Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 сентябрь, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • 31 декабргача дарахт кесиш тақиқланган. Табассум маҳалласида ширкат ва милиция таянч пункти биносининг ёнгинасидан дарахт кесиб кетишди

НАСРИДДИН

15.09.2020


31 декабргача дарахт кесиш тақиқланган. Табассум маҳалласида ширкат ва милиция таянч пункти биносининг ёнгинасидан дарахт кесиб кетишди

Фотофакт

Хабарингиз бор, Президент фармони билан 2019 йилнинг 1 ноябридан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар дарахт кесишга мораторий эълон қилинган.

Ўз навбатида объектлар қуриш ва қуришни лойиҳалаштириш учун ер майдонларини танлаш ва ажратиш босқичида, шунингдек, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси  (электр, газ ва сув таъминоти, канализация, темир йўл ҳамда автомобиль йўллари ва   бошқалар)ни барпо этишда ҳам дарахтларни сақлаб қолишга қатъий эътибор қаратилиши белгилаб қўйилди.

Бироқ Қарши шаҳридаги Табассум маҳалласида бир эмас, бир нечта улкан дарахтлар бир неча кун олдин кесиб кетилганини, тўғриси, бирор сабаб билан изоҳлашга ожиз қоласан киши. Чунки мораторий татбиқ этилмаслиги учун дарахт табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдираётган бўлиши керак.

Бу ердаги дарахтлардан фақат тўнка қолдирганлар қайси сабаб билан бу ишга жазм этишган, буниси қоронғи.

Энг қизиғи, кесилган дарахтлар ёнгинасида "Ниҳол" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, сал нарида милиция таянч пункти биноси жойлашган. Ё масъуллар кесиб кетишсаям билишмаган, ё бу ишга бош-қош бўлишган (шунча катта дарахтлар қулатиладию биров эшитмайди дейсизми?).

Ёмон тарафи, экологларимиз ҳам кўп ҳолларда дарахтлар кесилганидан сўнг жарима қўллаш билан банд. Биров ҳатто қуриган, қурт еган дарахтни кесмоқчими, бунинг учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши, тегишли хулоса берилгач, бунга рухсат этилиши маълум. Бизда эса бу тартиб умуман ишламайди. Дарахтлар хўжасизларча кесиб ташланади, мутасаддилар кўрганига жарима ёзади, кўрмаганининг ҳузурини тандир, печка, каттароқ ғўла чиқса, мебелчи кўради.

Фармон билан ўрнатилган қатъий чеклов айрим масъулларга томошабинлик қилиб туриш ваколатини бермаган ҳар қалай...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo