16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Илм-фан

“KINDERWELT” – ГЕРМАНИЯГА ЧИПТА

Қарши шаҳрида «Kinderwelt» номли ўзбек ва немис тилларида фаолият юритувчи илк болалар боғчаси очилди. Ушбу лойиҳа Германиянинг Европада ўқув ва ўқитиш воситалари, таълим хизматларининг кенг танловини таклиф этувчи Ernst Klett AG компанияси ҳамда унинг Klett Kita & Schule GmbH шуъба корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилгани аҳамиятли.

Мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими  Муротжон Азимов, Ernst Klett AG бошқаруви раиси Филипп Хауфманн, Klett Kita & Schule GmbH бош директори Анн-Кристин Вернер Ўзбекистон ва Германия ўртасида йўлга қўйилган таълим соҳасидаги ҳамкорликни юқори баҳолаб, Қаршида янгидан фаолият бошлаган ўзбек-немис боғчаси бунинг яна бир ифодаси бўлганини таъкидлашди. У мамлакатимизда ташкил этилган илк немис методологиясига асосланган мактабгача таълим ташкилоти бўлганлигини мамнуният билан қайд этишди.  

«Умид қиламанки, бугун «Kinderwelt»   боғчасига қабул қилинган болажонлар орадан муайян вақт ўтиб, Германиянинг энг яхши университетларида таҳсил оладилар», дейди Филипп Хауфманн.

Ушбу мактабгача таълим ташкилотида хорижлик ҳамкорлар кўмагида ўқув дастурлари ва ўқитувчиларни тайёрлаш, дарс методикаси ва тарбиявий ёндашувлар бўйича Германия тажрибаси тўлиқ жорий этилгани диққатга сазовор.

Айни вақтда боғчада иш бошлаган тўрт нафар маҳаллий педагог Германияда малака ошириб, Klett Kita & Schule GmbH методологияси бўйича тайёргарликдан ўтган. Шунингдек, яқин кунларда немис педагогларининг ҳам Қаршига келиб, амалий ҳамкорликни янада кенгайтириши режалаштирилган.

Ушбу мактабгача таълим ташкилоти учун замонавий талаблар асосида ҳозирланган бинода болалар учун қулай, хавфсиз ва ижодий муҳит яратилган бўлиб, соғлом овқатланиш тизими йўлга қўйилгани ҳам эътирофга лойиқ.

Ўз мухбиримиз