Янги 2026 йил кириб келишига саноқли кунлар қолган шу дамларда якунланаётан йилда вилоятимиз ҳаётида рўй берган энг муҳим воқеа ва жараёнларни яна бир бор эсга олиб, уларнинг Қашқадарё ва қашқадарёликлар келажаги учун аҳамияти ҳақида обдан ўйлаб кўрсак арзийди…
Амир Темур жанговар байроғи – Қашқадарёда
2025 йилнинг дастлабки ойида чуқур рамзий маънога эга воқеа содир бўлди – воҳамизга Соҳибқирон Амир Темурнинг жанговар байроғи олиб келинди ва бу қашқадарёликлар қалбларини фахр ва ифтихорга тўлдириб, уларни янги зафарлар сари чорлади.
Маълумки, Амир Темур жанговар байроғи мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан армия тизимида таъсис этилган юксак мукофот бўлиб, унга эришиш учун ўтказилган нуфузли мусобақада бу йил Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округи ғалаба қозонди. Пойтахтда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида Амир Темур жанговар байроғи мазкур округ қўшинлари қўмондонига топширилди. Эртаси куни эса бу юксак мукофот ҳарбийлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари иштирокида Қарши темир йўл шоҳбекатида тантанали равишда кутиб олинди.
Дастлаб вилоятимиз маркази, сўнгра Шаҳрисабз шаҳрида кенг жамоатчиликка тақдим этилган жанговар байроқда Соҳибқирон тузукларидан бири, яъни «Давлат лашкару фуқароларнинг садоқати ва фидойилиги ила қудратлидир» деган сўзлари ёзилган.
Юқори иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам пойдевор яратилди
Жорий йил 7 февраль куни мамлакатимиз Президенти томонидан «Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Иловалари билан умумий ҳажми қарийб 100 бетдан иборат ушбу муҳим ҳужжатда вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш, инфратузилма ва бизнес муҳитини янада яхшилаш, «ўсиш нуқталари»га туртки бериш, «яшил» тамойилли ёндашувларни кенг жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш ҳамда туризмни жадал ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Мутасаддилар қисқача «ПҚ-44-сонли» деб атайдиган бу қарорга мувофиқ вилоятимизда рўёбга чиқарилиши назарда тутилган барча ташаббус ва лойиҳаларни таърифлаб ўтиш мушкулдир, аммо мисол тариқасида 2025-2026 йилларда Қашқадарё вилоятида амалга ошириладиган хорижий инвестициялар иштирокидаги йирик инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига назар ташласак, биргина унга асосан воҳада умумий қиймати 435,5 миллион доллардан иборат 31 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши аён бўлади.
Қарши шаҳрининг 2042 йилгача бош режаси тасдиқланди
2025 йил 24 февралда республика ҳукумати ўз қарори билан Қарши шаҳри бош режасини тасдиқлаб, вилоятимиз марказини комплекс ривожлантириш, унинг меъморий-режалаштириш қиёфаси ва инфратузилмасини янада яхшилаш учун қулай замин яратди.

Маълумотларга кўра, Қарши шаҳрининг янги бош режаси лойиҳаси «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» бош лойиҳа институти томонидан ишлаб чиқилган ва Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишилган. Унда 2042 йилгача бўлган даврда вилоятимиз марказининг Косон, Қарши ва Кўкдала туманлари ҳудудига қараб 7 минг 767 гектарга, яъни қарийб 2 баравар кенгайиши ҳисобга олинган.
Шунингдек, бош режада шаҳар аҳолиси сонининг ҳозирги 300 минг кишидан 2030 йилнинг охирида (биринчи навбатда) 400 минг кишигача, 2042 йил якунида (ҳисоб даврида) 470 минг кишигача кўпайиши, уй-жой фонди эса бугунги 3 миллион 992,27 минг квадрат метрдан биринчи навбатда 7 миллион 200 минг квадрат метр, ҳисоб даврида 10 миллион 810 минг квадрат метргача кенгайиши назарда тутилган. Шунда уй-жой билан таъминланиш даражаси бир кишига ўртача 14,1 квадрат метрдан 2030 йилда 18 квадрат метр, 2042 йилда 23 квадрат метргача ошиши, шаҳарда 2-3 ва 4-5 қаватли уйларнинг ҳиссаси кескин камайиши, 7, 12, 14 ва 16 қаватли уйларнинг ҳиссаси эса, аксинча, ортиши, 9 ва 20 қаватли уйлар бунёд этилиши режа қилинган.
Миллий либос кийиш яна урфга кирмоқда
2025 йил давомида Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари қаторида Қашқадарёда ҳам миллий либослардан кенг фойдаланиш тренди кузатилмоқда.
Мамнуният билан эътироф этиш жоизки, шу йилдан бошлаб вилоятимизда ўзбек халқининг бой миллий-маданий меросини тарғиб қилишга ҳар доимгидан-да кўпроқ эътибор қаратилаяпти. «Миллий либос барчага ярашади» шиори остида фестиваллар, викторина ва челленжлар ўтказилаяпти.

Ҳар ҳафтанинг жумаси «Миллий либослар куни» деб белгиланган ва шу куни кўпгина давлат органлари ва муассасалари ходимлари ишга миллий либослар кийиб келишади. Таълим масканларида миллий либослар тарихи ва миллий ҳунармандчилик бўйича семинарлар ва кўргазмалар уюштирилмоқда. Қашқадарёга келган сайёҳлар учун туристик маршрутларга миллий услубда безатилган жойлар киритилиб, у ерда ўзбек халқи маданиятига оид тадбирлар ташкил этилмоқда.
115 ёшли фахрийнинг бир умрлик орзуси ушалди
2025 йилнинг энг муҳим саналаридан бири – фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабанинг 80 йиллиги нишонланган кунларда Иккинчи жаҳон урушининг энг кекса қатнашчиси 115 ёшли Рўзибой бобо Сатторовнинг асрий орзуси рўёбга чиқарилди.

Тафсилотларни эсга олсак, байрам арафасида вилоят ҳокими Муротжон Азимов Қамаши туманида истиқомат қилаётган фахрийнинг хонадонига бориб, унга Президентнинг Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ҳамда пул мукофоти ва эсдалик совғасини топширди. Самимий суҳбат чоғида Рўзибой бобо ҳарбий самолётда парвоз қилиш бир умрлик орзуси эканлигини айтди.
Давлатимиз раҳбари отахоннинг ушбу орзуси ушалиши учун алоҳида ҳарбий самолёт ажратиб, Рўзибой бобога осмон узра парвоз қилиш имконини яратиб берди. Бу парвоз отахон ҳаётидаги энг ёрқин лаҳзаларга айланиб, юртимизда «Инсон қадри учун, инсон бахти учун» деган олижаноб ғоя барча жабҳалардаги фаолият асоси эканини яна бир бор исботлади.
Давлат раҳбари қашқадарёликлар барча ислоҳотларнинг олдинги сафида бўлишига ишонч билдирди
Шу йил 19-20 июнь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, ислоҳотлар натижадорлиги билан яқиндан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлди.
Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Қарши шаҳрида йилига 500 минг донагача телевизор ва электрон платалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган «Alp texno servis» экспортчи корхонаси, Шаҳрисабз шаҳрида юқори технологик кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилган «Оқ сарой» инновацион клиникаси, Яккабоғ туманидаги замонавий архитектураси ва аҳоли учун яратилган инфратузилманинг қулайлиги билан ажралиб турадиган «Янги Ўзбекистон» массиви, Шаҳрисабз туманидаги тоғли-рекреацион ҳудудда қад ростлаган «Мираки» халқаро туризм маркази, «Ҳисорак» сув омбори яқинида ишга туширилган кичик гидро электр станцияси, 520 гектар майдонда жойлашган замонавий агротуризм мажмуасини бориб кўрди ҳамда Кўкдала тумани маъмурий марказидаги улкан бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга кетаётиб, поездда қашқадарёлик фаоллар билан самимий мулоқотда бўлди. Кўкдала туманида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.
– Кўриб турганингиздек, Қашқадарёда режалаштирган ишларимиз кўп. Амир Темурдек буюк аждодимиздан жасорат, матонат, бағрикенглик каби фазилатларни мерос қилиб олган меҳнатсевар, самимий ва олийжаноб вилоят аҳли билан олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришамиз. Аминманки, қашқадарёликлар барча ислоҳотларимизнинг олдинги сафида бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
«Мираки» дор йўли – ноёб технологиялар ва гўзал манзаралар
Шаҳрисабз туманидаги «Мираки» халқаро туризм марказида шу йил июль ойи охирида вилоятимиздаги биринчи дор йўли ишга туширилгач, Қашқадарёда туризм соҳаси ҳам тўғри, ҳам мажозий маънода юксак поғонага кўтарилди.
Ушбу дор йўли Австриянинг машҳур «Doppelmayr Seibahnen GmbH» компаниясида энг замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилиб, жуда гўзал жой – Ҳисорак сув омбори яқинида бунёд этилгани билан сайёҳлар эътиборини тортади. Унинг узунлиги 2 минг 84 метрга, энг паст (денгиз сатҳидан 997 метр) ва энг юқори (денгиз сатҳидан 1 минг 349 метр) нуқталарининг баландлиги ўртасидаги фарқ 352 метрни ташкил этади. Ҳар бири 8 ўринли 20 та Carvatech кабинаси мавжуд, улар ёрдамида соатига 660 нафар сайёҳга хизмат кўрсатилиши мумкин.
Лойиҳа қиймати 160 миллиард сўмга тенг мажмуанинг пастки бекатида ҳаракатлантирувчи механизм, лифт, совғабоп буюмлар дўкони, кафе, тиббиёт пункти, она ва бола хонаси, автотураргоҳ, электромобилларни қувватлаш станцияси жойлашган. Юқори бекатда эса меҳмонлар учун умумий овқатланиш шохобчаси, болалар ўйин майдончаси, томоша зоналари, селфи учун махсус масканлар ташкил этилган.
Дарвоқе, замонавий туризм объектлари биргина Миракида эмас, балки воҳамиздаги яна бир қатор қишлоқ ва ҳудудларда бунёд этилмоқда. Масалан, Қамаши туманидаги «Майданак баландтоғ» туризм марказида тайёр бизнес шаклида капсула уйлар, автомобиллар турар жойлари, вертолётлар қўниш майдончалари ва ресторанлар қурилмоқда.
Шинжон агротехнологияси – юқори ҳосил гарови
Жорий йилда Қашқадарёда пахтачилик соҳасида Шинжон агротехнологияси кенг қўлланилиб, юқори ҳосил олишга эришилган.

Хитойнинг тегишли ҳудудида узоқ йиллар давомида такомиллаштирилиб, самарасини исботлаган Шинжон агротехнологияси ерни лазерли текислаб, кўсак қурти ва гербицидларга чидамли чигитни плёнка остига 76 сантиметр қатор оралиғида, қўшқатор экиш орқали гектарига 220-240 минг туп кўчат жойлаштириш, уларни томчилатиб суғориш ва механизациялашган ишлов беришни назарда тутади. Бундай ёндашув ресурс тежаш имконини бериб, пировардида анъанавий усулга нисбатан янча юқори даромад олиш учун замин яратади.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган байрам табригида қайд этилганидек, пахтачиликда бу йил 27 минг гектар ерда хорижий навдаги чигит экилганлиги ва Шинжон технологияси қўлланилганлиги натижасида юқори ҳосил олишга эришилган. 2026 йилда мазкур технология 70 минг гектарда жорий қилинади.
«Қашқадарё тажрибаси»ни ўрганиш учун бутун Ўзбекистондан мутасаддилар хизмат сафарига келишмоқда
Жорий йилда «Қашқадарё тажрибаси» сўз бирикмаси бутун республикада энг кўп такрорланадиган иборалардан бирига айланди.
Зеро, Президентнинг «…Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалада ишга тушган янги лойиҳалар «Ислоҳотлар штаби»га тайёр андоза. Республикадаги барча туман ҳокимлари Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалани келиб кўрсин, ўргансин, ўзида ҳам мана шундай янги-янги лойиҳаларни қилсин», деган гапларидан сўнг Қашқадарёга саноат, тиббиёт, туризм, энергетика, бунёдкорлик каби соҳаларда тажриба ўрганиш учун турли вилоятлар ва ҳатто пойтахтдан ҳам юзлаб мутасаддилар хизмат сафарига кела бошлашди. Шу тариқа воҳадошларимиз нафақат Қашқадарё, балки бошқа ҳудудлар тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Дарвоқе, бугун «Қашқадарё тажрибаси» ибораси нафақат юқорида санаб ўтилган соҳалар, балки вилоятимизда тобора ривожланиб бораётган яна кўплаб жабҳаларга боғлиқ ҳолларда ҳам бот-бот такрорланаяпти. Энг муҳими, «Қашқадарё тажрибаси»ни ўрганишга интилаётган мутахассислар сони кундан-кунга кўпайиб бораяпти.
Янги буғ-газ қурилмаларида йилига 8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади
Жорий йил 5 декабрда Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманда 42 та янги энергетика қуввати ва инфратузилма объекти ишга туширилиб, навбатдаги 21 тасининг қурилишига старт берилди. Шу куни вилоятимиздаги Талимаржон иссиқлик электр станциясида қуввати 1065 мегаватт бўлган иккита янги буғ-газ қурилмаси ҳам электр энергияси ишлаб чиқаришни бошлади.

Буғ-газ қурилмалари умумий қиймати 944,87 миллион долларни ташкил қиладиган йирик инвестиция лойиҳаси доирасида бунёд этилган бўлиб, уларни барпо қилишга 2023 йилнинг июль ойида киришилган. Қурилиш ишлари Испаниянинг «Intecsa Ingeniera Industrial S.A.» ва Япониянинг «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми ҳамда Туркиянинг «Çalık Enerji» компанияси билан ҳамкорликда бажарилган, ўрнатилган асбоб-ускуналар Япония, Жанубий Корея, Хитой ва АҚШда ишлаб чиқарилган. Энергоблокларнинг ишга туширилиши натижасида йилига 8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 300 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади.
Темур НИЗОМОВ

