16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

ҲАЁТДАН ЮКСАК ҚОНУН ЙЎҚ

Сараланган сатрлар

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, хизмат кўрсатган санъат арбоби Ўлмас Умарбеков асарлари ўзбек адабиётида муносиб ўрнига эга. “Одам бўлиш қийин”, “Фотима ва Зуҳра”, “Севгим-севгилим”, “Кимнинг ташвиши йўқ”, “Уруш фарзанди”, “Кузнинг биринчи куни”, “Ёз ёмғири”, “Қизимга мактублар” асарларини кўпчилик севиб мутолаа қилади. Айниқса, Шукур Бурҳон бош ролни ижро этган “Қиёмат қарз” спектакли халқимиз орасида анча машҳур. Ёзувчи “Йигит ва қиз”, “Асосий кун”, “Икки солдат қиссаси”, “Чангалзордаги ов”, “Севги афсонаси” киносценарийлари муаллифи ҳамдир.

Ўлмас Умарбеков “Ўзбекфильм” киностудияси директори, Маданият вазири, Ёзувчилар уюшмаси раиси, Бош вазир ўринбосари лавозимларида ҳам самарали фаолият олиб борган.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол бўлган адиб асарлари жанрининг ранг-баранглиги, қаҳрамонлар руҳий олами теранлиги билан ажралиб туради.

Қуйида адибнинг “Одам бўлиш қийин”, “Уруш фарзанди” ҳамда “Дамир Усмоновнинг икки баҳори” асарларидан эътиборга молик лавҳаларни сараладик.

*  *  *

Ёғоч шундай ингичка эдики, кимдир озгина қимирласа, иккалови ҳам ағдарилиб ҳалок бўларди. Шаҳзода отасига деди:

– Ота, бу ёғоч устида иккаламиз жон сақлолмаймиз. Сен менинг туғилишимни истаган эдинг. Энди қўйиб бер, мен яшашим керак.

Шундай деб шаҳзода отасини сувга итариб юборди. Шоҳ ғарқ бўлди. Шаҳзода ўзга бир мамлакатга сузиб келиб, ўзини фиръавн эълон қилди. Унинг зульмидан, унинг қаҳридан ярим халқ қочиб қутулди, ярим халқ ўлди. Мамлакатда фиръавннинг ўзидан бошқа ҳеч ким қолмади. У узоқ яшади, аммо на тушида, на ўнгида ҳаёт лаззатини сурди. Бутун умри ёлғизликда, азоб-уқубатда ўтди. Айтишларича, бундай одамлар юз йилда бир туғилар эмиш…

*  *  *

Мингбулоқнинг марказидаёқ толзор такя водийнинг машҳур қизиқчилари, шоир ва полвонларини тўплаган, қулочга сиғмайдиган толлар тагидаги супаларда ошхўрлар кунни кеч қилишган, шуҳрати бутун республикага тарқалган ашулачи, чолғувчиларнинг ашула, машқларини эшитишган. Олис йўлга отланган сайёҳлар ҳам Мингбулоқда тўхтаб, девзирадан бир сиқим ош қилиб еб кетишмаса, кўнгиллари жойига тушмасди. Машҳур Юсуфжон қизиқнинг ўз шогирди Охунжон қизиққа ютқазган жойи ҳам шу Мингбулоқ бўлган. Тумонат одам ўшанда тараф тараф бўлиб аскияни тўполонга айлантирган экан.

*  *  *

Мактаб томондан эшитилаётган мусиқа, кулги садоларини ҳисобга олмаганда, ўша куни Мингбулоқ осуда тун қўйнида ором оларди. Осмон тўла юлдуз. Янги етилган кунгабоқардек сарғайиб турган ойнинг нимранг шуълаларидан олмазор ҳисобсиз кумуш исирға таққан эди.

*  *  *

Ҳар бир оиланинг ўзига хос ҳаёти, тарихи бўлади.

*  *  *

Шундай тоифа одамлар бўладики, улар меҳнат билан бўлиб ўзини ўйламайди.

*  *  *

Ҳунарсиз одамнинг ҳассасиз кўрдан фарқи йўқ.

*  *  *

Одамга энг зарур нарса – соғлиқ.

*  *  *

Сершовқин шаҳар ҳаёти дарҳол уни қучоғига олди. Яшаш қандай яхши, тағин шундай катта, гўзал шаҳарда! Шу дақиқада ҳамма нарса – шу муҳташам вокзал биноси ҳам, бир-бирини қувиб ўтаётган турнақатор машиналар ҳам, кенг вокзал майдони ўртасидаги баҳайбат кўсакнусха фаввора ҳам, ҳамма-ҳаммаси уни қувонтирар, унинг борлиғидан ва бахтиёрлигидан дарак бериб турарди.

*  *  *

Маслаҳат сўрашнинг ўзи уят. Ундан роса кулишлари мумкин. Кулишса ҳам майли, уни ҳақорат қилишлари мумкин. Ахир бировнинг мол-мулки, амалига қараб муҳаббат қўйиб бўладими? Бу шармандалик-ку! У нима деган одам бўлади? Обрўси қоладими ўшанда?

*  *  *

Мана биз юряпмиз. Ҳар бир қадамимиз қандайдир бир физик ҳодиса. Каптар учди, олма шохидан узилиб тушди. Булар ҳам физик ҳодиса. Хуллас, ҳамма ҳодиса ва улар асосида пайдо бўлган назарияларнинг тафаккурга алоқаси бор.

*  *  *

Фалсафани ўрганмасдан, илмий ҳақиқатларга етиб бўлмайди… Агар ҳамма нарса ўсиш, ривожланишга эга эканлигини Эйнштейн билмаганда, унинг нисбат назарияси ҳам пайдо бўлмасди.

*  *  *

Қизиқ, нега зонтлар ҳар хил товуш чиқаради? Ёмғир ҳаммасига бир хил уриляпти-ку! Бировники худди энтиккан юрак уришидек дукиллайди, бировники эса қизитилмаган чирмандадек такиллайди… Ҳаммаси ҳар хил. Бу қандай қонунга кирар экан? Бунинг қонуни бормикин ўзи?

*  *  *

Ҳамма қонунларнинг асоси бор – ҳаёт. Ҳаётдан юксак қонун йўқ. Ким шундай деган эди? Ломоносов бўлса керак?..

Ҳа, ҳаётдан юксак қонун йўқ. Ҳаёт эса мураккаб, унда ҳеч нарса бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто одам ҳам. Ҳар бир одамнинг ўз ҳаёти бор. Биров хурсанд, биров хафа. Биров бор истакларига эришган, биров энди эришяпти. Биров эса… биров эса ҳеч нарсага етишолмай ўтиб кетяпти.

*  *  *

Истеъдодсиз ижодкор бўлиш қийин. Буни ҳамма билади. Аммо меҳнат, билим, ғайрат каби қатор компонентлар борки, буларсиз ижодни тасаввур қилиб бўлмайди.

*  *  *

Ёш бола йиғлайди, катта бола тиғлайди, деб бекорга айтишмаган экан. Йиғласа, юпатасан, мана бундай юрагингни тиғлаб турса, нима қиласан?

*  *  *

Ҳали ҳар битта одам ғоз туриб, дилидагини айтадиган давр келмаган, ҳали емоқ-ичмоқ тақчиллиги туфайли, борнинг сўзи сўз эди. Борлар эса нима учун орттирганини, орттирмоқчи бўлганини биров билан бўлишиши керак? Оқсоқол бу тоифа халқ билан ҳам чиқишиб яшаш кераклигини билади. Бир кун келади, эл дарди, юрт дарди ҳамма манфаатлардан олдинга ўтади, ҳамма бир-бирига ҳурмат билан қарайдиган бўлади.

*  *  *

Киши ҳаётида шундай воқеалар бўладики, умрбод хотиридан кўтарилмайди. Уларни эслаганингда дам севинасан, дам қайғурасан.

*  *  *

Болгария ажойиб мамлакат. Бир борган киши унинг мафтуни бўлиб қолади. Кўкўпар тоғлар, қишин-ёзин зумрад ўрмонлар, гоҳ бирлашиб, гоҳ ажралиб оқадиган кумуш дарёлар бу ўлканинг ҳусни, ғурури. Унинг қишлоқлари, йўлларини айтмайсизми? Икки ёқаси олма-гилос ёхуд олхўри, бу йўллардан ўтганда, ўзингизни чексиз мевазор ичида бораётгандек сезасиз. Ҳеч кутилмаганда қишлоқ устидан чиқиб қоласиз. Қишлоқлар бир-бирига ўхшамайди, ҳаммасининг ўзига хос архитектураси бор. Бир қишлоқ икки қаватли жимжимадор уйлардан иборат бўлса, иккинчиси унинг тескариси – уйларнинг ярми йўлнинг пастида, кенг айвонли, ясси, айланма зиналардан тушилади. Баъзи уйларнинг томига гараж қурилган. Ҳаммасига одамнинг ҳаваси келади, ҳаммаси бежирим, чиройли. Шаҳарлари ҳам худди шундай. Бутун Болгарияни айланиб, бир-бирига ўхшаган иккита бинони топиш қийин.

*  *  *

Болгарларнинг меҳнатсеварлигига қойил қолдим. Оддий материаллардан ҳам шундай ажойиб сайилгоҳ, меҳмонхона, ресторанлар қуриб ташлашганки, кўриб тўймайсиз. “Лўлилар чодири”да биронта стол ёки стул йўқ. Стол ўрнида арава, стуллар эса эгарлардан иборат. Табиий бўлиши учун бир-иккита аравага от, эшак боғлаб қўйилибди. “Кулиби” деган ресторан эса фақат қамишдан, ўзимизнинг оддий қамишдан бўлиб, тўрт кишилик, олти кишилик, икки кишилик чайлалардан ташкил топган. Чайлалар шундай чиройли тўқилганки, одамлар ҳашаматли ресторанларга боришдан кўра, шу ерни афзал кўришади. Икки-уч кун аввал жойни банд қилиб қўйишади.

*  *  *

Тун қанчалик қоронғи бўлса, кунни шунчалик равшан ҳис қилгинг келади.

*  *  *

Халқимизда яхши мақол бор: ит ҳурар, карвон ўтар. Ўзингизга пухта бўлинг. Тоймасликка ҳаракат қилинг. Тойдингизми, тамом, устингизга чиқиб олишади.

*  *  *

Ҳозир давр бошқача. Одамлар маълумотли. Техника юксак. Бақириш билан, уриш-сўкиш билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Планни бажариш бурч эканлигини ҳамма билади ҳозир. Фақат қандай бажариш керак? Ана шуни ўргатиш керак. Талаб қилиш осон, амалга ошириш қийин. 

*  *  *

Одамларни ўйлаш, уларнинг ғамини ейиш, бугунини кечагисидан, эртасини бугунидан тўқ, фаровон қилишдан шарафли иш борми?

*  *  *

Одамнинг ҳар бир ишига гувоҳ талаб қилинадиган бўлса, унда ҳаётда силжиш бўлармиди?! Умуман, кимга ишониб бўларди?.. Тўғри, асирлик жиддий масала. Хоинлар, номардлар ҳам урушдан сўнг гувоҳ йўқлигидан фойдаланиб, ўзларини қаҳрамон қилиб кўрсатишган. Юзта номарднинг ичидан битта мардни топиш қийин. Лекин бегуноҳ одам умр бўйи жабр тортиб ўтиши мумкин эмас-ку?

*  *  *

Санъатдаги ҳамма одамлар ҳақиқий санъаткор бўлавермайди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.