Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

22.10.2021


АДАБИЙ ТИЛНИ БУЗИШГА ЖИНОИЙ МОДДА ҚЎЙИЛМАГАН...

Сараланган сатрлар

Расмий тил мақомини юксалтириш доимий кун тартибидаги масала экан, бу борада ижодкорлар зиммасида катта масъулият бўлади. Боиси, айнан ёзувчи, шоирларгина тил имкониятларини рўёбга чиқаради, нозик жилваларини ҳис қилиб, ўқувчи, халқ эътиборига ҳавола этади. Ёзувчи Аҳмад Аъзам ана шундай ижодкорлардан эди. Адибнинг "Тил номуси" китоби, "Бузуқ тил ҳавоси", "Тилувузани мақивоппиза" каби мақолаларида тил ҳимояси, унинг бойиш ва қашшоқлашиш омиллари мисоллар орқали кўрсатиб берилгани билан аҳамиятлидир.

Қуйида ана шу асарлардан парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Ишонамизки, тақдим этганларимизга бефарқ бўлмайсиз.

Ўзбек халқ тили  - улкан, у Марказий Осиёда катта бир ареални қамраб олган, бугунги кун у қирқ миллион, балки кўпроқ одамларнинг она тили. Адабий тил унинг ичида - мисоли давлат ичидаги давлат, бу давлатнинг асоси эса Ўзбекистонимиз, қўшни давлатлардаги ўзбеклар асосан ўз шева ва лаҳжаларида сўзлашадилар; адабий тилнинг улардаги ривожи жуда кўп жиҳатдан бизга боғлиқ, бизда адабий тил давлат мақомида ҳамда қонун ҳимоясида ва боис бу тилни асраб-авайлаш, тоза сақлаш, чет тиллар таъсирини бир меъёрга келтириш зарурияти бизнинг, кўпроқ қалам аҳлининг зиммасида.

*   *   *

Тил - шунчаки гапириш ёки ёзиш эмас, тил - одамнинг тийнати, дил ойнаси, маданияти. Одам олган жами тарбияларнинг ҳосиласи. Атайлаб шевада ёзиш, фарқи йўқ, кинофильмда актёрларни гапиртирамизми ёки телевизорда ўзимиз маҳаллий ватанпарварлик қиламизми, бу билан маънавий чекланганимизни, маънан қашшоқлигимизни кўз-кўз қиламиз. Ўйламайликки, шу билан тилимга табиийлик бераман, ҳам маҳаллаларимизга яқинроқ бўламан деб. Аксинча. Адабий тилни бузишга жиноий модда қўйилмаган, чунки бунга жазо миллатнинг жавобгар аъзоси сифатида ҳар бир одамнинг ўзи билан.

*   *   *

Шўро даврида тил ривожи турғунликда кечди, ҳа, ривожнинг ўзи ҳам турғун эди. Шу турғунликни даврнинг луғатида яққол кўрасиз. Бугун ўқиганда, луғат ҳам мафкура қуролига айланганига таажжубланасиз. "Миллион йиллар ўтганда ҳам, тошга йўнилган хатлар ўчганда ҳам, Ленин кишиларнинг кўнглидан ўчмайди" (Ўзбекча-русча луғат. 1959-йил. 594- бет). Бир вақтлар бу гаплар ҳикматдек ўқилган, бугун эса унга ёш бола ҳам ишонмайди, тўғрироғи, билмайди. Сиёсат экан-да, нима дейсиз, "барқарорлик" сўзига мисол тарзида "совет сўмининг барқарорлиги" деб мисол келтирилган, бугун ғашингиз келади.

*   *   *

Шўро даври исқотига айланган бўлса-да, авом тилининг мағз-мағзига сингиб, ҳали-ҳануз урфда бўлиб келаётган ёт сўз, сўз бирикмалари, атама, ибора ва тушунчалар сон-мингта. Тушунча деганим шуки, бир нарса ёки ҳодисани, масалан, русча эшитсангиз, сиз ҳам уни русча ишлатсангиз, у ҳақдаги тушунча ҳам русча бўлади-да. Айниқса муқобили бўлмаса. "Помидор" деб кўринг-да, ўйланг: қаёқдандир четдан келгани мудом эсингизда туради, уни ҳатто "памилдори" десангиз ҳам ўзбекчалашмайди. Яссиомбурни "пласкагубси" ("плоскогубцы") деб кетдик, асли ўз тилимизда қанақалиги хаёлимизга ҳам келмайди, ўзбекча ўйлашга интилиб, русча фикрлаймиз. Михни тишлаб суғурадигани Самарқанд томонларда "кампироғиз" дейилади, жуда топилган ўхшатма, иккинчидан, бу хил омбур вагони билан Московдан келтирилган бўлса-да, худди ўзимизнинг темирчилар ясагандек жиринглайди, лекин адабий тилда қўллашга чеккамиз тиришади: қишлоқи сўз-да. Қашқадарёда унинг "тишлоғич" истилоҳи бор, бу ҳам ўша маълум ҳудудлардагина айтилади.

*   *   *

Бир ёзувчининг асарида тўғонни "дамба" деб ёзганини ўқидим; ҳаётда шундай, халқдан олинган, қаҳрамонлари шундай дейди, авом тилида ҳам, адабий тилда ҳам асли бу "дам" - сувни тўсиб, дамлайдиган жой, бу сўз рус тилига "дамба" бўлиб кўчиб, яна ўзимизга қайтиб келган, энди русча бўлиб. Яқин-яқингача Ғаллаоролдаги темир йўл бекати "Богарний" дейиларди. Болалигимдан биламан, одамлар ҳам бу бекатни "Богарний" деб келган. Тубини суриштирсангиз, бу сўз ҳам асли ўзимизники: "баҳориги", "баҳорги", "баҳорикор"дан. "Богарные земли", "Богарные сорта" - Ғаллаоролнинг лалми-баҳорикор ерларидан ғалла олинади, расмий ёзишма, ҳукумат топшириқларининг русча бўлгани бу топшириқларни тушунишни ҳам "зерновой    совхоз" сингари руслаштириб юборган.

Тепадан тилни руслаштириш ҳақида буйруқ ё хос кўрсатма тушмаган, унинг бузилишлари аксарият ҳолда мафкура босимининг одамлар онгига таъсир ўтказиши билан боғлиқ. Бизга ҳозир бу ўз-ўзича шундай бўлгандек туюлади, авом нутқи.

*   *   *

Тиллар аралашувининг жуда ғалати, гоҳида завқли ҳолатларига дуч келасиз. Қишлоқда кампирлар уддабурон, билгич одамни ёқтирмасалар, "Жуда хитир одам", дейдилар: "хитрый, "хитёр" сўзи ўрисчани мутлақо билмайдиган кампирларнинг тилига кириб, "айёр", "устомон" каби сўзларнинг ўрнида қўлланади. Мана, ўзингиз қаранг: "Рўзғорда иканом бўлмаса, капейка", "Менга мушайт қилма", "Ҳа, катайса қилиб келдингми?", "Келинни падрушка қилиб юрибсанми?". "Шунақа палитка қилиб кетди-да" ("экономия", "копейка", "мешать", "кататься", "политика" сўзларининг талаффузда турланиши)…

*   *   *

Ғалати, жуда ажабланарли, "нақлиёт" ўзимизда ишлатилиб келгани ҳолида "жамоат транспорти" деймиз. Транспортни "улов" демаймиз, уни фақат эшакка нисбатан ишлатамиз, гўё "улов" десак, ғилдираги тушиб қолиб, дум чиқарадигандек, ўзимиз қолоқ андига айланадигандек.

*   *   *

Халқ тилининг насли тоза бўлади, четдан кўп оқова қўшилиб, усти лойқаланса-да, туби тиниқлигича қолади. Оқованинг лойқаси ҳам вақт ўтиши билан чўкади, шу туб оқимга аралашиб кетади. Лекин кўп қуйилаверса, уни ҳам бўтана қилади, қайта тинитиш учун не-не йиллар, балки асрлар керак бўлади. Йигирманчи аср бошларидан бери тилларнинг аралашув жараёни бир текис муқаррар кечаётгани учун нотоза сувни ичишга кўникиб  боряпмиз, тил таъмини билишимиз сусайган. Бу эса тафаккурни тўмтоқлаштиради.

*   *   *

Бепарвомиз. Мана, "мышка", "презентация", "лайк" ("лайк қилмоқ"), "парол", "логин", "онлайн", "блог", "пост", "статус", "мобил версия", "домен", "интернет-провайдер", "оператор", "модератор", "спам", "е-майл", "сайт-вебсайт", "чат" ва ҳоказо шундай ўнлаб атамаларни қандай бўлса, шундайича ўзимиз     киритяпмиз, буларнинг анчаси ўзбек тилида муқобилига эга, йўқларини эса бор сўзларимиздан яратишимиз мумкин. Лекин оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин деб, четкиларга  тилимиз тўридан жой беряпмиз.

*   *   *

Илгари ижодкорлар, шоирми, ёзувчими, бахшими, тилни халқдан, халқ орасида юриб ўрганган, бошқа қаёққа ҳам борсин эди. Бу гап илгари "улар ҳаводан нафас олган" деганга ўхшайди. Ҳозир эса матбуот, хусусан радио-ТВ, айниқса телевидениедан ўрганади. ТВнинг тил ҳавоси эса жуда бузуқ. Йўқ, бугунга келиб тилга эътиборнинг сусайгани ё, ҳозир кўп айтиладиганидек, фақат шевачиликдан билиқсиб кетаётганида эмас, ўзи ТВнинг характери шундай - ундаги тил - иссиқхона тили, қуритилган, тозаланган, қайчиланган, қаноти, панжаси қирқилиб, мана ниҳоят қуш қилинган тил, хуллас сунъий тил. Тил жозибаси ТВда йўқ. Лекин бошқа ўргатувчи ҳам йўқ: китобларнинг тиражи паст, расмий матбуот нашрлари адади жуда кам, каттароқ тиражда чиқаётган хусусий газеталарнинг ўзига тил маданияти етиб бормаган. Туман мухбирлар лашкари "Мулла билганини ўқийди"га амал қилиб, оғизларига келганини гапириб, ёзиб ётибдилар. Ҳай, инсоф борми, сизлар ҳам бир нарсани ўқиганмисизлар, деб сўрайдиган одам йўқ. Ясама сўзлар, ғализ иборалар ғиж-биж ачиб ётибди, уларни битталаб санаб чиқишга умр етмайди. Баъзан энди фойдаси йўқмикан, шундай кетаверадими, деб кўнглинг чўкиб кетади. Кенг тарқалган нодонлик жорий донолик бўлиб қоляпти.

*   *   *

...эшитувчи сезмас экан деб сидирғасига, нафас ростланмай, суриб кетавериш инсофдан эмас. Атай шевада "воттилаш", "маған-саған", "буйтиб-шуйтиб", "галди-гатти" қилиш (ТВ-радиода шевада гапирган одам атайлаб қилади, чунки у мактабда адабий тилда ўқиган, балодай билади ҳам), ўзидан бошқа шеваларга беписандлик, умуман элга беҳурматлик, калтабинликдан бошқа нарса эмас.

*   *   *

Ўз тилимиз, шева сўз бойликларига эътиборсизлигимиз туфайли, масалан, оҳу, кийик, марал, буғуни фарқламаймиз. Сайғоқни бир "сайгак", "кийик" деймиз, бир "оҳу", унинг номини ҳам русчадан ўзбекчалаштирганмиз (русларнинг ўзи биздан олган шекилли), йўқ эса асл истилоҳлари бор: "бўка","оққуйруқ" (Америка қитъасидаги оққуйруқ билан аралаштирмаслик керак). "Кийик боласи" деймиз, "қуралай" эса фольклорда қолиб кетяпти ё кўчма маънода ишлатилади ("кўзлари қуралай"). Бир фильмда гну антилопаси "гну оҳуси" деб таржима қилинди. Гну - гавдаси қорамолдек, шохи ҳам буқа шохига менгзаш йирик ҳайвон, биз эса оҳуни нозик кийик сифатида тасаввур қиламиз. "Чиябўри ё шоқол боласи" дейилади, халқ эса "войвояк" дейди. Асл муқобилини билмайгандан кейин ҳар мақомга йўрғалашнинг нима кераги бор: "ҳайвонларнинг кўпайиш мавсуми" эмиш! Бу фасл луғавий маъносида ҳам кўпайиш мавсуми эмас, куйга келиш, куйикиш, илиқиш, қочиш палласи. Кўпайишнинг жониворларнинг турига қараб, "қўзилаш", "қулунлаш", "кучуклаш", "болалаш" каби ўрнида қўлланадиган истилоҳлари мавжуд. Матбуот тилидаги беўхшов "қўзилатиш мавсуми"ни халқ соддагина қилиб "тўл" дейди-қўяди. "Ёмғирлар мавсуми" эмас, "ёмғир мавсуми", аниқроғи "ёғин мавсуми", яна ҳам аниқроғи "ёғингарчилик", авом тилида бундан ҳам тўғрироқ - "ҳўлгарчилик".

*   *   *

Халқнинг ўзи қўйган атамалари аниқ-таниқ, содда ва ихчам бўлади.

Масалан, тоғнинг баланд чўққисини "осмонўпар қоялар", "кўкка бўй чўзган" деб бўяб-бежаб чўзмайди, "нурама" деб қўя қолади ("нурама" қорли ё яйдоқ чўққининг нур қайтаришидан олинган бўлса ҳам бордир, яна билмадим). Чўққи учи - нураманинг шакл-шамойили, ўрнига қараб "қироқ", "хорра, "ҳуччи",  "сала"... каби бир нечта муқобили борки, ҳар бири муайян ўшанақа чўққи ё қоя учини билдиради. Халқ "тоғнинг қиялик жойи" демайди, балки "эниш" дейди, энишнинг майда тош қопланганини лўнда қилиб "чағил" дейди ("Чағил қизима ер бўлади" - бу лўнда ибора маъносини бериш учун қанча ортиқча сўз ишлатамиз биз). "Тоғ бағридаги ингичка йўл" битта атама билан "чизиқ" деб айтилади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo