16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

1 СЕНТЯБРДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 сентябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан

Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «1146» қисқа рақамли ишонч телефони орқали одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қабул қилиш, мутахассислар томонидан уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатилади;

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасаларида одам савдосидан жабрланганлик ҳолати бўйича мурожаатларни қабул қилиш, уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва моддий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатиладиган ишонч телефонлари фаолияти йўлга қўйилади;

ташқи меҳнат миграциясига кетаётган шахслар учун бораётган давлатидаги дипломатик ваколатхона ва Миграция агентлигининг ҳудудий вакилининг алоқа маълумотлари билан танишиш имконияти яратилади.

*  *  *

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида:

бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 7 фоизга оширилади; меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 360 000 сўм; базавий ҳисоблаш миқдори – 440 000 сўм бўлади.

*  *  *

Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида:

2036 йил 1 январга қадар асосий фаолияти концерт-томоша, кинематография, болалар учун контент яратиш бўлган субъектлар, нодавлат театр ва театр-студиялар ҳамда маданият ва санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мол-мулк солиғидан, уларда ишловчи ходимлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро ва республика танловлари ғолиб ва совриндорлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

Гран-при ва 1-ўрин ғолиби – халқаро танлов бўйича 300 миллион сўм, республика танлови бўйича 100 миллион сўм миқдорида;

2-ўрин соҳиби – халқаро танлов бўйича 200 миллион сўм, республика танлови бўйича – 50 миллион сўм миқдорида;

3-ўрин соҳиби – халқаро танлов бўйича 100 миллион сўм, республика танлови бўйича 25 миллион сўм миқдорида.

Танловларнинг ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган ўқитувчи (концертмейстер)нинг ойлик маошига бир йил давомида 100 фоизгача устама Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади;

нуфузли халқаро танловларнинг ғолиб (совриндор)лари ва уларнинг ўқитувчи (концертмейстер)ларининг танловларда иштирок этиши харажатлари тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;

ушбу қўллаб-қувватлаш чоралари хусусий секторда фаолият юритувчи шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Нодавлат театр ва театр-студияларнинг ҳар йили 50 та саҳна асари яратиш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

давлат маданият объектлари уларнинг бўш вақтларида нодавлат театр ва театр-студияларга спектакль намойиш этиш учун ижара тўловисиз фойдаланиш учун берилади.

*  *  *

Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

18 ва ундан катта ёшдаги чуқур даражадаги ақлий заифлик ташхиси қўйилган шахсларнинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилга ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдорида ҳар ойда парваришлаш нафақаси берилади.

*  *  *

Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида:

никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтириш тартиби жорий этилади.

*  *  *

2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида:

зўравонликдан жабрланган болаларга ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади;

болаларга нисбатан уларнинг қонуний вакиллари ёки бошқа қариндошлари томонидан зўравонлик ҳолатлари бўйича ишни судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларидаги барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органи вакили мажбурий тартибда иштирок этади;

зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувлари мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади;

мулкчилик шаклидан қатъи назар таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.

*  *  *

Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

фуқароларнинг оилавий шажаралари бўйича маълумотларни онлайн тарзда тақдим этиш имкониятини берувчи «Шажара» ахборот тизими жорий этилади.

*  *  *

Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

республикадаги мавжуд педагогика техникумларининг ўқув жараёнига халқаро таълим дастурлари босқичма-босқич жорий қилинади.

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ

Чорвачилик тармоғи лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

2030 йил 1 январга қадар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан Давлат бюджети ҳисобидан наслчилик хўжаликларига ўстиришга қолдирилган идентификация қилинган урғочи наслдор қорамолларни сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга ҳар бир давр учун алоҳида қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади: биринчи наслдор урғочи бузоқ олинганда – 1,5 миллион сўм; иккинчи наслдор урғочи бузоқ олинганда – 2 миллион сўм; олинган бузоқ 12 ойликкача сақланганда – 1 миллион сўм; олинган бузоқ 12 ойдан 18 ойликкача сақланганда – 1 миллион сўм.

*  *  *

Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим, ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб қилиш бўйича «оилабай» ишлаш тизими жорий этилади.

Коррекцион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ушбу синфда таълим оладиган ҳар бир ўқувчи учун: Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 11 баравари; вилоятлар маркази ва Нукус шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 9,5 баравари; бошқа туман (шаҳар)ларда базавий ҳисоблаш миқдорининг 8,5 баравари миқдорида субсидия ажратилади;

ҳар йили камида 50 та давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим олаётган ногиронлиги бўлган болалар учун шарт-шароитлар яратиш ва таълим сифатини яхшилаш, шунингдек, таълимга жалб этилмаган болаларнинг мактабга боришига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача «Инклюзив таълим муҳити» гранти ажратилади.

*  *  *

Паррандачилик соҳасини кўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

паррандачилик хўжаликлари, парранда омихта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда «тайёр бизнес» лойиҳаларини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан «Микрокредитбанк» АТБга йўналтирилган маблағлар ҳисобидан кредитлар 10 фоиз ставкада ажратилади.

*  *  *

Чарм-пойабзал саноатида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

давлат харидларида иштирок этадиган корхоналарга маҳсулот ишлаб чиқаришда кооперация асосида маҳаллий чарм хомашёси ва бутловчилардан фойдаланиш даражаси, яратилган иш ўринлари сони, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказган савдо белгиси ва брендига кўра қўшимча балл бериш ва 15 фоизгача нарх преференцияси тақдим этиш тартиби жорий этилади.

*  *  *

Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида:

АТ «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» АТБ чорвачиликни ривожлантириш йўналишида кредитларни электрон платформа орқали рақамлаштирган ҳолда ажратишни йўлга қўяди.

*  *  *

Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида:

талабалар ётоқхонасига жойлашиш бўйича шартнома тузиш билан бир вақтда талабаларни турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади;

 хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш; фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза юбориш; мулкдор ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг мурожаати асосида унинг турган жойи бўйича рўйхатга олинганлигини бекор қилиш учун ариза юбориш давлат хизматларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиш имконияти яратилади.

*  *  *

Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

техникумларни сақлаш харажатлари Давлат бюджети ва тўлов-контракт ҳисобидан шаклланган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан

Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

барча турдаги ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида, шу жумладан, ёқилғидан ўз эҳтиёжи учун фойдаланадиган объектларда белгиланган хизмат муддати тугаган ёки ишлаб чиқарилган санаси аниқ бўлмаган ортиқча босим остида ишлайдиган ускуналардан фойдаланиш чекланади.

*  *  *

Ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат корхоналарида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

давлат харидлари электрон тизимларида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш бўйича махсус саҳифа ишга туширилади.

*  *  *

Шаҳар йўловчи транспорти тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

брутто-шартнома асосида ташкил этилган мунтазам шаҳар автобус йўналишларида йўловчи томонидан йўлкира ҳақи автоматлаштирилган тўлов тизими терминаллари (валидаторлар) билан жиҳозланган автобусга чиқиш вақтида қуйидаги усуллар орқали тўланади:

транспорт картасини валидаторга теккизган ҳолда уни валидация қилиш;

банк картаси, смартфон ва бошқа контактсиз электрон тўлов турларидан фойдаланиш (NFC, QR, Biometric, BLE, UWB ва бошқа жорий этилаётган технологиялар ёрдамида тўлаш);

ижтимоий/транспорт картасини валидаторга теккизган ҳолда имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаш.

Йўлкира ҳақи мазкур бандда назарда тутилган усуллар орқали автобусга чиқиш вақтида тўланмаганда (тасдиқланмаганда), йўловчи автобусда чиптасиз юрган деб ҳисобланади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.