Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

25.04.2024


1 МАЙДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил   1 майдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Президентнинг "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонига асосан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун янги мажбурий тўловлар ва йиғимларни фақатгина қонунда белгилаш амалиёти йўлга қўйилади.

* * *

Давлат раҳбарининг "Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан Чирчиқ, Сирдарё, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади.

* * *

Тадбиркорлик субъектларига жамоат жойлари, ижтимоий объектлар ва аҳоли пунктларининг белгиланган жойларида санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этиш ҳуқуқи берилади.

Бу ҳақда Президентнинг "Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида қайд этилган.

Унга кўра, санитария-гигиена шохобчалари ўрнатиладиган жойларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

* * *

Президентнинг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан ўрнатилиши белгиланган тартибга мувофиқ, суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилади.

* * *

Давлат раҳбарининг "Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига биноан, ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳудудий бўлинмалари ва улар тасарруфидаги ташкилотлар "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими негизида ишлаб чиқилган "edo.ijro.uz" модули орқали электрон ҳужжат айланиш тизимига тўлиқ ўтказилади.

* * *

Протез мосламалари ва реабилитация воситалари хариди учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар миқдори бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб ўртача уч бараваргача, айрим воситаларнинг турлари эса ўн бараваргача оширилади.

Бу янгилик Президентнинг "Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бўйича жорий этилмоқда.  

Ҳужжатда белгиланганидек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез мосламалари ва   реабилитация воситаларига муҳтожлиги алоҳида тиббий хулоса расмийлаштирмасдан ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома асосида аниқланади;

ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги тўғрисидаги тиббий хулоса "Тиббий-ижтимоий экспертиза" электрон ахборот тизимида расмийлаштирилади.

* * *

Президентнинг "Қашқадарё вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек, Қашқадарё вилоятида онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаган тиббиёт бригадалари ҳар бир аниқланган ҳолат учун Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 миллион сўм миқдорида рағбатлантирилади.

* * *

Давлат раҳбарининг "Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган  шахслар учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам жорий этилади.

* * *

Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, янги ойдан бошлаб амал қиладиган аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг "базавий меъёрлари" қуйидагича тасдиқланди:

электр энергияси  - 200 кВт соат;

табиий газ (иситиш мавсумида): Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида октябрь-февраль,   бошқа ҳудудларда ноябрь-февраль ойлари -   500 куб метр;

табиий газ (бошқа мавсумда): Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида март-сентябрь ойлари; бошқа ҳудудларда март-октябрь ойлари - 100 куб метр.

Шунингдек, қарор билан тасдиқланган 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графигига асосан, аҳоли жорий йил 1 майдан электр энергияси учун ойига 200 кВт соатгача - 450 сўм; ойига 201 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача - 900 сўм; ойига 1 001 кВт соатдан 5 000 кВт соатгача - 1 350 сўм; ойига 5 001 кВт соатдан 10 000 кВт соатгача - 1 575 сўм; ойига 10 001 кВт соат ва ундан юқори - 1 800 сўм тўлайди.

Табиий газ учун эса (газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлганда) иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача - 650 сўм; ойига 501 куб метрдан 2 500 куб метргача - 1 500 cўм; ойига  2 501 куб метрдан 5 000 куб метргача - 1 950 cўм; ойига 5 001 куб метрдан 10 000 куб метргача -  2 275 cўм; ойига 10 001 куб метр ва ундан юқори - 2 600 cўм тўланади.

Бошқа мавсумда ойига 100 куб метргача -  650 cўм; ойига 101 куб метрдан 2 500 куб метргача - 1 500 cўм; ойига 2 501 куб метрдан 5 000 куб метргача  - 1 950 cўм; ойига 5 001 куб метрдан   10 000 куб метргача - 2 275 cўм; ойига 10 001 куб метр ва ундан юқори - 2 600 cўм чегарасидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.

Маиший эҳтиёжлар учун аҳолига сотиладиган суюлтирилган газнинг килограмми эса 1600 сўм қилиб белгиланган.  

* * *

Ҳукуматнинг "Республикада мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича республикадан экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича шартномалар қийматини мониторинг қилиш ва экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатиш тартиби жорий этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo