16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

ҲАР БИР КИШИ, КИМ БЎЛСА ҲАМ, ТАҚДИР ИЗМИГА БЎЙСУНИШИ, ПЕШОНАДА БОРИНИ КЎРИШИ ЛОЗИМ

Одамнинг юрагида дарди кучли, айтадигани аниқ бўлса, гапни чўзиб ўтирмайди, шартта борини айтади-қўяди. Рус ёзувчиси Антон Павлович Чехов шундай адиблардан эди – қисқалик, кам гапда кўп маъно ифода этиш ва шу биланоқ мўлжалга уриш унга хос асосий хусусиятдир. Бу услуб кейинчалик не-не адиблар ижодига таъсир этмаган дейсиз. “Кичик ҳикояларда ҳамма нарсани ҳикоя қилгандан кўра нималарнидир айтмай қолдириш яхшироқ… чунки… чунки… нега шундоқлигини билмайман…”, деган эди Чехов. Адиб асарлари “характерлар хазинаси” сифатида эътироф этилади.

Антон Павлович 24 ёшида сил касалига чалинган, бор-йўғи қирқ тўрт йил умр кўрган ва йигирма йил атрофида ижодий фаолият билан шуғулланган. Ана шу қисқа умри давомида ёзган асарларини 1976 йилда Москвадаги “Наука” нашриёти 30 томда жамлаб, чоп этган.

Лев Толстой “Насримизнинг Пушкини. Пушкин шеърларини ўқиб, ҳар бир қалб ўзида акс садони ҳис этади, Чехов қиссаларини ўқиганда ҳам худди шундай ҳол юз беради”, дея таъриф берган.

Антон Чехов ҳамиша ўқувчиларни икки гуруҳга бўларди. Биринчиси – тўғри келган китобни ўқиб завқланаверадиган оддий ўқувчилар. Иккинчиси – муаллиф билан бирга фикрлайдиган, ишора ва метафораларни тушунадиган, фикр қиладиган, муаллиф билан тасаввурда баҳслашадиган “ҳаммуаллиф ўқувчилар”. Чехов ўзининг асарларини ҳаммуаллиф ўқувчилар мутолаа қилишини истарди.

Ўтган йили “Академнашр” нашриётида Ҳумоюн таржимасида чоп этилган “Кучук етаклаган хоним” тўпламида “Қийшиқ кўзгу”, “Ёзувчи”, “Бебаҳо кўппак”, “Қалтис ҳазил”, “Оғу”, “Жаҳолат”, “Сир”, “Ҳакалак”, “Бир дўкон тарихи”, “Кучук етаклаган хоним” каби йигирмадан зиёд ҳикоялар ҳамда “Қора роҳиб” қиссаси ўрин олган. Бугун жамлаган лавҳаларимиз шу китобдан.

Сараланган сатрлар

***

Бахт, одатда, ўз ботинида оғу сақлайди ёки атрофдан кимдир уни заҳарлайди.

***

Ҳужжат қанчалик чигал бўлса, шунчалик вергули кўп бўлади.

*  *  *

Фан ва дори-дармон йилдан-йилга янгиланиб бораверади, аммо дорихона ҳиди материя сингари абадийдир. Уни бизнинг боболаримиз ҳидлаган, набираларимиз ҳам баҳраманд бўлишади.

*  *  *

Азбаройи худо, ғалати одамлар! Нега энди юзига олим қиёфасини беришади? Афтига қарасанг, чинданам илм фидойисимикан деб ўйлайсан, қилар иши эса бор-йўғи соч ўстирадиган малҳам сотиш-ку. Яқин одамидан ҳам уч баробар юлиб қолсам дейди, лотинча ёзади, немисча гапиради… Ўзидан ўзи ўрта асрларга хос нималарнидир ковлаб топади… Соғ-саломат юрганингда бу қуруқ, турқи совуқларга эътибор бермайсан, касалга чалинганингда аҳвол шу, савобли касб мана шунақа ҳиссиз, силлиқ жасадлар чекига тушиб қолганини кўриб, ваҳима босади.

*  *  *

Шунақа бемаъни хатлар ёзаверса, суд ижрочисига қатнайверса, вақт ўтгани сари одамзоднинг феъл-хўйи ўзгариб кетар экан…

*  *  *

Киши ўз жонига қасд қилишининг сабабини ҳеч қачон икир-чикиригача англаб етиб бўлмайди! Сабаб қаерда? Бугун қўлига тўппонча тутишга мажбур қилган сабаб эртага тухум пўчоғига арзимай қолиши мумкин…

*  *  *

Кишига ўзининг чеккан азоблари босган муҳр излари ўчирилмас, дахлсиздай туюлар экан-да! Кейин-чи? Бу муҳр излари арзон супургида супурсанг ҳам осонгина ўчиб кетади. Ҳеч бало қолмайди, кошки, билсайдинг!

*  *  *

Барибир она табиатни шарафлайман, уни моддалар алмашинувини таъминлагани учун алқайман. Агар ҳар биримизни бошимиздан кечирган тиш оғриғи ёки ўшандаги қўрқувнинг азобли хотиралари абадий унутмасликка буюрса борми – бу оламда аллақачон одамзоднинг куни битган бўларди!

*  *  *

Эҳтимол, меҳмонни қарши олишдан кўра уни кузатганда одамлар анчайин самимий, олижаноб бўлиб қолса керак.

*  *  *

Сув қаёққа, нима сабабли оқади, номаълум…  У ўша май ойидаги сингари бесабаб чопарди; анҳор катта дарёга, дарё денгизга қўшилади, кейин буғланади, ёмғирга айланади ва, балки, Рябовичнинг пойида яна ўша аввалги сувлар чопиб ўтаётгандир… Нега? Нечун?

Рябовичга бутун олам, бутун ҳаёт тушуниксиз, мақсадсиз, ҳазилдай туюлди… Нигоҳини сувдан олиб, осмонга қаради, тақдир уни сирли қиз қиёфасида сийлаганини ўйлади, ёздаги орзулари, тимсолларини эслади ва ўз ҳаёти ғайритабиий равишда зерикарли, ғариб, туссиз туюлди…

***

Бахтиёрлик интиҳо нималигини билмайди!

*  *  *

На Ялта, на Ореанда бўлмаган замонларда ҳам тўлқинлар шундай шовуллаган, ҳозир ҳам безовта, биздан кейин ҳам ўшандай бўғиқ, бепарво шовуллайверади. Ҳаёт-мамотга парвосиз бу барқарор мунтазамлик замирида ҳар биримиз ботинмиз, балки, унда бизга мангу нажот гарови ҳам, ер юзидаги ҳаётнинг узлуксиз ҳаракати ҳам, мангу мукаммаллик ҳам мужассамдир. Тонг чоғида эртакдаги сингари жозибали сокин денгиз, тоғлар, булутлар, поёнсиз осмон бағрида хотиржам ва сирли соҳибжамол ёнида ўтирган Гуров, аслида, ўйлаб кўрилса, инсон қадри, турмушнинг муқаддас бурч-у масъулиятини батамом унутиб ўйлаганларимиз ва қилган ишларимиздан ташқари барчаси бу оламда гўзал экани ҳақидаги хаёлларга берилди.

*  *  *

Биринчи қор ёғганда, биринчи чана учган кунларда ер юзи-ю томлар оппоқ, чиройли кўринади, баҳри дилинг очилади, шу лаҳзаларда ёшлигинг ёдингга тушади. Сарв-у палмадан кўра қиров қоплаган кўҳна оқ қайин ва жўкалар дилга яқинроқ туюлади, уларни кўриб, тоғ-у денгизларни хаёлингга келтирмайсан, хоҳламайсан ҳам.

*  *  *

Қанчалар ёввойи ахлоқ, қанақа одамлар ўзи булар? Тунлар нақадар телба-тескари кечади, кунлар ўта зерикарли, нурсиз! Жазавали карта ўйини, ебтўймаслик, ичкиликбозлик, алмисоқдан қолган гапларни айтиб чайналиш… Бенаф оворагарчилик, маънисиз суҳбатлар бебаҳо умрнинг гўзал даврини, бутун куч-қувватини сўриб оляпти, охир-оқибат ундан қолари шу – ўлда-жўлда, тутқунликдаги ҳаёт, қуруқ сафсаталар; бошини олиб бир тарафларга кетолмайди ёки қочиб қутулолмайди, амримаҳол, худди жиннихонада ёки аристонлар ротасида юрганга ўхшайди!

*  *  *

Ҳар бир кишининг ниқоби ортида худди тун пардаси қоплагандай асрори бор, уларнинг ҳам ҳақиқий, қизиқарли ҳаёти йўқ эмас деган фикрда эди. Ҳар бир шахс яралибдики, кимнингдир сирига айланган, эҳтимол, шунинг учун ҳам маданиятли кишиларнинг айримлари ўз сирига нисбатан ҳурмат сақлашга қайғуради.

*  *  *

Модомики, муҳаббатда шахсий бахт муҳим экан – қолган барчаси мавҳум, истагандай талқин қилишинг мумкин. Ҳозиргача севги ҳақида фақат биргина муҳокамага муҳтож бўлмаган ҳақиқат айтилган, айнан “бу буюк тилсимдир”, қолган барчаси, севги ҳақида нимаики сўзланган, ёзилган бўлса, хулосасиз, ҳануз тўлақонли ҳал этилмаган масаланинг ўртага ташланиши, холос. Бир ҳодиса учун мақбулдай туюлган асосни қолган ўнлаб ҳолатлар инкор этади, энг яхшиси, менимча – умумий хулоса чиқаришга шошилмай, ҳар бир ҳодисани айрим-айрим ҳолича шарҳлаган маъқул. Шифокорлар айтгандай, ҳар бир масалага алоҳида, махсус ёндашув жоиз.

*  *  *

Одатда, севгини шоирона тасвирлайдилар, гулларга буркайдилар, булбулларни сайратадилар, биз – руслар эса муҳаббатимизни шундай оғир саволлар билан безаймизки, устига-устак, улар орасидан энг зерикарлисини танлаб оламиз.

*  *  *

Ёлғиз яшайдиган одамлар юрагининг туб-тубида қандайдир ҳасрат бўлади, исталган пайти дардини достон қилгиси келади.

*  *  *

Ҳамма ерда маслаги бор кишилар ўзининг асабийлиги, таъсирчанлиги билан ажралиб туради.

*  *  *

Китобда ёзилган фикрлар уни қониқтирмас, кўнгли қандайдир улкан, ақл бовар этмас, ҳайратларга чулғагувчи бошқа ниманидир хоҳларди.

*  *  *

Онгли ва озод кишиларсиз инсоният нотавон бўлиб қолур эди; у табиий тамаддунга асосланса, ўзининг ер юзидаги тарихининг интиҳосини жуда узоқ кутишга мажбур бўларди.

*  *  *

Бахтиёрлик одамнинг табиий ҳолати бўлиши керак эмасми? Одамзод ақлий-ахлоқий жиҳатдан юксалган сари янада эркинроқ яшаб, ҳаёти ҳузур-ҳаловатга тўлиб бораверади.

*  *  *

Ҳаёт инсонга бериши мумкин бўлган арзимас неъмат эвазига қанчалар катта товон талаб қилишини ўйлаб кетди. Масалан, қирқ ёшни қоралай деганда мустақил кафедра очиш, оддий профессор бўлиши учун ланж, зерикарли, оғир, содда тилда, устига-устак, ўзгалар фикрини баён қилиш – бир сўз билан айтганда, ўртамиёна олим даражасига етиш учун у – Коврин ўн беш йил тинимсиз ўқиб-ўрганди, тун-у кун ишлади, оғир руҳий хасталикка чалинди, толесиз оила қуришига тўғри келди ва ўзи эслашни истамайдиган қанча ноҳақлик, телбаликларни енгиб ўтди. Охир-оқибатда англаб етдики, у ўртамиёна кишилардан бири экан, холос ва бунга бажонидил рози бўлди, шукрона келтирди, унинг фикрича, ҳар бир киши, ким бўлса ҳам, тақдир измига бўйсуниши, пешонада борини кўриши лозим экан.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.