Бу рақамлар аслида маҳалла мутасаддилари ишига берилган ҳақиқий баҳо эмасми?
Маҳалла - Ватан ичра кичик Ватан
"Қўшнинг тинч - сен тинч", "Ватан қадрини билмаган ўз қадрини билмас", "Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кўтарилади" каби мақоллар туб моҳиятида теран ҳақиқат мужассам: элимиз ҳамма замонда тинч-осойишта ҳаётни қадрлаган, шу йўлда бор салоҳиятини сарфлаган. Буни ҳозирги пайтда жамиятда маҳалланинг ўрни ва таъсирини ошириш ҳамда профилактика ишлари самарадорлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хўш, вилоятда мавжуд 768 та ўзини ўзи бошқариш органида бу борадаги ишлар аҳволи қандай?
МИНГГА ЯҚИН ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛГАН
2019 йилда вилоятда бор-йўғи 48 та маҳалла жиноят, нотинч ва оилавий ажрим содир бўлмаган ҳудуд сифатида эътироф этилди. 178 та маҳаллада эса жиноятлар сони ошган. Вилоят бўйича 417 та маҳаллада нотинч оила рўйхатга олинмаган бўлса-да, 301 маҳаллада улар сони ортган. Оилавий ажримлар сони 1507 тани ташкил этган. 261 нафар хотин-қиз томонидан жиноят содир этилган, 166 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилган. Шундан 67 нафарини хотин-қизлар ва 29 нафарини вояга етмаганлар ташкил этиши жуда аянчли ҳолатдир.
Вилоятдаги ҳар бир маҳаллада маҳалла раиси, хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис, профилактика инспектори ва унинг ёрдамчилари, маҳалла масъул котиби, жамоатчилик асосида фаолият юритувчи 8 та комиссия аъзолари, нуронийлар ва ёшлар бўйича ўринбосарларни қўшиб ҳисоблаганда 100 га яқин салмоқли таркиб иши йўлга қўйилган бўлса-да, юқоридаги рақамлар "бор"имизни кўрсатиб турибди.
Биргина Қарши шаҳрини оладиган бўлсак, мавжуд 62 та маҳалланинг фақат учтасидагина жиноят содир этилмаган. Қолганларида турли кўринишдаги мингга яқин жиноят юз берган. Энг ачинарлиси, жиноятларда ёшлар иштироки салмоқли.
Қарши шаҳрида рўй берган безорилик ҳолатини олайлик. 24 ёшли М.Равшанов муқаддам баданга оғир тан жароҳати етказиш жиноятини содир этгани учун судланган бўлса-да, қилмишидан тегишли хулоса чиқариш ўрнига яна безорилик қилган. У муқаддам судланган Б.Эргашев ҳамда Б.Усмонов билан шаҳардаги "Каприз" гўзаллик салони ёнига келиб, Ш.Узоқов ва унинг шериклари О.Абдуллаев, Р.Бобоназаров, С.Равшанов билан ўзаро жанжаллашишади. Жанжалда жиноят қуроли сифатида М.Равшанов пичоқдан, Ш.Узоқов эса пневматик тўппончадан фойдаланган. Суриштирувлар натижасида бу ёшларнинг бирортаси ҳам тайинли бир иш билан банд бўлмагани, ўзига тўқ оилалар фарзандлари эканлиги аниқланди.
Жамоат жойида, кўпчиликнинг кўз ўнгида содир этилаётган жиноятларни асосан бирор жойда ишламайдиган, ота-она ва маҳалла-кўй назоратидан четда қолган ёшлар содир этаётгани жамият учун огоҳ қўнғироғи эмасми?! Қолаверса, маҳалла фаоллари, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти вакиллари ишсиз ёшларни рўйхатга олиб, бандлигини таъминлашда нега сусткашликка йўл қўяяпти? Нима, жойларда иш билан банд бўлмаган инсонлар борлигини фуқаролар йиғини фаоллари, маҳаллий ҳокимлик ёки бошқа ташкилотлар вакиллари билмасмиди? Яхши билган. Аммо эътиборсизлик, бошқалар тақдирига нисбатан лоқайдлик боис масала ўз ҳолига ташлаб қўйилган, натижада ана шундай нохуш ҳолатлар юзага қалқиб чиққан.
ЎЗ УЙИНГНИ ЎЗИНГ АСРА
- Жиноятлар асосан ишсизлик, бекорчиликдан келиб чиқади, - дейди Қарши шаҳридаги Мағзон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Самандар Зиётов. - Шу сабабли аҳолини иш билан таъминлашга жиддий ёндашаяпмиз. Ёшларимиз учун 28-мактаб қошида стадион, усти ёпиқ футбол майдончаси, кураш, айкидо спорти тўгараклари ташкил этилган. Қиз болалар учун тикувчилик тўгараги йўлга қўйилган. Айниқса, мактабда рус, инглиз тили бўйича машғулотлар йўлга қўйилгани фарзандларимизнинг чет тилларини мукаммал эгаллашига туртки бўлмоқда. Шунинг орқасидан маҳалламизда яқин йиллар ичида бирорта ҳуқуқбузарлик, оилавий ажрим ҳолати кузатилмади.
Дарҳақиқат, маҳаллада ишсизликни бартараф этиш учун томорқачиликни ривожлантириш, хонадонларда иссиқхона ташкил қилишга эътибор қаратилган. Ўтган йили 16 та оилага иссиқхона қуриш учун, 8 та оилага чорва ва парранда боқиш учун кредит олишга кўмаклашилибди.
Кўриниб турибдики, маҳаллаларимиздаги аҳвол билан мақтаниб бўлмайди. Аммо маълум натижаларга эришаётганлари ҳам йўқ эмас. Ҳар ҳолда яхши статистикадан манфаат кўраётган ҳам, ёмонидан жабр тортаётган ҳам - ўзимиз. Шундай экан, ён-атрофдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмайлик.
Шоҳиста БОЗОРОВА