Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекзод САЙФИЕВ

16.02.2023


100 МИНГ ДОЛЛАР ЛОЙСУВОҚ УЧУН ЭДИМИ?

 

Фототанқид

Эшитган чиқарсиз, Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг "Ҳидоя" асари асрлар давомида мусулмон мамлакатларида, жумладан, Марказий Осиёда ҳуқуқшунослик бўйича энг асосий қўлланма ҳисобланиб, совет суд тизими жорий қилингунча амалда бўлиб келган. Ҳозирги кунда ҳам ислом шариати асосида иш юритадиган мусулмон мамлакатлар ҳуқуқшунослигида бу манбадан кенг фойдаланилади.

Эътиборлиси, ана шу китоб муаллифи – Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг устози Нажмиддин Умар ан-Насафий, унинг устози "Фахрул ислом" дея улуғланган зот Али Паздавийдир. Ҳойнаҳой Али Паздавийнинг устози Шамсиддин Ҳалвоний экани, у ас-Сарахсий, Абулюсур ал-Паздавий, аз-Заранжий сингари машҳур олимларга ҳам устозлик қилгани, қабри Қарши туманида эканини билмасангиз керак.

Дарҳақиқат, шундай. Бу инсон Ҳанафиййа таълимотининг минг йиллар бурун Мовароуннаҳр заминида кенг ёйилишида биринчилардан бўлиб хизмат қилган Шамсул-аимма ал-Ҳалвоний номи билан донг таратган машҳур зотдир.

Ҳалвоний ҳазратлари ўз вақтида "Имоми Ҳарамайне" ҳамда "Шамсул-аимма" унвонлари билан аталган. "Имоми Ҳарамайне" - унвон эгасининг ўз вақтида муқаддас Каъба ва Мадинадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидига имомлик қилганини билдирса, "Шамсул-аимма" - "Имомлар қуёши" мазмунини англатади. Шу таърифларнинг ўзиёқ аллома ўз вақтида қай даражада улуғланганини, илмий салоҳияти нечоғлик юқори эканини кўрсатиб турибди.

Хўш, бугун-чи? У ҳақида билмаслигимиз - катта маънавий фожиамиз. У зот абадий қўним топган ҳудуд ниҳоятда хароб ва қаровсиз ҳолда эканига нима дейсиз? Ўз даврида оддий пахса ва хом ғиштдан моҳирона тикланган кулоҳи гумбазли мажмуа бугун асл қиёфасини йўқотган. Йиллар ва табиат ҳодисалари, авлодлар эътиборсизлиги бинога ўз таъсирини ўтказган. Иморат деворларининг анча жойи бузилиб ҳам кетган.

Ғишт ва сопол қопламалар Х-XII асрларга тааллуқли. Энг эътиборлиси, бу ердаги мақбарада ўзининг тузилиш тарҳи бўйича Қашқадарёдаги энг қадимий қабр мавжуд.

Гап қайси ҳудуд, қишлоқ ҳақида боряпти ўзи, дерсиз. Биз айтаётган манзил Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган. Дарвоқе, калом илмининг буюк  дарғаларидан бири Абул Мўъийн ан-Насафий қабри ҳам шу қишлоқда. Президент Шавкат   Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятида бўларкан, Қовчинга бориб, Абул Мўъийн ан-Насафий абадий қўним топган манзилни ободонлаштириб, бу ерни катта зиёратгоҳга айлантириш бўйича топшириқ  берганди. Шундан сўнг аллома мақбараси, янги масжид билан бирга кутубхона, новвойхонаю қассобхона, ҳатто автотураргоҳгача бунёд этилди. Бироқ Шамсиддин Ҳалвоний мақбараси назардан четда қолди ва бу ҳақда давлат раҳбарига етказадиган мард топилмади.

Ваҳоланки ўша томонларга ўтган киши яхши билади: Шамсиддин Ҳалвоний қабри Абул Мўъийн ан-Насафий мажмуасидан ярим километр нари-берисида жойлашган.

Шу ўринда яна бир тарихни эслашга мажбурмиз. 2013 йил 1 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, унда Хожа Шамсиддин Ҳалвоний зиёратгоҳини таъмирлаш учун 100 минг АҚШ доллари ажратилиши ва таъмирлаш ишлари ўша йили ноябрь ойидаёқ тугалланиши кўзда тутилган эди. Мана, оз эмас, кўп эмас, 10 йилга яқин вақт ўтди. Қарор кўпларнинг эсидан чиқди.

Тўғри, бир муддат олдин мақбара биноси қад кўтара бошлади, эски бинолар лойсувоқ қилинди, бироқ кейин ҳаммаси ўз ҳолича қолиб кетди. Кейинги натижа билан биров қизиқмади. Ҳолбуки Маданият ва туризм вазирлиги ҳузурида маданий мерос департаменти отлиқ идора бунга масъул этиб бириктирилган эди...

Хуллас, Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан ажратилиши керак бўлган 100 минг доллар нима қилинди, қаерга сарфланди, буниси қоронғи.

Нима бўлганда ҳам вақт кетказмай зиёратгоҳни тиклашга киришиш керак. Бўлмаса, яқин-орада ундан ном-нишон тополмай қолишимиз аниқ. Ҳалиям лойдан бўлишига қарамасдан бу иморатлар пишиқ-пухта қурилган экан: бемалол ундан нусха олиб, кириш пештоқи, хўжалик хоналари ва бошқа иншоотларни қайта тикласа бўлади.

Қолаверса, бир қишлоқдаги икки тарихий мажмуа мутахассис ва сайёҳлар оқимини ҳам кўпайтириши шубҳасиз.

Ҳолбуки ислом оламида Имом Мўъийн ан-Насафийнинг хизматлари қанча улкан бўлса, Шамсиддин Ҳалвонийники ҳам ундан зинҳор кам эмас. Демакки, унга бўлган муносабатимиз ҳам улуғвор бўлиши керак. Зиммамиздаги масъулиятни янаям чуқурроқ ҳис этадиган бўлсак, бу зиёратгоҳни ҳам таъмирлаш ва муҳташам манзилга айлантириш учун яна Президентдан топшириқ кутмай, қайтага ташаббус ўзимиздан чиққудек бўлса, барчага бирдек манфаатли бўлади.

 Бекзод САЙФИЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo