16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

ҲАММАМИЗДА ҲАМ ВИЖДОН БОР, ҚАЧОНЛАРДИР БАРИБИР МУҚАРРАР РАВИШДА УЙҒОНАДИ

Бу оламда ҳаммаям ўзига маъқул иш билан шуғулланавермайди: кимдир тирикчилик важидан, бошқа биров ўзгалар гап-сўзидан чўчиб, яна кимлардир гўё тақдирга тан бериб, аллақайларда улоқиб-адашиб юради. Дейлик, чўпонда катта меъмор, новвойда сўз санъаткори, бухгалтерда буюк актёр яширин бўлиши, қўйиб берса, ўзлари шу соҳаларда ўрнини топишларига астойдил ишонишлари мумкин. Афсуски, оқибатни оқлайдиган сабаблар кўп.

Таниқли инглиз ёзувчиси Сомерсет Моэм қаламига мансуб «Ой ва сариқ чақа» романи қаҳрамони Чарлз Стрикленд ҳам биржа соҳасида юриб-юриб, яна денг, қирқ ёшидан кейин ўзини рассомликка бағишлайди.

Мутахассислар асарга машҳур рассом Пол Гоген ҳаёти асос қилиб олинганини таъкидлашади. Номга келсак, ой ҳам, сариқ чақа ҳам бир-бирига ўхшайди: кимдир чақадан, кимдир ойдан ҳузур туяди – ҳаммаси одамнинг кимлигига, маънавий савиясига боғлиқ. 

Сомерсет Моэм номи ўзбек ўқувчиларига яхши таниш. Адибнинг «Ой ва сариқ чақа», «Нотаниш одам Парижда», «Театр» каби романлари тилимизга ўгирилган.

Моэм Лондон тиббиёт мактабида ўқиган, бироқ врачликдан воз кечиб, ўзини ёзувчиликка бағишлаган. Асосан Францияда яшаб, 60 йиллик ижодий фаолияти давомида кўплаб романлар, ҳикоя ва адабий этюдлар ёзган. Биринчи жаҳон уруши даврида Британия разведкаси ходими сифатида бир қанча мамлакатлар, шу жумладан, Россияда ҳам бўлиб, таассуротларини бадиий ифода этган.

Қуйида «Ой ва сариқ чақа» романидан олинган парчалар билан танишасиз.

Cараланган сатрлар

* * *

Бу нарса кўпроқ одамнинг ўзига эмас, балки шарт-шароитга ва у яшайдиган маконга боғлиқ. Вазиятнинг ўзгариши туфайли унинг машҳурлиги кўпинча ўз-ўзидан қумга сингган сувдай йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Бош министр эгаллаган мансабисиз эзма мақтанчоққа, генерал эса армиясиз бор-йўғи маҳаллий аҳамиятга эга бўлган шерга айланади.

* * *

Санъатдаги энг муҳим нарса деб ижодкор шахсиятини тушунаман, агар у оригинал бўлса, барча нуқсонларини кечиришга тайёрман.

* * *

Санъатга ҳунар деб қараш, уни фақат ҳунарманд одамларгина тушунади, дейиш тамомила хатодир. Санъат туйғуларни намойиш этиш шакли, туйғу эса ҳамма тушунадиган тилда ифодаланади. Санъат технологиясини амалий жиҳатдан унчалик тушунмайдиган танқидчилик эса ҳеч қачон салмоқлироқ гап айта олмайди, деган фикрга қўшиламан.

* * *

Инсон табиатида афсоналар тўқишга иштиёқ кучли бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар ўзларига ўхшаган кишиларнинг ҳаёти тўғрисида ҳаммани ҳайрон қолдирадиган ва сирли ҳикоялар тўқишга интилишади. Кейинчалик ўзлари тўқишган афсоналарга ўзлари ҳам ишониб қолишади. Бу ўртамиёна ҳаётга қарши романтиканинг исёнидир.

*  *  *

Баъзан одам ўз давридан нарироқ ўтиб ўзга даврларда ҳам яшайди.

*  *  *

Кўпгина эр-хотинлар тарихи шу тарзда кечади. Бундай ҳаётнинг ўзига хос жозибаси, сеҳри бор. Бундай ҳаёт кўм-кўк майсазорлар оралаб қуюқ дарахтлар тагидан жилдираб оқаётган, лекин денгизга бориб қуйилмайдиган, осойишта ирмоқчани эслатади. Лекин денгиз шу қадар осойишта ва бефарқки, беихтиёр қалбингга тўсатдан қандайдир ғам-андуҳ кириб олади. Эҳтимол, бу нарса ўша вақтлардаёқ маълум бўлиб, шахсиятимдаги ўзига хос ғалатилик нишонасидир. Кўпчиликнинг бундай қисмати ҳамма вақт менга чучмал туюларди. Мен бунинг ижтимоий қимматини, инсонни бахтиёр этишдаги ўрнини эътироф этардим-у, қайноқ қоним эса қандайдир бошқача, исёнкорона ҳаётни қўмсарди шекилли. Бундай табиий қувончлар негадир мени чўчитарди. Менинг юрагим хавф-хатарлироқ ҳаётга интиларди. Ҳаёт йўлимда сув ости қояларию хиёнаткор саёзликлар учраса ҳам майли, лекин у бир текисда, зерикарли ўтмасин, токи кутилмаган, тўсатдан пайдо бўладиган қувончни англаш имкони бўлсин.

* * *

Одамлар фикридан қўрқиш инсон туйғуларига носамимийлик соясини ташлайди.

* * *

Атрофдаги барча одамлар қоралаб турганлигини кўриб туриб ҳам одам бемалол яшашини ҳеч тушунмайман! Эртами-кечми бу нарса барибир сизга азоб беради. Ҳаммамизда ҳам виждон бор, қачонлардир барибир муқаррар равишда уйғонади.

* * *

Аксарият одамлар бошқаларнинг мен тўғримдаги фикрларига эътибор бермайман дейишганда, кўпинча ўзларини алдашади. Одатда, улар ўзлари хоҳ-лагандай иш юритишади ва бу туфайли уларни ҳеч ким тентакликка йўймасликларига умид қилишади. Баъзида эса кўпчиликнинг фикрига қарши иш тутишади, зеро бу ҳолатда ўз яқинларининг истагига мувофиқ иш юритган бўлишади. Агар маълум расм-русумлар дўстларингиз томонидан қабул қилинган бўлса, уларни писанд қилмаслик унчалик тўғри эмас. Бу ҳолатда одам ўз шахсиятига ҳаддан ташқари эътибор берган бўлади. Ўз жасоратига маҳлиё бўлиб хавф-хатар туйғусини унутиб қўяди. Лекин машҳурликка интилиш иштиёқи маданий одамларнинг ҳеч қачон сўнмайдиган энг жўшқин иштиёқидир. Атрофдагиларнинг фикри мен учун сариқ чақа деб ишонтирмоқчи бўлганларга ишонмайман. Бу қуруқ мақтанчоқлик, холос. Моҳият-эътибори билан бундай одамлар шунчаки майда-чуйда таъналарга унчалик эътибор бермаслиги мумкин. Чунки улар бундай гап-сўзларга кўпчилик унча ишо-навермаслигини яхши билишади.

* * *

Менинг наздимда жамият ўз хавфсизлигини муҳофаза қилиш учун ишлаб чиққан қоидалар одамлардаги виждон туфайлигина амалга ошади. Шу боисдан, виждонни қоидаларнинг бажарилиши устидан назорат қиладиган посбон, миршаб деса бўлади. Бошқача айтганда, бизнинг «мен»лигимизни белгилаб турадиган асосий аъзойимиздаги жосус бу.

* * *

Инсон шуҳратга ўч бўлади, баъзида шуҳрат учун ёвуз душманга эшикни очиб беришга ҳам тайёр туради. Душман эса бундай одамни ялтоқилик билан ўз тарафига оғдиради, тўдадан ажраб инсон бўлиб шаклланишига йўл қўймасликка интилади. Чинакам инсон жамият фаровонлиги шахсий фаровонликдан юқори туришини англай бошлайди. Инсонни инсоният, жамият билан боғлаб турган ришталар жуда мустаҳкам ришталардир. Бир куни у дунёда шахсий манфаатлардан ҳам юқори турувчи манфаатлар борлиги тўғрисидаги фикрга келади, кейинчалик шу эътиқодининг қулига айланади, унга сажда қила бошлайди, буни тан олмаган одамларни қоралашга тушади. Зеро, у энди шу жамиятнинг аъзоси бўлгач, бундайларга қарши чорасиз эканлигини англайди.

* * *

Гўзаллик ғаройиб ва ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган, санъаткор аҳли оғир руҳий изтироблар туфайлигина дунёга келтирадиган ноёб ҳодиса. У кашф қилингандан кейин ҳам ҳамманинг тиши унга ўтавермайди. Гўзаллик санъаткор бизга чалиб берадиган куй. Юрагимизда бу куй акс-садо бериши учун билим, ҳиссиёт, фантазия керак одамга.

* * *

Одам шунчалик тез ўзгариб турувчи хилқатки, уни тушуниш бутунлай мумкин эмасдир.

* * *

Севги – бутун вужудни қамраб оладиган туйғу. У одамни ўзлигидан маҳрум этади, ҳатто келажакни олдиндан аниқ кўра оладиган одамлар ҳам бу масалада башорат қила олмайдилар. Севги одамнинг бутун жон-танини қамраб олади, хом хаёлларга тўлдиради. Шундай бўлса-да, яна кўпроқ севаверади, ўзлигидан маҳрум бўлади. У энди шахс бўлмай қолади, мақсадга эришиш йўлидаги нарса қуролга айланади.

* * *

Ҳаёт ғоят шафқатсиз. Ҳеч ким бу дунёда не сабабдан юрибди-ю, қаёққа кетаётганини билмайди. Итоаткорлик ҳаммамизга хос хусусият. Биз хотиржамликнинг ғаниматлигини қадр-ламоғимиз керак. Токи қисмат бизни топмагунча ҳаётда ҳам хотиржам ва тинчгина яшашни ўрганмоғимиз лозим. Оддий одамлардаги севгининг қадрини билмоқ жоиз. Уларнинг омилиги бизнинг билимдонлигимиздан яхшироқ. Бамай-лихотир, яратганнинг берганига шукрона қилиб, итоаткорлик билан яшамоқ керак. Ҳаётнинг бутун фалсафаси шу.

* * *

Одамлар гўзал сўзини шу қадар бепарво талаффуз этадиларки, натижада бу сўз ўз маъносини йўқотади-да, фикр юритилаётган нарса гўзаллиги ва улуғлигидан маҳрум бўлади. Бир сўз билан айтганда одамлар кўйлак, ит, насиҳатни гўзал деб тасвирлашади, ҳақиқий гўзалликка дуч келишганда, уни ифодалашга сўз тополмай қоладилар.

* * *

Ёзувчи ҳукм чиқаришдан кўра кўпроқ ўрганишга даъват этилган.

* * *

Эркакнинг юраги коинотнинг юксак кенгликларига интилади, аёл эса уни ҳисоб-китоб дафтарчасининг ичига яширмоқчи бўлади.

* * *

Биз бошқалар устидан ҳукм-ронлигимизни кўпроқ онгсиз равишда уларнинг бизнинг фикримизга қандай муносабатда бўлишларига қараб белгилаймиз, таъсиримизга тушишни истамайдиганларни ёмон кўра бошлаймиз. Инсон ғурури учун бундан кўра шафқатсизроқ алам йўқ.

* * *

Ўзига ниқоб кийиб юрадиган одам вақт ўтиши билан бу ниқобга ўрганиб қолади ва ҳақиқатан ҳам аввалига қандай кўринмоқчи бўлса, ўшанга ўхшаб қолади. Лекин ўз китоби ва расмларида у ўзини ҳимоя қила олмайди. Унинг даъволари эса ҳавойилигини кўрсатади. Тараша тарашалигича қолади-да. Ҳеч қандай кучанишлар ўртамиёна асарни олий асарга айлантира олмайди. Дидли заршунос эскиздаёқ уни яратган рассомнинг қалбини кўра олади.

* * *

Ҳар бир одам мис минорага қамалган ва ўз қардошлари билан имо-ишоралар орқалигина муомала қилиши мумкин. Лекин бу белгилар ҳамма учун ҳам бир хил эмас ва шу туфайли барча уни тушунавермайди. Биз бошқалар билан ўз қалб хазинамизни зўр бериб баҳам кўрмоқчи бўламиз, лекин улар бундан қандай баҳраманд бўлишни билишмайди. Зеро, биз ҳаётда улар билан биргаликда елиб борамиз. Лекин уларни доимо ҳам тушунавермаймиз, улар ҳам бизни тушунавермайди. Биз бегона юртда бу ердагиларнинг тилини деярли билмасдан яшаётган одамларга ўхшаймиз. Улар бизга жуда кўп ажойиб теран фикрларни айтмоқчи бўлишади-ю, аммо биз тушунишимиз учун энг содда сўзларни гапиришади. Уларнинг миясида бир-биридан қизиқроқ ғоялар ғужғон уради-ю, бироқ ўта содда сўзлар билан чекланишади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Leave feedback about this

  • Quality
  • Price
  • Service

PROS

+
Add Field

CONS

+
Add Field
Choose Image
Choose Video