Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

05.10.2023


АҚЛСИЗ КИШИЛАР НА МАКТАБГА КИРАР ВА НА МУАЛЛИМНИ БИЛАР...

Сараланган сатрлар

Ҳар қандай инсон фарзандлари, келгуси авлод ўзидан кўра яхши, бахтли яшашини истайди. Бу борада кучли ва зарур илм, яхши тарбиядан самарали восита йўқ ва бўлмайди ҳам. Бинобарин, ўқитувчи-муаллим ва мураббийларга бўлган ҳурмат-эҳтиром зинҳор пасайиб-сусайиб қолмайди. Зеро, японларнинг ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутат дахлсизлигини бергани замирида ҳам улкан ҳикмат, табиий эҳтиёж мавжуд. Фарзандларимиз яхши хулқли, билимли бўлишини, жамиятга, Ватанга нафи тегишини истаймизми, муаллимларнинг меҳнатини қадрлашимиз керак. Улар чекаётган заҳматни кўз олдимизга келтирсак, кўп нарсалар яхши томонга ўзгаради...

Биласиз, ўтган аср бошларида бир гуруҳ маърифатпарварлар жадидчилик фаолияти бошида турган, уларнинг ҳам асосий эътибори - одамларни хушхулқ, илм-заковатли этиб тарбиялашга қаратилган эди. Шу мақсадда янги усул мактаблари очилган, муаллимларнинг жамиятдаги ўрнини юксалтиришга ҳаракат қилинган.

Шундай инсонлардан бири, "бир ёқдан миллий ислоҳот учун мафкура ҳозирлағон, иккинчи ёқдан эл орасига ўзгариш тухмини сочғон", жадидчилик ҳаракати раҳбарларидан саналган Абдулла Авлоний бўлиб, у Туркистонда биринчилардан бўлиб мактабга география, кимё, ҳандаса, физика фанлари киритилишига таъсир кўрсатади, таълимни реал турмуш билан боғлашга интилади, бир дарс билан бошқаси ўртасида муайян танаффусни, бир синфдан иккинчисига ўтишдаги имтиҳонни жорий этади, таълим тизимининг дунёвий йўналишини кучайтиришга алоҳида эътибор беради.

Жадид маърифатпарвари қаламига мансуб "Биринчи муаллим", "Иккинчи муаллим" номли дарсликлари, "Туркий гулистон ёхуд ахлоқ", "Гулистони мактаб" каби қўлланмалари мактабларда ўқитилган.

Қуйида Абдулла Авлоний танланган асарларидан мактаб, илм, муаллимларнинг аҳамияти, баркамол шахс тарбияси, жамиятдаги муаммолар ҳақидаги қарашларидан айримларини сараладик. Ўйлаймизки, бу фикрлар жадид мутафаккирининг маърифатли жамият ғоясини акс эттириши баробарида бугунги кунимиз учун ҳам бегона эмаслигини кўрсатади.

* * *

Тарбия қилгувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига "яхши хулқ" деган давони ичидан, "поклик" деган давони устидан беруб, катта қилмак лозимдур. Зероки, "Ҳассину ахлоқикум" амри шарифи узра хулқимизни тузатмакға амр қилинганмиз. Лекин хулқимизнинг яхши бўлишининг асосий панжаси тарбиядур.

* * *

Ҳукамолардан бири: "Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдур", демиш. Шариати исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмак оталарга фарзи айн, ўз миллатининг етим қолган болаларини тарбия қилмак фарзи кифоядур.

* * *

Ҳозирги асрда илмсиз кишилар бошқаларга қул ва асир бўлувдан   бошқа ҳеч ишга ярамаслар.

* * *

Жаноб Ҳақ бизларга ниҳоятда кўп неъматлар бермишдур. Бизларга берган неъматларнинг мингдан бирини санаб - ҳисоблаб битирмак мумкин эмасдур. Аммо, бизга берган неъматларин орасинда АҚЛдан азиз ва қимматли неъмат йўқдур. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: "Аллоҳ таоло бандаларга берган неъматлари орасинда ақлдан яхшироқ нарса йўқдур", демишлар. Эй ўғлонларим! Сиз ҳам улуғ неъмат қадрини билингиз! Жаноб Ҳақ бизларни ақлли инсон қилиб бошқа ҳайвонлардан ортуқ қилди. Ва бу ақлни нурландирмақ ва орттурмақ учун ўқимақ, ёзмақ, илму маърифат ҳосил қилмак керак. Ва бу неъматларни қўлға олмақ учун ёшликдан ҳаракат қилмак, чолишмак ва бу улуғ неъматлар баробарига Аллоҳ таолога шукр қилмак ҳар биримизга вожиб ва лозимдур.

* * *

Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга, "биринчи уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи, мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур", деб жавоб берсак, бир киши деюрки, "қайси оналарни айтурсиз, билимсиз, боши пақмоқ, қўли тўқмоқ оналарми? Ўзларида йўқ тарбияни қайдан олиб берурлар", дер. Мана, бу сўз кишининг юрагини эзар, бағрини ёндурар. Отасига нима дерсиз, десак, қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзлари қиймаган, замондан хабарсиз оталарни айтурсизми? Аввал ўзларини ўқитмак, тарбия қилмак лозимдур", дер. Мана бу сўзни эшитгач, умид қўллари қўлтуқға урилур.

Хайр, бўлмаса муаллим-чи десак, "Қайси муаллим? Мақсади пул, маслаги шуҳрат, юқори мактабларда ўқумаган, "усули таълим" кўрмаган муаллимларни айтурсизми? Аввал ўзлари дорилмуаллимин"ларда ўқимаклари, сўнгра дарс бермаклари лозимдур", дер. Мана бу сўз инсонни ҳайрат дарёсига ғарқ қилур.

* * *

Алҳосил, тарбия бизлар учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: "Инсонларнинг карами динидадур, муруввати ақлиндадур, ҳасаби ахлоқиндадур", демишлар.

* * *

Фикр тарбияси энг керакли, кўп замонлардан бери тақдир қилинуб келган, муаллимларнинг диққатларига  суялган, виждонларига юкланган муқаддас бир вазифадур. Фикр инсоннинг шарофатлик, ғайратли бўлишига сабаб бўладур. Бу тарбия муаллимларнинг ёрдамига сўнг даража муҳтождурки, фикрнинг қуввати, зийнати, кенглиги муаллимнинг тарбиясига боғлидур. Дарс ила тарбия орасида бир оз фарқ бор бўлса ҳам, иккиси бир-биридан ойилмайдурган, бирининг вужуди бирига бойланган жон ила тан кабидур.

Масалан: жой солинмаган яхши бир уйнинг ичида ўтирмак мумкин ўлмадиғи каби, ичига ҳар хил янги ашёлар тўлдуруб зийнатланган эски иморат ҳам ўлтурушга ярамайдур. Башарти ўлтурса, инсонлар: "Эски уйга янги золдивор", "кир кўйлакка жун жияк", "мис қозонга лой тувоқ" деб ҳажв, кулги қилурлар.

* * *

Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: "Энг ёмон кишилар илмига амал қилмайдурган кишилар", демишлар. Агар тарбия қилувчи муаллим ўзи олим бўлуб амалсиз бўлса, бунинг ҳам шогирдларнинг ахлоқига зўр таъсири бўладур. "Домланинг ўзи фалон жойда фалон ишни қилди. Аммо бизларга қилманглар, ҳаромдур, деб ваъз этадур", деб фикр ва хаёлларига бўйла шак ва шубҳа тушуб қоладур.

* * *

Илм инсонларнинг мадори ҳаёти, раҳбари нажотидур. Илм ўрганмак, олим бўлмак учун мактабга кирмак, муаллимдан таълим олмак лозим. Ақлсиз кишилар на мактабга кирар ва на муаллимни билар. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: "Эй инсонлар! Ақлингизга тавозеъ қилингиз. Сиз жаноби Ҳақ буюрган ва қайтарган нарсаларни ақлингиз ила билурсиз", демишлар. Ҳукамолардан бири: "Агар ақлингни қўли нафсингни жиловини ушласа, сани ёмон йўлларга кирмоқдан сақлар. Ҳар нарса кўп бўлса, баҳоси арзон бўлур, ақл эса илм ва тажриба соясида қанча кўпайса, шунча қимматбаҳо бўлур", демиш.

* * *

Киши ёш вақтида илм ва маърифат, ҳунар ва санъатга бўйин қўймаса, тараддуд қилмаса, албатта, қора ишчи бўлуб қолур. Шариатга терс, қонунга зид бўлмаган хизматларни қилмак айб эмасдур. Агар бунга ҳам бўйин қўймай бу кўмирчилик, бу темирчилик менга муносиб иш эмас деб, дангасалик қилуб, ишсиз юрса, зўр айб, ғайратсизликдур. Ҳазрати Умар эшик олдида бекор ўтирган бир кишини кўруб: "Ғайратсиз кишилардан Худо безор, исломият ғайрат ила ривож топди, сандек ялқов кишилардан исломият ҳазар қилур", демишлар.

* * *

Қўрқоқ киши ўзининг соясидан ҳуркар, ҳеч бир иш қилишга юраги бўлмас. Кўп кишилар ваҳима ва қўрқоқлик орқасидан молларидан, жонларидан, ватанларидан айрилурлар. Шунинг учун ҳар ишда шижоатни қўлдан бермаслик лозимдур. Шижоат инсониятнинг соф ойинаси, иффат, ғайрат,  истиқомат каби яхши хулқларнинг  нуронийсидур. Шижоатнинг ҳақиқати қалбнинг матонатиндан, руҳнинг саломатиндан иборатдур. Ҳозирги замонда ботирлик - бойликда, қайси давлат ва миллатнинг давлати бўлса, шул устун бўлмакдадур. Чунки ҳукумат учун халқ, халқ учун ҳунар, ҳунар учун илм, илм учун ақча лозимдур.

* * *

Илм деб ўқимак, ёзмакни яхши билмак, ҳар бир керакли нарсаларни ўрганмакни айтилур. Илм дунёнинг иззати, охиратнинг шарофатидур. Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдур. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракотимизни ойина каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткур қилур. Савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан, тозани мурдордан аюруб берур, тўғри йўлга раҳнамолик қилуб, дунё ва охиратда масъуд бўлишимизга сабаб бўлур. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидур. Чунки илмсиз кишилар ота-онасига, қариндош-уруғига, ёр-дўстига, дин ва миллатига фойда еткурмак бир тарафда турсун ўз устига лозим бўлган ибодат ва тоатни ҳам лойиқича қила олмас.

* * *

Олим кишилар ҳар ерда азиз ва ҳурматлидур. Шариатимизда қайси илмга муҳтож бўлсанг, шуни билмак бизга фарздур.

Шунинг учун ўқимак, билмак замонларини қўлдан бермай, вужудимизнинг душмани бўлган жаҳолатдан қутулмакга жонимиз борича саъй қилмагимиз лозимдур.

* * *

Бошқа миллатларнинг ўғуллари, қизлари кеча демай, кундуз демай, ёз демай, қиш демай илм йўлида жонларини фидо қилуб, қувушуб, югурушуб, кўзларимизни қамашдируб турган бир замонда бизлар ҳамон уйқудан, ғафлатдан, жаҳолатдан бошимизни кўтармаймиз, ибрат олмаймиз. Пайғамбаримиз: "Олим бўл, илм талаб қилувчи бўл, ёки илмни эшитувчи бўл, ҳеч бўлмаса шуларга муҳаббат қилувчи бўл, бешинчиси бўлма, ҳалок бўлурсан", демадиларму?

* * *

Алҳосил, ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси ишларини вақтида низомдан чиқармай тартиби ила юрутмакға боғлидур. Шогирдлар мактаб ва мадрасалардаги замонга мувофиқ равишда қурилмиш, низом ва тартибларни риоя қилмаклари лозимдур. Чунки тартиб ва низомни риоя қилмаган кишиларнинг ишлари ҳамма вақт нотамом, ўзлари паришон бўлурлар.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo