16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Қашқадарёнинг халқ ўқитувчилари

Қашқадарёга оид

Маълумки, «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» – мамлакатимиздаги нуфузли фахрий унвонлардан бири бўлиб,   таълим-тарбия ишларида юксак натижаларга эришган, соҳа ривожи учун алоҳида хизмат кўрсатган ўқитувчилар ва тизим ходимларига берилади.

Шу вақтгача Қашқадарёдан кимлар ушбу унвон билан тақдирланган? Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

Боқи ҲАСАНОВ

(1937-2001)

Боқи Ҳасановнинг болалиги уруш йилларида ўтган. 1944 йилда отасидан «қорахат» келади. Шунга қарамай, яхши ўқишга, ёруғ келажаги учун мустаҳам пойдевор яратишга қаттиқ ҳаракат қилади. 1961 йилдан бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлайди. Бироз ўтиб ишдан ажралмаган ҳолда Қарши педагогика институтининг кимё-биология факультетига сиртдан ўқишга киради. Институтни тамомлаб, тумандаги 54-мактабда кимё, биология фанларидан дарс бера бошлайди. У 2001 йилга қадар ушбу таълим ташкилотида ишлаган.

Тўрахон АСАДУЛЛАЕВ

(1941-2019)

Касби туманида туғилган. 1966 йилда Қарши давлат педагогика институтини ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган. Шундан сўнг бутун фаолияти таълим соҳасида кечди. «Ўқитувчи ижодкорлиги – дарс самарадорлиги» мавзуидаги методик қўлланмаси чоп этилган. Педагогик фаолияти давомида билими, тажрибаси, касбига садоқати, қолаверса, дарсларни ташкил этишдаги ўзига хос услублари билан эътибор қозонган.

Маъмур БОЙМУРОДОВ

(1942-2014)

Косон туманида туғилган. 1968 йилда Қарши давлат педагогика институтининг география факультетини тамомлаган. Тумандаги 62-мактабда география фани ўқитувчиси сифатида иш бошлаган.

Билимли, изланувчан муаллим география дарсларини чуқурлаштирилган дастур асосида ўқитиши, ижодкорлиги, турли кўргазмали воситалардан кенг фойдаланган ҳолда ўқувчиларга мавзуни тез ва осон етказиб бера олиши билан тилга тушган.

Ҳанифа ҲАҚНАЗАРОВА

(1944-2023)

Шаҳрисабз туманида туғилган. Ёшлигидан илмга чанқоқ, ҳаракатчан қиз келгусида олий маълумот олиб, устозлари каби муаллима бўлиш орзуси билан улғаяди. Бу орзу 1964 йилда уни Қарши давлат педагогика институтига бошлаб келади. 1969 йилда Шаҳрисабз туманидаги 32-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб иш бошлайди.

Ҳанифа Ҳақназарова нафақат мактаб жамоаси, балки туман педагоглари орасида ҳам ташаббускорлиги, изланувчанлиги, юксак билим ва тажрибаси, ҳар бир дарсни ижодий ёндашган ҳолда ташкил этиши билан ҳурмат қозонган.

Жўра КАРИМОВ

(1946)

Қарши туманининг Яккаёғоч қишлоғида туғилган. 1968 йилда Қарши давлат педагогика институтининг физика-математика факультетини тамомлаган. Педагогик фаолиятини 1968 йилда бошлаган. 1979 йилдан нафақага чиққунига қадар тумандаги 9-мактабда физика ўқитувчиси бўлиб ишлаган.

Жўра Каримов физика дарсини ўзи ясаган кўргазмали қурол асосида ўтказган. Баҳолар кўрсаткичи, электр ҳаракати кўргазмалари кўргазмали қуроллар танловида совринли ўринни эгаллаган.

Нуъмон МЕЙЛИКОВ

(1947)

Китоб туманида туғилган. 1968 йилда Бухоро давлат педагогика институтининг физика-математика факультетини тамомлаган. 1968 йилдан 1996 йилга қадар Китоб туманидаги турли мактабларда физика фани ўқитувчиси, илмий бўлим мудири, мактаб директори каби вазифаларда самарали меҳнат қилган. 1996 йилдан нафақага чиққунига қадар тумандаги 1-лицей-интернатда илмий бўлим мудири, физика фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган.

Турди МЎМИНОВ

(1948)

Қарши туманининг Хитойкенти маҳалласида туғилган. 1971 йилда Қарши давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.

Фаолиятини Касби тумани халқ таълими бўлими ҳузурида ташкил этилган етакчилар тайёрлаш курсида бошлаган. Саккиз йилдан ортиқ вақт давомида ушбу курсда бўлғуси етакчиларга дарс берган. 1979 йилда Қарши туманидаги 12-умумий ўрта таълим мактабига она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишга ўтиб, нафақага чиққунига қадар ўқувчиларга сабоқ берди.

Бўстон РАҲМОНОВА

(1949-2023)

Қарши туманида туғилган. Ёшлигидан ижодга ҳаваси баланд, ўзи ҳам шеърлар, кичик ҳикоялар машқ қилиб турадиган, ижод намуналари туман, вилоят, республика доирасидаги нашрларда эълон қилинишга ҳам улгурган Бўстон Раҳмонова мактабни тамомлаб, Тошкент давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга киради. 1971 йилда университетни муваффақиятли тамомлаб, Нишон туманидаги мактабда иш бошлайди. Бир муддат боғча мудираси бўлиб ишлайди. 2000 йилдан бошлаб Қарши туманидаги 20-мактабда она тили ва адабиёт фани муаллимаси бўлиб фаолият юритади.

Бобохўжа БОБОЕВ

(1949)

Касби туманида туғилган. 1974 йилда Қарши давлат педагогика институтининг бошланғич таълим факультетини тамомлаган. Педагогик фаолиятини Касби туманидаги 2-мактабда бошлаган.

Бобохўжа Бобоев дарс жараёнларига ижодий ёндашиб, ҳар бир мавзуни ҳаётий воқеалар, қизиқарли мисоллар билан асослаб ўтганини эътироф этишади. Ўқувчиларнинг мавзуларни ўзлаштиришида юқори самарадорликка эришган.

Нарзулло АРАЛОВ

(1950)

Касби туманида туғилган. 1972 йилда Тошкент давлат педагогика институтининг кимё-биология факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1972 йилда бошлаб, ўқувчиларга кимё-биология сирларини ўргатган.

Нарзулло Аралов томонидан кимё-биология фанларини ҳар томонлама самарали усулда ташкил этиш бўйича 500 дан зиёд кўргазмали қуроллар, 50 га яқин альбомлар тайёрланган.

Бўритош ҲАМРОЕВА

(1950)

Қарши шаҳрида таваллуд топган. 1967 йилда шаҳардаги  5-мактабни тамомлаб, Қарши давлат педагогика институтининг табиат-география факультетига ўқишга кирган.

Дастлабки педагоглик фаолиятини шаҳардаги 14-мактабда бошлаган. Сўнг ўзи сабоқ олган 5-мактабда ишини давом эттириб, то 2012 йил – нафақага чиққунига қадар ёшларга кимё ва биология фанларидан сабоқ берган.

Бўритош Ҳамроева 1993 йилда кимё фанидан чуқурлаштирилган синф очишга муваффақ бўлган. Натижада муаллиманинг 28 ўқувчисидан 24 нафари талабалик бахтига мушарраф бўлган. Шундан сўнг ҳар йили ўқувчиларининг ўртача 85-95 фоизи олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинган.

Тошпўлат РАҲИМОВ

(1950)

Шаҳрисабз туманида туғилган. 1973 йилда Самарқанд давлат университетининг физика-математика факультетини тамомлаган.

Педагогик фаолиятини 1973 йилда Шаҳрисабз туманидаги 37-мактабда бошлаган. 1976 йилдан нафақага чиққунига қадар тумандаги 30-мактабда ўқувчиларга сабоқ берган. Унинг мактабда физика ва информатика хонасини замон талабига мос ҳолда жиҳозлаши, дарсларни ташкил этишда ноанъанавий усуллардан кенг фойдаланиши кўп бора эътироф этилган.

Муфтулло САДИРОВ

(1952-2023)

Косон туманида туғилган. Мактабни тамомлагач, Қарши давлат педагогика институтининг бошланғич таълим факультетига ўқишга киради. Муборак туманидаги 12-мактабда иш бошлаган. 1981 йилдан нафақага чиққунига қадар тумандаги 9-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган.

Муфтулло Садиров фаолияти давомида домий изланиши, фаоллиги, дарсларни турли ноанъанавий усулларда ташкил этиши билан эътибор қозонган. Турли замонавий дарс ишланмаларидан кенг фойдаланган.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА

(1952)

Қамаши туманининг Лангар ҳудудига яқин Янги қишлоқ қишлоғида туғилган. 1974 йилда Қарши давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаб, Яккабоғ туманидаги Фурқат номли ўрта мактабда илк педагогик  фаолиятини бошлайди. 1999 йилдан нафақага чиққунига қадар Қамаши туманидаги 3-касб-ҳунар мактабида ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан дарс берган. Турли танловларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан жой эгаллаган.

Дилором РАҲМОНОВА

(1958)

Яккабоғ туманида туғилган. Ёшлигидан илмга чанқоқ, барча фанларни пухта ўзлаштиришга ҳаракат қиладиган Дилором Раҳмонова умумий ўрта таълим мактабини аъло баҳолар билан тамомлаб, 1976 йилда Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетига ўқишга киради.

Ўқитувчилик фаолияти давомида тинимсиз меҳнати, ўқиб-ўрганиши, изланишлари натижасида соҳада кўплаб ютуқларни қўлга киритган. 1993 йилда вилоят миқёсида ўтказилган «Энг намунали фан кабинети» танловида 1-ўринни эгаллаган.

Назокат ВОҲИДОВА

(1961)

Шаҳрисабз туманида туғилган. 1986 йилда Тошкент давлат педагогика институтининг психология-педагогика факультетини тамомлаган Назокат Воҳидова шу йили Шаҳрисабз туманидаги педагогика билим юртида психология фани ўқитувчиси бўлиб иш бошлайди. Назокат Воҳидова 2011 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган. 2017 йилда эса Президент фармони билан унга «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони берилган.

Бахтиёр АБДИЕВ

(1965)

Китоб туманида туғилган.   Бахтиёр Абдиевнинг номи бугун нафақат туман ёки вилоят, балки республика миқёсида ҳам  машҳур. Бунга энг аввало унинг ўзи ва шогирдларининг қўлга киритаётган ютуқлари сабаб. Хусусан, Бахтиёр Абдиев 10-синфлар учун мўлжалланган «Алгебра» дарслигининг ҳаммуаллифларидан саналади. Шогирдлари халқаро олимпиада совриндори бўлишган. Ўнлаб ўқувчилари республика миқёсидаги фан олимпиадалари, турли танловларда юқори натижаларни қўлга киритган.

Бахтиёр Абдиевнинг соҳада қўлга киритилаётган ютуқлари ҳукуматимиз томонидан ҳам муносиб эътироф этилиб, 2013 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган бўлса, 2020 йилда унга «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони берилган.

БЕКЗОД тайёрлади.