Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 июнь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

18.05.2023


ҲАҚИҚИЙ ОЛТИН ОЛОВ ИЧИДА СОФ ҲОЛГА КЕЛАДИ

Сараланган сатрлар

"Яхши одамнинг кўнглига ёмон фикр келдими, бу бежиз эмас, бунинг бир сабаби бор", "Дангасаликда кўпроқ зарар бор", "Тавба қуртга, ишқ эса аждаҳога ўхшайди. Тавба инсонларнинг, ишқ эса Аллоҳнинг сифатидир..."

Бу каби ҳикматлар уммонини Жалолиддин Румий асарларида кўп учратамиз. Эътиборлиси, Румий бутун дунёда донг таратган. Ҳатто UNESCO бир йилни айнан Жалолиддин Румий асарларини ўрганиш, ижодини янада кенг тарғиб этишга бағишлаган эди.

Бу борада латифанамо воқеа ҳам бор. Румий меросини ўрганиш бўйича дунё олимлари жамланганда, ўртада кичик мунозара бўлиб ўтади. Ўрта Осиёлик олим "Румий бизники, у бизда туғилган" деса, турклар Румий бутун умр Туркияда яшаганини таъкидлайди. Яна биров унинг асарлари тилига эътибор қаратади. Италиялик олим эса Румий тахаллуси Рим шаҳри билан боғлиқ экани, демак, уни бемалол италиялик дейиш мумкинлигини айтади.

Ўша куни олимлар шундай тўхтамга келишади: Жалолиддин Румий бир халқ, бир миллат доирасига сиғмас экан, у инсоният шоири экан...

Қуйида Адем Сертелнинг "Саn kulagini Ac. Нz. Меvlаnаdаn ozlu Sоzlеr" китоби асосида нашрга тайёрланган, Мавлоно Жалолиддин Румий асарларидаги ҳикматли сўзлар ўрин олган "Қалб кўзингни оч" рисоласидан диққатга молик фикрларни жамладик. Ишонамизки, ўқиш учун кетган вақтингизга ачинмайсиз.

*  *  *

Ақлинг инсонлар оёғига тушов бўлса, у ақл эмас, илон ва чаёндир.

*  *  *

Тақдир тақозоси билан йўқотган нарсаларинг сендан балони даф қилади, буни шундай деб бил! Бир улуғ зотдан "Тасаввуф нима?" деб сўрадилар. У шундай жавоб қайтарди: "Сиқилган пайтда кўнгилда қувонч, фараҳнинг бўлиши!" Аллоҳ "Йўқотган нарсаларингизга ачинманг, ҳатто бўри келиб эчкингизни еса ҳам", деди. Бу бало каттароқ балоларни даф этиш, бу зиён даҳшатлироқ зиёнларнинг олдини олиш учундир.

*  *  *

Шамол Сулаймоннинг тахтига тескари эсди. Сулаймон: "Эй шамол, тескари эсма", деди. "Тескари иш тутма, тескари ҳаракат қилсанг, менинг терслигимга аччиқланма!". У қўли билан тожини тузатар, тож яна қийшайиб қолар эди. Нақ саккиз марта тўғрилади, саккиз марта эгилди. Деди: "Эй тож, бу нимаси? Бошқа қийшайма!". Тож жавоб қайтарди: "Мени юз марта тўғриласанг ҳам, яна барибир қийшаяман, чунки, имонли киши, сен қийшаяяпсан". Шунда Сулаймон кўнглини тўғри қилди, кўнглидаги шаҳватни совутди. Тожи дарҳол тўғриланди, бошида истаганидек турди. Сулаймон уни атайлаб қийшайтирар, тож эса яна тўғриланар эди. Улуғ пайғамбар тожини саккиз марта қийшайтирди, ҳар сафар тож тўғриланди. Хуллас, бошингга қандай дард келса, ўзгани айбдор қилма, ўзингга боқ!

*  *  *

Тунд табиатли кишига илму урфон ўргатиш йўлтўсар қароқчининг қўлига қилич беришга ўхшайди. Сархуш занжига қилич тутиш одам бўлмасга илм ўргатишдан афзалдир. Билим, мол-мулк, мартаба ва ҳукмронлик ёмон табиатли кишилар қўлида фитнага айланади.

*  *  *

Эшакнинг ярасига бўз боғласанг, бу бўз ярага ёпишса-ю уни тортиб олмоқчи бўлсанг, эшак оғриқдан ирғишлай бошлайди. Шундай ишлар қилмаган одам қандай бахтиёр! Мол-мулк бўзга, бойлик ҳирси ярага ўхшайди. Кимнинг ҳирси кўп бўлса, жароҳати каттадир.

*  *  *

Ҳар бир киши олдин ўз айбини кўрсайди, аҳволини тузатармиди? Одамлар ўзларидан бехабарлар. Шунинг учун бир-бирларининг камчиликларини кўрадилар.

*  *  *

Бу дунё зиндондир, биз эса зиндондаги маҳкумлармиз. Зиндонни буз, ўзингни халос қил! Дунё нима? Аллоҳдан хабарсиз қолишдир. Мато, пул,   тижорат, аёл дунё эмас. Дин йўлида сарфлаш мақсадида топилган молни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "қандай ажойиб мол!" деганлар. Кема ичида сувнинг бўлиши кеманинг ботишидир. Кема остидаги сув эса кеманинг ҳаракатланишига ёрдам беради.

*  *  *

Дейлик, бутун Шарқу Ғарбни эгалладинг, барча ҳудудлар сеники бўлди. Аммо бу салтанат вақтинчалик, уни чақмоқ деб бил, фараз қил: чақмоқ чақди-ю сўнди. Абадий қолмайдиган мулкни кўнгил, туш деб ҳисобла!

*  *  *

Тимсоҳ оғзини очади, тишлари атрофида узун-узун қуртлар бор. Бу емишдан ўзгалар фойдаланадилар. Қушлар қуртларни, бу ризқни кўриб, у тобутни ўтлоқ деб ўйлайдилар. Оғзи қушларга тўлиши билан тимсоҳ шартта уни ёпади. Егуликларга тўла бу оламни ўша тимсоҳнинг очиқ оғзи деб бил. Ҳайвонларда юзлаб ҳийлалар бор экан, ҳайвонлардан устун бўлганларда қандай ҳийлалар бўлади.

*  *  *

Бир ўғри морбоз (илон ўйнатувчи)нинг илонини ўғрилади. Аҳмоқлигидан уни "ўлжа" деб ҳисоблади. Морбоз илон заҳридан қутулди. Ўғри эса шу заҳар дастидан инграб-синграб жон берди. Морбоз ўлик одамни таниди. "Уни менинг илоним ўлдирди, жонидан жудо қилди. "Ўғрини топай-да, ундан илонимни олайин", деб дуо қилдим, илонни топишни истадим. Худога шукурки, бу дуойим қабул бўлмабди. Дуонинг қабул бўлмаганини зарар деб ҳисобладим, аслида фойда бўлган экан", деди. Шундай дуолар борки, зиён-у ҳалокатдан ўзга нарса эмас. Пок Парвардигор карам қилиб, уларни қабул қилмайди.

*  *  *

Банда дард-аламдан Аллоҳга зорланади, чеккан заҳматларидан шикоятлар қилади. Аллоҳ дерки: "Кўрдинг-ку, дард ва заҳмат сени менга илтижо қиладиган ҳолга келтирди, сени тўғри йўлга солди. Сен сени йўлдан адаштиргандан, бизнинг даргоҳимиздан узоқлаштиргандан шикоят қил! Аслида ҳар душман сенга доридир... сенга  малҳамдир, сенга наф келтиради, кўнглингни олади! Чунки ундан кочиб, узлатга чекинасан, Аллоҳдан мадад тилайсан. Дўстларинг эса аслида душманларингдир, улар сени Аллоҳга ибодат қилишдан узоқлаштиради, сени банд қиладилар".

*  *  *

Дўстга дўстнинг заҳмати малол келадими? Заҳмат ичдир, руҳдир. Дўстлик эса унинг терисига ўхшайди. Дўстлик нишонаси балолардан, офатлардан, азоблардан хурсанд бўлиш эмасми? Дўст олтинга ўхшайди. Бало эса оловга. Ҳақиқий олтин олов ичида соф ҳолга келади.

*  *  *

Билимсиз одам маълум фурсат дилдош бўлса-да, сенга жоҳиллик юқтиради. Ширинсўз жоҳилнинг сўзларига учма. Бу сўзлар йиллаб ётган эски заҳарга ўхшайди.

*  *  *

Қилични михга айлантирсанг ғалабадан мағлубиятни афзал кўрган бўласан. Инсондан мақсад илмдир, тўғри йўлни топишдир.

*  *  *

Инсон вужуди ўрмонга ўхшайди. Агар огоҳ бўлсанг, бу вужуддан чекин! Вужудимизда минглаб бўрилар, тўнғизлар..., яхши-ёмон, ҳалол-ҳаром минглаб сифатлар бор. Қайси атвор устун бўлса, шунинг ҳукми ҳукмдир. Маъдан таркибида олтин мисдан кўпроқ бўлса, олтин ҳисобланади. Вужудингда қайси табиат устун бўлса, шунга мослашишинг керак. Инсон баъзан бўри бўлса, баъзи лаҳзаларда Юсуфдек хушсурат бўлади. Кўнгилда ҳар лаҳза бошқа бир туйғу бош кўтаради... Инсон баъзан шайтонлашади, баъзан малакка айланади, баъзан тузоқ бўлади, баъзан  йиртқич ҳайвон!

*  *  *

Бир сўфи михга осилган дастурхонни кўриб қолди. Ўзини йўқотар даражада ҳаяжонланганидан айланишга, ўйнашга тушди, кийимларини йиртиб, "Мана озиқларнинг озиғи! Мана очарчиликнинг, дардларнинг давоси" деб ҳайқирар эди. Бошидан тутун чиқиб, хурсандчилиги, завқи ортгандан-ортди. Бошқа сўфилар ҳам унга эргашдилар, само рақсини бошладилар. Қиҳ-қиҳ қилиб кулишни, ҳай-ё ҳуйт қилишни давом эттирдилар. Неча марталаб ўзларидан кетиб ўзларига келдилар. Бир киши сўфига: "Михга осилган, ичида нон ҳам бўлмаган бўм-бўш дастурхон сени бунчалик хурсанд қилмаса?" деди. Сўфи жавоб берди: "Бор жўна, сен маъносиз бир суратдан иборатсан, сен тирикчилик пайида бўл, ошиқ эмассан-ку. Ошиқнинг озуқаси нонсиз нонга ошиқ бўлишдир. Холис ошиқ моддиятга боғланмайди. Ошиқлар моддиятга аҳамият бермайдилар. Улар фойдани сармоясиз қўлга киритадилар".

*  *  *

Пайғамбарлар дедиларки: "Кўнгилдаги иллат сабабли инсон тўғрини   англамайди, янглишади. Шунинг учун неъматлар, аксарият ҳолларда иллат бўлади. Хасталик билан ейилган таом инсонга куч бағишлайдими? Бундай кайфиятда кўнгилни яйратувчи озуқа ҳам сенинг вужудингда нохуш бўй    таратади".

*  *  *

Бир киши ҳийла билан тузоғига бир қуш туширди. Қуш унга: "Эй улуғ инсон. Сен қанча ҳўкизлар, қўйларни единг, туяларни қурбон қилдинг. Шулар билан тўймагач, мен билан ҳам тўймайсан сен! Мени қўйиб юбор,  сенга уч насиҳат айтайин... Қара-чи аҳмоқманми, ақллиманми? Биринчи насиҳатни сенинг қўлингда эканимда, иккинчисини томсувоқ қилинган том тепасида, учинчисини дарахт устида айтаман. Бу уч насиҳат сенга бахт келтиради. Қўлингдалигимда берадиган насиҳатим шу: "Бўлмағур сўзларга, уларни ким айтса ҳам, ишонма". Бу насиҳатни айтиб озод бўлди, девор устига қўниб: "Бўлиб ўтган нарсага ғам ема, фурсатни бой бердингми, ўкинма!" деди. Кейин "Миттигина танамда ўн дирҳам оғирликдаги бебаҳо гавҳар бор. Сенга ҳам, болаларингга ҳам етиб-ортади... Ўша гавҳар сенинг насибанг эди. Аммо насиб қилмаган экан, бундай гавҳар ҳеч қаерда йўқ" деди. Овчи тўлғоқ тутаётган аёлдек фарёд қила бошлади. Қуш: "Сенга "Ўтган ишга ачинма" деб насиҳат қилмаганмидим? Нега ғам ейсан: ё насиҳатимни тушунмадинг ёки карсан сен. Яна сенга: "Ҳар қандай гапга ишонаверма" демадимми? Бу иккинчи насиҳатим эмасмиди? Мен ўзим уч дирҳам ҳам эмасман, ичимга ўн дирҳамлик гавҳар қандай сиғсин?". Бу сўзлардан кейин овчи ўзига келди: "Хўп, учинчи насиҳатингни айт-чи!" деди. Қуш унга: "Ҳа, Худо йўлида иккитасига амал қилдинг-ки, учинчисини текинга айтаман-да, а?!".

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo