Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • 3 мингдан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар тиббий кўрикдан ўтказилади

08.01.2021


3 мингдан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар тиббий кўрикдан ўтказилади

Маълумки, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таълими, уларнинг маънавий ва руҳий ривожланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, келгуси ҳаётга ва жамиятга мослашишга йўналтириш мақсадида 2019 йилнинг март ойида “Кўнгил кўзи” хайрия акцияси бошланган эди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиаллари ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида айни пайтда вилоят кўз касалликлари шифохонасида Қарши шаҳридаги 18-махсус мактаб-интернат ўқувчилари тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Хайрия акцияси доирасида уч мингдан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар тиббий кўрикдан ўтишади. Текширув натижасига кўра кўришни яхшилаш имкони бўлган ҳар бир болага ёрдам кўрсатилади.

Вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори Иброҳим Очиловнинг сўзларига кўра, айни пайтда 18-махсус мактаб-интернат ўқувчилари визометрия, рефрактометрия, тонометрия, периметрия, кўз тубини фондус линза ёрдамида кўриш, замонавий оптик когерент томография сингари бир қатор стандарт текширувлардан имтиёзли ўтказилмоқда. Узоқ масофада жойлашган ва филиалга олиб келиш имкони бўлмаган беморлар учун мобиль офтальмологик поликлиника хизматидан фойдаланилаётир. Ҳар бир бемор болани Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг масъул шифокорлари билан ҳамкорликда телемедицина орқали кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган. Мазкур мактаб-интернатнинг жами 224 нафар ўқувчиси чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилганидан сўнг даволаш имкони бўлганларни вилоят ва республика даражасида саралаш ҳамда даволаш чоралари кўрилади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, 6 январдан бошланган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар 20 январгача давом этади.

Report typo