Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 октябрь, якшанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

09.10.2020


88-МАВСУМНИ "АРШИН МАЛ АЛАН" ОЧИБ БЕРДИ

Санъат

Коронавирус пандемияси туфайли мамлакатимизда шу йилнинг март ойида жорий этилган карантин сабаб бошқа соҳалар қатори театрлар ишида ҳам анча муддатли танаффус бўлди. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, карантин тадбирлари босқичма-босқич юмшатилиши натижасида шу йил 5 сентябрида тегишли талаблар асосида театрлар фаолиятига ҳам рухсат этилганидан хабарингиз бор.

Айтиш жоиз, вилоят мусиқали драма театри жамоасининг карантиндан кейинги йирик тадбири  куни кеча 88-мавсумнинг  очилиши бўлди.

Театрга киришда, аввало, карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда, ташриф буюрувчиларнинг ҳарорати ўлчанди, дезинфекция қилинди. Томошабинлар жойлашувида ҳам оралиқ масофа сақланишига эътибор қаратилди.

Дастлаб вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Салим Сайимов театр жамоасини янги мавсум билан қутлади. Республика ва халқаро фестивалларда эришаётган ютуқлари ва бошқа маданий тадбирлардаги фаоллиги инобатга олиниб, театр ходимларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг машҳур Озарбайжон ижодкори Узейир Ҳожибековнинг "Аршин мал алан" асари асосидаги мусиқали комедия йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.

Юзлаб тилларда саҳна юзини кўрган ва барчага бирдай манзур бўлган бу асарда оила, вафо, садоқат тушунчалари олий қадрият сифатида тараннум этилади. Ролларни вилоят театрининг иқтидорли актёр ва актрисалари ижро этишган.

Айтиш ўринли, тантанали тадбир вилоят мусиқали драма театрининг ижтимоий тармоқдаги каналлари орқали тўғридан-тўғри намойиш этиб борилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo