Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

28.11.2024


1 ДЕКАБРДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил 1 декабрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

"Мажбуриятлар реестри" институти жорий этилади

Президентнинг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан: суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи "Мажбуриятлар реестри" институти жорий этилади.

Бунда, реестр Мажбурий ижро бюроси томонидан юритилади; қарздор мол-мулки йўқлиги сабабли ундирув амалга ошириш имконияти бўлмаганда, у ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда реестрга киритилади; қарздор ҳақида маълумот реестрга киритилгандан кейин унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар сақлаб қолинади; реестрга киритилган қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари аниқланганда мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилади; қарздор ижро ҳужжати бўйича мажбуриятини бажарганда, у вафот этганда, ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қарздорнинг 10 йил давомида мол-мулки ёки пул маблағлари ҳақида маълумот аниқланмаганда ёки қарздор банкрот деб топилганда, ундирувчининг аризасига кўра, у ҳақидаги маълумотлар реестрдан чиқарилади.

Хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни ўқитиш учун грантлар ажратилади

Давлат раҳбарининг "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги  қарорида белгиланганидек, Миграция агентлиги томонидан таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштириш тартиби жорий этилади.

Бунда, агентлик буюртмалари асосида касбий таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқаролар учун давлат гранти асосида алоҳида қабул параметрлари белгиланади; Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни ўқитиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан грантлар ажратилади.

Шунингдек, Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан халқаро тан олинган таълим дастурлари бўйича касбга ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби жорий қилинади.

Агентликнинг электрон платформасида касбий таълим муассасалари ва касбий кўникмалар марказларида фаолият юритаётган чет тили фани ўқитувчиларининг рейтинги тузилади. Бунда инглиз, корейс, немис ва япон тиллари бўйича камида B1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилари сони энг кўп бўлган 50 нафар ўқитувчига жамғарма ҳисобидан 50 миллион сўмдан субсидия тўланади.

Ҳужжатга кўра, хусусий бандлик агентликларига чет элда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнга ҳамкор хорижий иш берувчиларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади. Улар таълим ташкилотларининг бўш бино ва иншоотларидан ўқув курсларини ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри шартномалар асосида текин фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, қарор билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:

хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг беш юз бараваридан тўрт минг бараваригача туширилади;

хусусий бандлик агентликларига захира қилинган маблағларни агентлик розилигисиз сарфламаслик шарти билан тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштириш ва депозитлардан олинадиган фоиз даромадларини эркин ишлатишга рухсат берилади;

Агентлик томонидан хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотларидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича олинган таклифларни хусусий бандлик агентликлари ўртасида очиқ танлов йўли билан тақсимлаш тартиби жорий этилади.

Фуқаролар хоҳишига кўра тайёр ID-карта ва "қизил" паспорт уларнинг яшаш жойига етказиб берилади 

Вазирлар Маҳкамасининг "Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ:

 миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари хизмат кўрсатувчи ходим томонидан мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида қўшимча тўлов асосида кўрсатилади;

фуқароларнинг хоҳишига кўра тайёр идентификацияловчи ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини почта орқали ёки, шунингдек, автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва давлат рақами белгиларини уларнинг яшаш жойига қўшимча тўлов асосида етказиб бериш хизмати жорий этилади;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари уларнинг яшаш жойига бориб, қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатилади.

Шунингдек, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб:

Президентнинг "Республикада агросаноат соҳасига янги бозор механизмларини жорий этиш ҳамда саноатлашган боғ ва токзорларни барпо қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан:

Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фермер ва деҳқон хўжаликларининг нуфузини ошириш, қайта ишловчи ва  экспорт қилувчи корхоналарга кўмаклашишга қаратилган "мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларни баҳолаш" тизимини жорий этади ҳамда ҳар йили ўзининг расмий веб-сайтида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар рейтингини эълон қилиб боради.

* * *

Давлат раҳбарининг "Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида"ги фармонида белгиланганидек:

"маҳалла еттилиги" томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади.

* * *

Ҳукуматнинг "Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ:

бир календарь йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича мурожаат қилинганда ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери ташаббус тартибида берилади.

* *  *

Вазирлар Маҳкамасининг "Умумий овқатланиш, меҳмонхона ва туроператорлик хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш ва уларнинг қонуний ишлаши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида қайд этилганидек:

умумий овқатланиш корхоналари жисмоний шахслардан нақд пулга харид қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар электрон  шаклда солиқ органлари маълумотлар базасида акс эттирилиши солиқ солиш мақсадларида кирим ҳужжатларига    тенглаштирилади.

* * *

Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш билан боғлиқ мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси, расмий веб-сайти, "Call марказ"и ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юбориш ва тўловларни онлайн амалга ошириш жорий этилади.

Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилмоқда.

* * *

Ҳукуматнинг "Ташқи реклама ва ижтимоий ахборотнинг айланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан:

транспорт воситаларида (йўналишлардаги автобуслар бундан мустасно) рекламани жойлаштириш учун йиғим транспорт воситаларида ташқи рекламани ўрнатиш учун реклама жойининг паспортини беришда тўланади.

* * *

"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун билан Шаҳарсозлик кодексига киритилган қўшимчага биноан:

сел ва кўчки хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш ҳамда қуриш тақиқланади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo