16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Ҳазор буқо ёдгорлиги ҳақида биласизми?

Қашқадарёга оид

Қашқадарё тарихини очилмаган қўриққа ўхшатиш мумкин. Кенгликлару адирликлар, тоғлару саҳролар бағрида неча минг йиллик тарихнинг кўплаб синоатлари яширин. Уларни ўрганиш, тадқиқ этиш орқали ота–боболаримизнинг бунёдкорлик маданияти, жангу жадаллари, баъзан ғолиб, баъзан мағлуб кечмишига гувоҳ бўламиз. Айрим тарихий ёдгорликлар эса археолог олимлар томонидан ўрганилгану, оддий кишилар у ҳақда етарли маълумотларга эга эмас. Бинобарин,  қуйида ҳавола этилаётган лавҳалар бу борада асқатишига ишонамиз.

Қарши шаҳридан 46 километр шимоли-  шарқда, Кўкдаланинг Талоқтепа  қишлоғидан шарқ томонда,  қадимги Насаф-Самарқанд йўли устида, Эски анҳор ариғидан 5 километр шарқда Ҳазор Буқо ёдгорликлар мажмуаси жойлашган. Таниқли археолог олим Абдисабур Раимқуловнинг маълум  қилишича, Ҳазор Буқо умумий майдони 20 гектардан ортиқ, ўрта асрлар даврига оид шаҳар харобаси бўлиб, мўғуллар истилоси даврида вайронага айланган. Чиғатой улуси даврида унинг атрофида мўғул аслзодаларининг квадрат ва тўғри тўртбурчак шаклдаги бир нечта  қалъалари пайдо бўлган.

Ҳазор Буқо ёдгорликлари жойлашган ҳудудда Х-ХIII аср бошларига оид кулолчилик буюмлари, кулолчилик хумдонлари  қолдиқлари, пишиқ ғишт парчалари кўп миқдорда учрайди ва улар орасида ХIII-ХIV асрларга оид сопол буюмлар ҳам мавжуд.

В.В.Бартольднинг маълумотига кўра, Ҳазор Буқо тарихий шахс номи бўлиб, у Чингизхоннинг ўғли Угедей ҳукмронлиги даврида Қарши шаҳрида доруғачи, яъни шаҳар ҳокими лавозимида фаолият кўрсатган.  Ҳазор Буқо Нахшабда яшаган, асли кирмонлик Қутбиддин Кирмонийнинг синглисига уйланган. 

Келиб чиқиши кўчманчи бўлган Ҳазор Буқо шаҳарда эмас, чўлда бунёд этилган  қароргоҳида яшаган ва унинг номи билан аталган ёдгорликлар бизнинг кунларгача сақланиб  қолган.

Қалъа квадрат шаклда  қурилгани ҳақида айтдик. Эътиборлиси, Қарши, Занжир Сарой ва Занжир Думалоқ каби ёдгорликларнинг тарҳи ҳам бир хил. Квадрат шаклга эга, тўртта  қарама- қарши томонида тўртта дарвозаси бўлган ушбу  қалъа-шаҳарлар хуннлар давридан, милоддан аввалги I минг йиллик охирларидан бошлаб Мўғулистон ва Жанубий Сибир ўлкалари ҳудудларида кенг тарқалган усулда қурилган.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Мўғулистон ва Жанубий Сибир ўлкалари ҳудудида квадрат ва тўғри тўртбурчак тарҳга эга шаҳарларнинг пайдо бўлиши, бевосита суғд  мустамлакачилиги билан боғлиқ. Айрим мутахассислар фикрига кўра, суғдийлар Александр Македонский бошлиқ греклар истилоси сабаб ўз юртларини ташлаб бу ҳудудларга кириб борганлар. Мўғулистон ва Жанубий Сибирда илк шаҳарлар хуннлар даврида пайдо бўлган. Н.Я.Бичуриннинг маълумотига кўра, хуннлар милоддан аввалги 81 йилда буғдой сақлаш учун шаҳар барпо этишга киришганлар.

Мўғулистон ҳудудидаги хуннлар даврига оид Харальчи Хэремгийн балғас (200х200 метр), Уйғур ҳоқонлиги давридаги Харухаин балғас (500х500 метр) каби шаҳарларнинг барчаси квадрат шаклда  қурилган, тўрт томонида тўртта дарвозаси бўлган.

Мўғуллар ўзлари ҳукмронлик  қилган даврда бу анъанавий усулда  қурилган  шаҳарлардан ҳам фойдаланганлар. Чингизхон  қароргоҳи ҳисобланган Хара-хорин (хитойчада «Холинь», бизнинг ота-боболаримиз бу шаҳарни ёмон кўришиб уни «Қора қурум» деб аташган) шаҳри ҳам квадрат шаклда  қурилган тўлиб, унинг томонлари 400х400 мерни ташкил этган, тўрт томонида дарвозалари бўлган. Хара-хорин ичида жойлашган юзлаб ҳовлилар квадрат шаклга эга бўлган. Манбаларда айтилишича, Қора қурумда иккита – савдогарлар ва ҳунармандлар квартали    фаолият кўрсатган. Савдо ишлари билан мусулмонлар, ҳунармандчилик билан эса хитойлар шуғулланганлар.

Шаҳарда ўн иккита буддавийлик ва даосийлик ибодатхоналари, иккита масжид ва битта несторианлик черкови бўлган. Чингизхон кўпроқ буддавийликка хайрихоҳ бўлган, унинг  қўли остидаги кераитлар ва найманлар эса христианликнинг несториан мазҳабида бўлганлар. Марко Поло, Плано Карпини ва Вильгельм Рубрук Қорқурумни дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бири сифатида таърифлашган.

Мўғулистон ҳудудидаги ХIII-ХIV асрларга оид Хир-Хира шаҳри ҳам квадрат шаклда  қурилган юзлаб турлича меъморий иншоотлар ва шаҳарликлар ҳовлиларнинг жамланмасидан ташкил топган. Хара-хорин ва Хир-Хира шаҳарларидаги квадрат шаклида  қурилган ҳовлилар намуналарини Қашқадарё воҳасидаги Ҳазор Буқо ёдгорликлари квадрат шаклидаги тарҳларида яққол кўриш мумкин.

Чингизхон бошлиқ мўғулларнинг ғарбга  қилган истилочилик юришлари давомида улар ҳукмронлик  қилган ҳудудларда  қадимдан кенг тарқалган ушбу анъанавий шаҳар ва хусусий уй-жойлар  қурилиши усули у ерларда ҳам ёйилган. Олтин Ўрданинг биринчи пойтахти Сарой (Сарой ал-Махрус) ҳам шундай усулда барпо этилган. Ундан таш қари, мўғул аслзодаларнинг Волга   дарёси бўйида қурилган алоҳида кенг ҳовли-жойлари ҳам мана шундай тарҳга эга бўлган. Бу ҳовлиларнинг аксариятида мўғулларнинг чодирлари тикилган бўлиб, улар кўпроқ мана шу чодирларда яшаганлар.

Қарши, Занжир Сарой, Занжир Думалоқ каби ёдгорликларнинг оригинал хусусиятлари ва ўзига хослиги шундаки, Мўғулистон ва Жанубий Сибирда кенг тарқалган шаҳарсозлик маданияти анъаналари асосида  қурилган квадрат тарҳли шаҳарлар Ўрта Осиё ҳудудида, Қашқадарё воҳасидан бошқа бирон жойда учрамайди. Ёзма манбалар ва археологик тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, мўғуллар ҳукмронлиги даврида, Масъудбек томонидан кўплаб шаҳарларда  қурилиш ишлари олиб борилган бўлса-да, Ўрта Осиёда янгидан бир-иккита шаҳар  қурилган, холос. Мана шундай шаҳарлардан бири Тувахон (ҳукмронлиги 1282-1306 йиллар) томонидан  қурилган Андижон шаҳри бўлиб, у қадимги шаҳар харобалари устида бунёд этилган. Бу шаҳар харобалари сақланмаганлиги сабабли, унинг Тувахон давридаги тарҳи қандай бўлганлиги номаълум.

Бургут асоли Зевс, аждаҳо устидаги ҳукмдор…

Маълумки, милоддан аввалги IV асрда Ўрта Осиё ҳудуди Александр Македонский бошлиқ юнон-македонлар томонидан босиб олинган. Натижада Ерқўрғон ўрнида мавжуд  қадимги шаҳар археологик топилмалари ҳам турли ўзгаришларга юз тутган. Жумладан, сопол буюмларнинг шакли ўзгариб, нафис жомлар, овқат солинадиган идишлар, лаганларда янги услуб таъсири сезила бошлаган. Айни шу даврда воҳада коропластика (лойдан ҳайкаллар ишлаш) санъати вужудга келади. Бу даврдаги ноёб терракота расмлар ва безаклар эллинча усулда ишланган.

Қазилмалар мобайнида юнонларнинг момақалдироқ худоси Зевс тасвири туширилган гемма-инталия ҳам топилган. Бу – текис юзага ўйиб ишланган тасвир бўлиб, унда Зевс бургут  қўнган ҳассани ушлаб тургани акс эттирилган. Мазкур ашё этруск муҳрсозлик санъатининг ноёб намуналаридан саналади.

Умуман, Ерқўрғондан скиф  қиёфасидаги маъбуд ҳайкалчаси, юнонча услубдаги ниқоб, сополдан ишланган Ника (қадимги юнонларда зафар маъбудаси) қиёфаси, кўзгу тутган маъбуда каби топилмалар ҳам қазиб олинганки, уларнинг ҳар бири алоҳида тадқиқотга арзийди.

Қайд этиш жоиз, кўзгу тутган маъбуданинг энг  қадимги намуналари Хоразм, Бақтрияда ҳам учрайди, бироқ асосан Марвда кенг тарқалган. Бу ҳайкалчаларда маъбуда оёқлари остида илон ёки аждаҳолар билан тасвирланади.

Қолаверса, феруза тош билан безалган, орқасига ялтироқ чиғаноқ ўрнатилган типратикан шаклидаги тилла тақинчоқ, Дионисийга оид илоҳ – Силеннинг  қорни шишган, эчки қулоқ шаклидаги миниатюра тасвирлари, ақиқдан йўнилган  қурбақа, очиқ рангли  қоришмадан ясалган илон ҳайкалчаси ҳам эътиборга молик.

Ерқўрғон кулоллар мавзесидан топилган ва III асрга оид деб ҳисобланувчи ноёб буюмлардан бири – булла (ҳукмдор муҳри изи)дир. Муҳрда ҳукмдор аждаҳонинг устида ўтирган ҳолда тасвирланган, унинг қўлида  қадимий ҳукмдорлик рамзи бўлмиш қамчи бор. Ҳукмдор чавандоз олдида бурмали кўйлак кийган маъбуда турибди. Бир  қўли билан чавандозга жом узатмоқда, иккинчи  қўли билан эса аждаҳо бўйнидаги юганини ушлаб турибди. Ҳукмдор елкаси ортида баҳорги тенгкунлик – Наврўз рамзи ҳисобланган ярим ой ва юлдузлар тасвири бор.

Қадимги жамоаларда ҳукмдорнинг ўзи бош коҳин ва илоҳ хизматчиси вазифаларини бажарган. Шаҳар, мамлакат ёки уруғ илоҳи аёл маъбуда бўлган тақдирда, ҳукмдор илоҳанинг афсонавий эри ўрнида саналган ва муқаддас никоҳ орқали илоҳий мавжудотлар  қаторига киритилган.

Бинобарин, ҳукмдор шаҳар ва мамлакат илоҳи ҳисобланган маъбуданинг муқаддас жонзоти – аждаҳо устида ўтиришидан никоҳ орқали илоҳларга яқинлашиш саҳнасини кўриш мумкин. Чавандоз қўлидаги қамчи унинг айни пайтда маъбуда коҳини эканини ҳам кўрсатади.

Маъбуда қўлидан жомни қабул қилиб олиш саҳнаси  қадимги шарқ ва скифлар санъати билан боғлиқ бўлиб,  қасам ичишни англатади. Қадимда суд пайтида, худолар олдида  қасамёд  қилиш чоғида муқаддас ичимликни ичиш кенг тарқалганки,  қасам ичиш билан боғлиқ унсурлар ҳозир ҳам турли шаклларда учрайди.

БЕКЗОД тайёрлади.