Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маҳаллалар уюшмаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» шиори остида умуммиллий бирдамлик фестивали ўтказилмоқда.
Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллигини муносиб нишонлаш, миллий руҳият, бирдамлик ва халқчиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, ёшлар ва кенг жамоатчилик ўртасида Ватанга муҳаббат, садоқат, тинчликсеварлик, дўстлик, бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этиш, аҳолида ижтимоий фаоллик, маънавий барқарорлик, профессионал ва шахсий ривожланишга бўлган интилишни кучайтириш каби мақсадлар кўзланган фестиваль Қашқадарё вилоятида ҳам кўтаринки кайфият, юқори савияда ташкил этилди.
Сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова, Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов, хизмат кўрсатган артист Ҳамид Тошпўлатов, таниқли хонандалар, эл суйган актёрлар ҳамда маънавият соҳаси вакиллари Миришкор, Касби, Қарши, Косон туманлари ва Қарши шаҳридаги турли лойиҳаларда иштирок этишди.
Хусусан, «Инсон қадри», «Умуммиллий бирдамлик», «Дилдаги гаплар», «Маслаҳат оши», «Фаровон ҳаётга илк қадам», «Бахтли болалик шарафига», «Китоб марафони» акцияси, «Шижоат» ватанпарварлик лойиҳалари давомида ёшлар, зиёлилар, тадбиркорлар, ижодкорлар, ҳарбийлар, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари вакиллари, кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ва турли миллат вакиллари қамраб олинди.

– Фестиваль доирасида 70 та маҳаллада турли хайрли тадбирлар ўтказилди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, сенатор Комила Карамова. – Айниқса, «Инсон қадри» лойиҳаси давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилгани, «Китоб марафони» доирасида Миришкор тумани ахборот-кутубхона маркази ҳамда ёшларга 400 дан ортиқ бадиий адабиётлар тақдим этилгани эътиборга лойиқ. «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» шиори остида ўтказилган гала-концерт аҳолини бир мақсад йўлида жамлашда аҳамиятли бўлди.
Б.САЙФИЕВ

