16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Қашқадарёнинг биринчи вилоят прокурори

Қашқадарё вилоятидан етишиб чиққан биринчи прокурор Нарзулла Лутфуллаев (1925-2008) ҳақида аввал маълумот берган эдик.

Бугун Қашқадарёнинг биринчи вилоят прокурори лавозимида ишлаган шахс ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Маълумотларга кўра, 1924 йилда Қашқадарёда 5 та ҳудуд: Беҳбудий, Косон, Чироқчи, Ғузор ва Шаҳрисабз туманларида халқ судлари ташкил қилинган. Дастлаб, прокуратура алоҳида орган сифатида бўлмаган, балки вилоят судида унга бўйсунувчи ва давлат айбловини қўлловчи прокурор вазифаси бўлган. Бу вазифани ўша вақтда Клевакин деган шахс бажариб турган.

ХХ асрнинг 20-йилларига хос жиҳатлардан яна бири нафақат маҳаллий аҳоли, балки бошқа миллат вакилларидан ҳам айнан юридик маълумотга эга кадрлар етишмаган. Шунинг учун, деярли ҳар йили вилоят прокурорлари алмашиб турган, ўқиш ва ёзишни биладиган, айниқса, рус тилини оз-моз тушунадиган ва партия аъзоси бўлганлар прокуратурага ишга тайинланаверган. Кадрлар танқислиги сабабли, уларнинг шахсий ва ишчанлик сифатларига деярли эътибор берилмаган.

Қашқадарёнинг биринчи вилоят прокурори Виктор Курмаев бўлган. Бу ҳақда Қашқадарё обкоми ижроия қўмитасининг 1925 йил 21 июлдаги шошилинч мажлиси баённомасида шундай дейилади: «Республика Компартияси Марказий қўмитасидан келган ўртоқ Курмаев вилоят прокурори этиб тасдиқлансин, ўртоқ Клевакин партиясиз бўлганлиги ва кадрлар етишмаслиги учун қолдирилсин. Марказий қўмитадан вилоят прокурорининг ўринбосарлиги учун икки малакали ходим ажратишни Наркомюстдан сўраш лозимлиги қайд қилинсин».

Шунга кўра, 1925 йилда вилоят  прокуратурасининг таркиби саккиз кишидан иборат бўлган: 1) Виктор Курмаев – вилоят прокурори, миллати татар; 2) Ғайбулла Мансуров – прокурор ёрдамчиси, ўзбек; 3) Аввак Арустамов – прокурор ёрдамчиси, арман; 4) Михаил Личецкий – котиб, миллати яҳудий; 5) Амир Камилов – котиб ёрдамчиси, ўзбек; 6) Д.Пустымская – иш юритувчи, миллати рус; 7) Александра Губарина – машинистка, миллати рус; 8) Саид Самадов – хат ташувчи, ўзбек.

1926 йил 4 августда В.Курмаев Тошкентдаги Марказий қўмитага ишга кетганлиги сабабли, унинг ўрнига Абдураим Абдишукуров вилоят прокурори этиб тайинланган.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.