга майда шохли моллар бош сонидан келиб чиқиб яйлов ер майдонлари ажратилади.
«Йўл харитасида», шунингдек, Мўғулистондан келтириладиган кўй-эчкилардан олинадиган жунни қайта ишлаш, ушбу мамлакатдан майин жун ва кашемир олиб келиш, мўғулистонлик ҳамкорларга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш, Ўзбекистон тажрибаси асосида Мўғулистонда деҳқончилик ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, шу жумладан, бу мамлакат ҳудудида жами 3 минг гектар майдонда помидор ва тарвуз етиштиришни ташкил этиш каби йўналишлар бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, келгуси йилда вилоятимиз деҳқонлари томонидан Мўғулистонда 300 гектар майдонда тарвуз етиштирилиши назарда тутилган. Бунинг учун жорий йил сентябрь-октябрь ойларида шу иш билан шуғулланадиган маҳаллий тадбиркорлар рўйхати шакллантирилади ва Мўғулистон томони билан ер ажратиш масаласи ҳал этилади, келгуси йилда эса ушбу мамлакатнинг тупроқ-иқлим шароитлари ҳамда помидор ва тарвуз етиштириш имкониятларини ўрганиш учун мутахассис ва тадбиркорларнинг хизмат сафари уюштирилади.
Ўз мухбиримиз

