16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

Қашқадарёнинг туризм харитаси янада кенгаяди

Қарор ва ижро

Деҳқонобод тумани Қўрғонтош маҳалласи ҳудудида жойлашган Хўжаипок зиёратгоҳига туташ табиий кўл ҳудудида туризм масканлари ташкил қилинади. Китоб тумани Башир туризм қишлоғи туризм масканига; Қарши шаҳрида жойлашган Амир Темур кўприги соҳилбўйи ҳудуди 24/7 савдо ва кўнгилочар масканга; Ғузор тумани Пачкамар сув омбори ҳамда унга туташ 18 гектар ер майдони туризм ва дам олиш масканига айлантирилади. Косон тумани Обод маҳалласи ҳудудидаги шифобахш иссиқ сув қудуқлари атрофида соғломлаштириш туризм маркази; Шаҳрисабз тумани Ҳисорак-Ғелон-Кўл ички йўли бўйларидаги 37,8 гектар ер майдонида йўлбўйи ва туризм хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.

Президент 2026 йил 30 апрелда қабул қилган «Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ушбу лойиҳалар бўйича мастер режаларни ишлаб чиқиш кўрсатмаси берилган. 

Ҳужжат билан 2026-2027 йилларда Қашқадарё вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича 21 банддан иборат чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланган бўлиб, ушбу даврда ҳудудда жами 26 та туризм соҳасидаги инвестиция  лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. 

Унга кўра, 13 та меҳмонхона, 31 та санитария-гигиена шохобчаси, 5 та туризм қишлоғи ва туризм маҳалласи, 35 та оилавий меҳмон уйи, 7 хостел ташкил қилиш, 950 та иш ўринини  соядан чиқариш, 1660 та янги иш ўрни очиш, 8 та туристик ташкилот фаолиятини йўлга қўйиш мақсадли кўрсаткичлар сифатида белгиланган.

Бунга эришиш учун, жумладан, Шаҳрисабз тумани Улоч маҳалласидаги 500 гектар ҳудудда ташкил этилаётган агротуризм мажмуаси бренди яратилиб, маркетинги йўлга қўйилади. Хусусан, унинг меҳмонхоналар мажмуи, ресторан ва боғ хизматларини уйғунлаштирган контенти ишлаб чиқилади. Бренд хорижий ва маҳаллий туристик форум ҳамда ярмаркаларда тарғиб қилиниб, мажмуада туроператорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун инфо ва пресс-турлар ташкил этилади.

Яна бир мисол, Деҳқонобод туманидаги Хўжаипок зиёратгоҳига туташ табиий кўл бўйи ҳудудида ташкил этиладиган замонавий соғломлаштириш туризми масканлари мастер режаси ҳавза суви ва балчиқ лойининг таркибига аниқлик киритган ҳолда ишлаб чиқилади. Кейин объектлар жойлаштирилиши мўлжалланган ер майдонлари лотларга ажратилиб, электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади. Бешбулоқ-Хўжаипок ички йўлининг 46 километри таъмирланади.

Умуман, Президент қарорида туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш юзасидан ҳудудда 2026-2027 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар батафсил баён этилган бўлиб, уларнинг ижрочилари ва молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатилган. 

Жорий йил 12 майда эса вилоят ҳокими   Қашқадарёда ушбу ҳужжат ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан қарор қабул қилди.

Ўз мухбиримиз