Ҳоким қарори
Қашқадарёдаги туман (шаҳар)лар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари вилоятдаги 776 та маҳаллага номма-ном бириктирилди.
Хабарингиз бор, ўтган йил 14 октябрь куни Президент раҳбарлигида маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда кейинги йилларда маҳалла институтини ислоҳ қилиш ва уни халқ ҳаётига яқин, самарали тизимга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани таъкидланиб, ислоҳотларимизнинг остонаси бўлган ҳар бир маҳаллага Янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш бўйича галдаги вазифалар муҳокама этилди.
Вилоят ҳокими 2026 йил 30 январда ана шу йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини маҳалла тизими билан узвий боғлаш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, очиқлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида қарор қабул қилди.
Унга асосан туман (шаҳар)лар ҳокимлари ҳамда уларнинг барча ўринбосарлари рўйхат бўйича вилоятдаги тегишли маҳаллаларга номма-ном бириктирилди.
Мисол учун, Шаҳрисабз ҳокими Самад Ҳасанов тумандаги Абзият, Авазмалик, Амир Темур, Аччиғи, Биғми, Боғишамол, Ғелон, Духчи маҳаллаларига, Деҳқонобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Улуғбек Усмонов Гумбулоқ, Ғўроти, Дархон, Деҳқонобод, Дуоб, Дўстлик, Завқий маҳаллаларига, Касби тумани ҳокимининг ўринбосари Гулзода Худойназарова эса Пахтакор, Соҳибкор, Талишбе, Таллиюлғун маҳаллаларига бириктирилган.
Қарорда аниқ кўрсатиб ўтилганидек, бириктирилган масъуллар маҳаллаларда халқ депутатлари туман (шаҳар)лар Кенгашлари томонидан тасдиқланган ойлик режа асосида иш олиб бориб, унинг ижроси натижалари бўйича маҳалла аҳолисига мурожаат қилади, очиқ муҳокамалар ўтказади ва ҳисобот беради;
ҳар ойда камида бир маротаба аҳоли билан бевосита учрашувлар ўтказиб, уларда фуқаролар мурожаатларини қабул қилади ва аниқ ижро муддатлари билан тегишли масъулларга тегишли топшириқлар беради;
маҳаллаларда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар юзасидан ҳар ойда оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига ҳисобот бериб боради.
Бундан ташқари, ҳужжатда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Қодиров, вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Рустам Жўрақобиловга туман (шаҳар)лар ҳокимлари билан биргаликда 2025 йил якунлари бўйича энг яхши фаолият кўрсатган 10 та маҳалланинг «маҳалла еттилиги» вакилларини алоҳида тартибда аниқлаш;
уларнинг барчасини мукофотлаб, қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча устамалар белгилаш чораларини кўриш топшириғи берилган.

