16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

1 апрелдан амалда

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 апрелдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан:

эксклюзив ҳуқуқ хўжалик юритувчи субъектларга Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятини, давлат ва жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш; табиий офатлар, ҳалокатлар ва эпидемияларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадлари учун берилади.

«Ўзбекэкспертиза» АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкка сертификат бериш;

«ЎзИнжиниринг» лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

«Миллий PR-маркази» ДУКнинг Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини тарғиб қилишга йўналтирилган хорижий компанияларнинг продюсерлик ва реклама хизматларини, хорижий телерадиокомпаниялар ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг рекламалари, репортажлари ва бошқа роликларини тайёрлаш ва трансляция қилиш;

«Sag agro МТП» МЧЖнинг ёнғоқ ишлаб чиқарувчиларга агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича механизация хизматларини кўрсатиш;

«Ўзбекистон стандартлар институти» давлат муассасасининг миллий стандартларни шартнома асосида бошқа тилларга таржима қилиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади.

*  *  *

«Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга, уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар эса ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилади.

Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар учун «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги янги инструментлари жорий этилади:

камида 3 нафар хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларининг бандлиги ҳамда ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун тегишинча «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваригача грантлар ажратиш;

«Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисобидан – ногиронлиги бўлган ёшларга параспорт тўгаракларига қатнашиши учун йўл ҳақи харажатларини ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваригача миқдорда қоплаб бериш;

6 ой давомида мунтазам равишда спорт ва санъат тўгаракларига қатнашаётган ёшлар учун қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмайдиган махсус спорт форма, инвентарь, мусиқа ва чолғу асбобларини харид қилиш;

ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқа техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган оилаларга уй-жойларини тиклаш ва таъмирлаш харажатларини қоплаш учун «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача бўлган миқдорда ёрдам кўрсатиш.

*  *  *

Чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун «яшил тариф»лар жорий этилади. Бунда: тадбиркорлик субъектлари томонидан чиқинди ва биогаз утилизацияси орқали ишлаб чиқариладиган ҳамда ташкилотларнинг ўз ҳудудларида ўрнатган шамол ва қуёш электр қурилмаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун;

аҳолининг қуёшдан олинган ва фойдаланишда ўз эҳтиёжидан орттириб, давлатга сотадиган электр энергияси учун имтиёзли тарифлар белгиланади.

*  *  *

Чекланган савдо устамалари фақат рецепт билан бериладиган дори воситалари тоифасига нисбатан татбиқ этилади. Бунда: маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан амалдаги референт нархни шакллантириш тизими сақлаб қолинади;

рецепт билан бериладиган дори воситалари тоифасини улгуржи ва чакана сотишда уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган (базавий) қийматидан 15 фоиздан ва чакана савдо учун сотиб олинган қийматидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда устама қўлланади. Ушбу дори воситаларининг улгуржи ва чакана нархлари чекланган улгуржи ва чакана референт нархлардан юқори бўлмаслиги шарт;

рецептсиз бериладиган дори воситаларини улгуржи ва чакана реализация қилишда чекланган савдо устамалари қўлланмайди;

бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида таркиби бир хил бўлган дори воситаларини ишлаб чиқаришда ушбу дори воситаларининг барчасига нисбатан энг паст референт нарх қўлланади.

*  *  *

Даромадидан қатъи назар, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини тўловчилар деб эътироф этилади.

*  *  *

Ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш мақсадида маҳаллаларда оила шаклидаги кичик     ҳажмли болалар уйлари ташкил этилади.

Ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга узоқ ёки қисқа муддатли ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш жараёнига нодавлат секторни жалб этишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

нодавлат ташкилотлар томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга узоқ ёки қисқа муддатли ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш қонунчиликка мувофиқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан тузиладиган давлат ижтимоий буюртмаси, аутсорсинг ёки бошқа турдаги шартномалар асосида амалга оширилади;

нодавлат ташкилотлар томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга узоқ ёки қисқа муддатли ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш учун жойлаштириладиган болалар сони Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан белгиланади;

нодавлат ташкилотлар томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга узоқ ёки қисқа муддатли ғамхўрлик қилиш ҳамда тарбиялаш хизматининг кўрсатилиши «Инсон» марказлари томонидан мониторинг қилинади;

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга узоқ ёки қисқа муддатли ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш бўйича давлат ижтимоий буюртмаси, аутсорсинг ва бошқа турдаги шартномалар бўйича харажатларни Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга рухсат берилади.

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ:

озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳалари учун маҳаллий бюджетдан бериладиган «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби жорий этилади.

*  *  *

Шахснинг ногиронлигини, талаба, ўқувчи, уруш қатнашчиси ёки уруш қатнашчисига тенглаштирилган шахс ҳолатини тасдиқлаш (ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчилар гувоҳномалари, уруш қатнашчилари ёки уларга тенглаштирилган шахслар гувоҳномаларининг қоғоз шакли ижтимоий картага алмаштириш орқали бекор қилинади);

ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун умумий фойдаланишдаги автомобиль, темир йўл, ҳаво ва дарё транспорти, йўналишсиз такси хизматларидан фойдаланиш бўйича имтиёзлар, шунингдек ушбу хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бошқа тоифалари учун имтиёзлар;

кириш билет операциялари тизими асосида тартибга солинадиган давлат ижтимоий объектларига, концерт-томоша тадбирлари ва бошқа тадбирларга бепул ташриф буюриш ёки қисман ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар босқичма-босқич «Ижтимоий карта» АТдан фойдаланган ҳолда ижтимоий карта орқали тақдим этилади.

*  *  *

Фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси (ТИЭК) кўригига йўллаш учун лозим бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади ҳамда ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади;

ТИЭК томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади ва унинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади;

18 ёшдан катта шахсларга ногиронликни белгилашда шахснинг клиник-функционал бузилишларининг тавсифидан келиб чиқиб     ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, шунингдек, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигига оид маълумотлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида шакллантирилади.

*  *  *

Референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган рецепт билан бериладиган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига биноан:

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда «Халқ назорати» платформаси орқали қуйидагиларни амалга оширишни назарда тутувчи тизим жорий этилади:

аҳолига қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, сув, канализация, иситиш тизими, электр ва бошқа муҳандислик таъминоти, транспорт ва йўл, шунингдек, ҳудуд инфратузилмасида мавжуд муаммолар ҳамда аҳолини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан реал вақт режимида хабар бериш имконияти яратилиб, бунда келиб тушган хабарлар тегишли масъул идораларга йўналтирилади ҳамда улар томонидан кўриб чиқилади ва ҳал этилади;

келиб тушган хабарларни масъул идоралар томонидан кўриб чиқиш ва ҳал этиш жараёнининг ҳар бир босқичида хабар берувчиларга кузатиб бориш имконияти яратилади;

аҳоли муаммоларини ҳал қилишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади;

жойларда муаммоли масалаларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича ваколатли органларнинг аҳоли билан самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилади;

келиб тушган хабарлар аҳолининг розилиги асосида назоратдан ечилади;

аҳоли муаммоларини ҳал қилишда давлат органлари ва ташкилотларининг рейтинги юритилади ҳамда рейтинг натижалари жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.