Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 апрелдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан
Ўзбекистон Республикасининг Киберхавфсизлик стратегиясини белгилаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида:
давлат органлари ва ташкилотлари (ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундан мустасно) томонидан бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳамда бюджет параметрлари доирасида зарур маблағларни киберхавфсизликни таъминлаш масалаларига йўналтирилади.
* * *
Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида:
ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи («SOS» чақирув) «my.ihma.uz» мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.
* * *
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида бюджет ресурслари ҳисобидан ипотека кредитлари расмий даромад оладиган фуқаролар, шунингдек, жорий йилда охирги бир йиллик, 2027 йилда охирги икки йиллик ва 2028 йилдан бошлаб охирги уч йиллик давр ичида ихтиёрий равишда ижтимоий солиқни тўлиқ тўлаган ўзини ўзи банд қилган шахсларга ажратилади.
* * *
Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман (шаҳар)лардаги (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлик субъектлари учун мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг (кўп тармоқли ихтисослаштирилган ва қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар бундан мустасно) бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этишга рухсат берилади. Бунда қуйидаги қўшимча имтиёз ва шартлар амал қилади:
ижара тўловлари 30 йил муддат давомида ундирилмайди ва ушбу муддат тугагандан сўнг мазкур мактабгача таълим ташкилоти давлат балансига топширилади;
ҳар бир бола учун 9 соатлик иш режимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг бир нафар тарбияланувчисига сарфланадиган харажатнинг 50 фоизи миқдорида электрон давомат асосида давлат-хусусий шериклик битими амал қилиш муддати давомида субсидия берилади.
Ушбу туман (шаҳар)лардаги мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг бўш ер майдонларидан бошқа жойларда қуввати 150 ўриндан кам бўлмаган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этадиган тадбиркорлик субъектларига 7 йилгача муддатга йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 5 миллиард сўмгача кредит маблағлари мактабгача таълим ташкилотини 18 ойгача бўлган муддат ичида қуриш шарти билан берилади.
* * *
Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида:
бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида чет эллик етказиб берувчилар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этганда уларга нисбатан таклиф этилган энг паст импорт товарларининг нархидан – учта ва ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда ўн беш фоиз; иккита маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда ўн икки фоиз; битта маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда саккиз фоиз миқдорида нарх преференцияси берилади.
* * *
Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар; электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар (бундан банк кассалари орқали амалга ошириладиган тўловлар мустасно); алкоголь ва тамаки маҳсулотлари; транспорт воситаларига ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспорт воситаларини зарядлаш бўйича хизматлар; қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар (бундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мустасно); кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
* * *
Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида:
юридик шахсларга нисбатан дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш; дарахтлар ва буталарни ғайриқонуний равишда кесиш, йўқ қилиш ва уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаслик; ифлослантирувчи моддаларни атмосфера ҳавосига чиқариб ташлаш ёки атмосфера ҳавосидан белгиланган талабларни бузган ҳолда фойдаланиш; қурилиш майдонларида, ёқилғи, моддалар, материал ва чиқиндиларни ёқишда, чиқиндилар билан муомалада бўлишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик ҳолатлари учун молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилади.
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ
Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан пилла етиштирувчиларга (ипак қурти боқувчи ва касаначиларга) «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида пиллачилик кластери ҳақиқатда пилла учун тўлаб берган маблағларнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратилади;
Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги балансидаги ер майдонларида ташкил этиладиган тутзорларда пилла кооперативи тузиш мақсадлари учун ушбу кооператив аъзоси ҳисобланадиган камбағал оилаларга (битта оиланинг бир нафар аъзосига фақат бир марта) 4 миллион сўмдан субсидия ажратилади;
ипак қуртини парваришлашда зарур бўладиган асбоб-ускуна ва жиҳозларни харид қилиш учун касаначиларга 3 йил муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади;
уруғчилик корхоналарига ипак қурти уруғларини тайёрлаш фаолиятига жалб этиладиган ҳар бир мавсумий ишчи ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан ошмаган қисми компенсация қилиб берилади.
* * *
Чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
республиканинг барча халқаро аэропортларида чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизими йўлга қўйилади;
чет эл фуқароларига уларнинг ихтиёрига асосан қўшилган қиймат солиғини нақд пулда қайтариб олиш имконияти яратилади;
қўшилган қиймат солиғини чет эл фуқароларининг банк картасига қайтариш товарлар олиб чиқиб кетилган кундан кейин 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади;
чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтаришда минимал харид қиймати қўшилган қиймат солиғини инобатга олган ҳолда уч юз минг сўм этиб белгиланади;
«tax free» тизими татбиқ этиладиган товарларнинг чегараланган рўйхати (бундан озиқ-овқат маҳсулотлари мустасно) бекор қилинади.
* * *
Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
«Рақамли стартаплар» дастурида иштирок этувчи стартап лойиҳаларга IT-парк резиденти мақоми берилади ҳамда уларга қонунчиликда белгиланган экспортнинг минимал кўрсаткичлари талабисиз тегишли имтиёз ва преференциялардан фойдаланишга рухсат берилади.
Стартап экотизимининг ягона электрон платформасида рўйхатдан ўтган стартап экотизими иштирокчиларига масъул ташкилотлар томонидан тегишли соҳаларга оид стартап лойиҳалар бўйича қуйидаги харажатлар қоплаб берилади: тегишли йўналишлардаги ўқув курсларида ўқиш ва сертификат олиш ҳамда нуфузли акселерация ва инкубация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган, бироқ 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда;
патентлаш ҳамда интеллектуал фаолият натижалари ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан ёшлар стартап лойиҳалари бўйича: стартап студиялар, инкубация ва акселерация марказларини ташкил этиш учун йилига 20 тагача лойиҳага 1 йил имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз қарз (ссуда);
маҳаллий инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ бадал тўловлари учун ойма-ой ажратиладиган ва умумий миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ошмаган грант ажратилади.
* * *
Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
сув тежовчи технологиялар жорий қилинган ва давлат бюджетидан субсидия ажратилган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар ёки уларнинг асосий қисмларини ишлатмасдан, анъанавий усулда суғориш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланади ва фойдаланилган ҳар минг куб метр сув учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий санкцияларни қўллашга асос бўлади.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида:
халқаро конференциялар ва тадбирларни (MICE туризм) ташкил қилиб, унга камида 100 нафар чет эллик туристни жалб қилган тадбиркорлик субъектларига ушбу тадбирларни ташкил қилишда улар томонидан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларининг 50 фоизини қайтариш тартиби жорий этилади.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари) ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш бўйича ташаббус киритиш имкони яратилади.
* * *
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида:
давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади. Бунда тиббиёт муассасалари иш фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилади.
* * *
Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
кўчмас мулк ва ундаги улушлар билан боғлиқ барча битимлар нотариус томонидан «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборилиб, кўчмас мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилганда унинг янги мулкдори ҳақидаги маълумотлар коммунал хизматлар ташкилотларининг электрон ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади ва маълумотлар базаларида янгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан
Чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
ўзбек тилини билиш даражаси тўғрисида камида В1 даражадаги малака сертификатига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонидан озод этилади.
* * *
Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган тегишли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисобланади;
жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда (ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси) фойдаланувчи бошқа ҳайдовчиларга тақсимлаш тартиби жорий этилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

