Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 март, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • 1200 ГА ЯҚИН ТАЛАБА ВА ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ИНСОНЛАР ТОШКЕНТДАН ҚАШҚАДАРЁГА БЕПУЛ ОЛИБ КЕЛИНДИ

Н.ХЎЖАЕВ

20.03.2020


1200 ГА ЯҚИН ТАЛАБА ВА ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ИНСОНЛАР ТОШКЕНТДАН ҚАШҚАДАРЁГА БЕПУЛ ОЛИБ КЕЛИНДИ

Эзгу ташаббус

Мамлакатимиз бўйлаб жорий йил  16 мартдан бошлаб эълон қилинган карантин муносабати билан барча таълим муассасаларида таътил эълон қилинди.

Аммо пойтахт ва Тошкент вилоятида таҳсил олаётган талабалар олдида инсофсиз ҳайдовчилар томонидан йўлкира нархининг асоссиз ошириб юборилишидай муаммо кўндаланг бўлгани боис кўплаб ўғил-қизлар уйга қайтолмай турганди.

Мазкур вазиятда вилоят транспорт бошқармаси республикада биринчилардан бўлиб пойтахтдан ёшларимизни бепул олиб қайтиш ташаббуси билан чиқди.

Шунга кўра, 20 та автобус, 4 та  микроавтобус ва 100 га яқин енгил автомобиллар Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, вилоят транспорт бошқармаси ва ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъуллари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳри томон йўл олди. Мазкур ташаббус вилоят ҳокимини ҳам бефарқ қолдирмади. Талабаларни ҳамжиҳатликда хавф-хатарсиз олиб келиш учун вилоят штаби тузилди. Вилоят ҳокимлиги, корхона ва ташкилотларнинг хизмат автомобиллари, бошқа транспорт воситалари ҳам дезинфекцияланиб, Тошкент шаҳрига йўл олди.

18 март куни эрта тонгдан Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасида жам бўлган ёшларни транспорт воситаларига чиқариш бошланди. Маршрут ҳар бир шаҳар, туман бўйича алоҳида ташкил этилди.

Эътиборлиси, пойтахтдан қашқадарёлик талабаларни олиб қайтиш ишига бефарқ бўлмаганлар кўпчиликни ташкил этди. Кимдир амалий ёрдам берган бўлса, кимдир эса фикран хайрихоҳ бўлди, дуоси билан қўллади.

- Уйга поездда қайтиш учун вокзалга боргандим, шу кунга билет бўлмагани учун, қолаверса, ўзимдаям моддий қийинчилик бўлиб тургани боис қайтолмай тургандим, - дейди Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси Нодир Чориев. - Мана, вилоят ҳокимлиги, транспорт бошқармаси ёрдами билан уйга келдик. Таътил вақтини араб, инглиз тилларини пухта ўрганишга сарфламоқчиман.

Вилоят транспорт бошқармасидан маълум қилишларича, эзгулик-хайрия автокарвони орқали 1200 га яқин қашқадарёлик талаба-ёшлар ва имконияти чекланган инсонлар ўз манзилига олиб келинган.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo