Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 март, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Бекзод САЙФИЕВ

21.02.2020


АДАШГАН, БИРОҚ БИЛИМСИЗ БЎЛМАГАН ФИРҚАЛАРНИ РАД ЭТИШДА

Абул Мўъийн ан-Насафий қандай далиллар келтирган?

Дин ва давр

Барча даврларда бўлгани каби бугунги кунда ҳам етарли билими бўлмаса-да, дин, эътиқод масалалари бўйича фикр юритиб, минг йиллардан бери амалда бўлган ва бундан кейин ҳам шундайлигича қолиши аниқ масалаларни ўзгартириш истагидаги, қайсидир инсонларнинг феъл-атворидаги қусурларни динга боғлаб, ўша одамни эмас, динни ўзгартириш кераклиги ҳақида вайсайдиганлар учраб турибди. Уларга раддия билдиргувчилар эса шаръий ҳукм ва далиллар келтириш ўрнига бояги "даъвогар"ни сўкиб, ҳақоратлаш йўлини тутаётганлари у қадар маъқул иш эмас.

Айнан шундай пайтларда буюк ватандошимиз Абул Мўъийн ан-Насафий ҳазратларининг турли адашган фирқаларга келтирган раддиялари аҳамияти билинади. Ҳолбуки ўз давридаги ибоҳия, хорижия, муътазилия, қадария, жабария каби ботил фирқалар, тўғри, адашган эди, бироқ билимсиз эмасди. Ҳеч кимга сир эмас, билимсиздан кўра, кўп нарсани биладиганга бирор нарсани уқтириш, тушунтириш қийинроқ. Чунки у ҳамма нарсани биламан, деб ўйлайди. Дарҳақиқат, ўша, минг йиллар олдинги ботил фирқалар динни, шаръий масалаларни нозик жиҳатларигача билиши билан ҳозирги саводсизлардан ажралиб турарди ва улар келтирган далилларни рад этган ватандошимиз нақадар кенг билим ва дунёқарашга эга бўлганини кўриш мумкин.

Абул Мўъийн ан-Насафийнинг "Баҳр ул-калом" асарида келтирилишича, қадария мазҳабидагилар "Банда барча нарсага ўз касби - саъйи ҳаракати билан эришади. Бунда Аллоҳ томонидан бирор қувват ёки ёрдамга муҳтож эмас", деб ҳисоблайдилар. Уларга жавобан эса шундай дейилади: "Имон Аллоҳнинг ҳидояти билан банданинг ишидир. Уни танитиш, билдириш Аллоҳдан. Таниш эса бандадан. Тавфиқ Аллоҳдан; ҳаракат, ният, қасд бандадан. Аллоҳ таоло томонидан содир бўлгани махлуқ эмас, аммо банданинг барча амали махлуқдир. Чунки Аллоҳ таоло барча сифатлари билан ғайри махлуқ, банда эса барча    сифатлари билан махлуқдир. Аллоҳ ва банда сифатларини ажрата олмайдиган ҳар қандай киши бидъатчи ва адашувчи бўлиб қолади".

Муътазила айтади: "Барча ёмонликлар банданинг амалидир. Чунки Аллоҳ таоло ёмонликни тақдир қилмайди, ҳукм қилмайди, хоҳламайди. Агар У ёмонликни ҳукм қилсаю, кейин шунга кўра азобласа, Аллоҳ жабр ва зулм қилувчи бўлиб қолади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло зулму жабрдан покдир". Шу фикрни асос қилиб олган ҳолда улар ўзларини "адолат ва тавҳид аҳли" деб аташади.

Насафий ҳазратлари таъкидлайдики, "...бизнингча, банда (жузъий) ихтиёр ва қудратга эга. Тақдир ҳам илм каби бўлиб, инсонни гуноҳга мажбурламайди. Аллоҳнинг билиши хабардорлигидир. Ҳукм ҳукм қилувчининг сифатидир. Шу каби, сифат ҳеч кимни тикувчилик, дурадгорлик илми кабиларни бажаришга мажбурламайди. Масалан, хўжайин қулига: "Агар ҳовлига кирсанг, озодсан", - деса, ҳовлига киргач, озод қилади. Шу каби талоқ - итоқ масаласи ҳам ҳовлига кириш орқали амалга ошади. Қасам ичиш уйга киришга мажбурлаш эмас. Асосий эътибор бажарилган ишга қаратилади. Шу тариқа, мазкур амал (феъл) Аллоҳ таолонинг ҳукми билан амалга ошди. Лекин бу амалнинг бажарилишига мажбур қилинди дегани эмас".

"Аллоҳ таоло зино сабабини яратди, лекин бу билан зинонинг нисбати Аллоҳга қаратилмайди. Бу гап Аллоҳ таоло банданинг нафсида ҳаракат, қувватни яратди, дейишга далолат қилади.

Банда ўз хоҳиши билан нафсига эгалик қила олади. Демак, ҳаракат ва қувват, агар шу ҳаракат Аллоҳнинг хоҳиши ва ҳукми билан амалга ошган бўлса ҳам, Аллоҳга нисбат бериб бўлмайди", дея қўшимча қилади аллома.

Муржийлар: "Дўзах аҳли дўзахга кирсалар ҳам, у ерда балиқ сувда юргани каби азобланмайдилар. Кофир ва мўминнинг фарқи шуки, мўмин жаннатда хоҳлаганича ейди, ичади. Дўзах аҳли эса еб-ичишдан маҳрумдир", - дейди.

Насафий Муржиия қарашлари ботиллигига Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларини далил сифатида келтиради:

1. "Улар у жойда: "Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин - бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!" - деб фарёд қилурлар" (Фотир сураси, 37-оят).

2. "Бас, (шаҳарларнинг аҳли) ўз қилмишларининг уволини тотдилар..." (Талоқ сураси, 9-оят).

3. "Улар (дўзах фариштасига) "Эй, Молик! Парвардигоринг бизга ўз ҳукмини қилсин (жонимизни олсин) деб нидо қилганларида, у (фаришта): "Сизлар (шу азобда мангу) қолувчисиз!", - дейди" (Зухруф сураси,      77-оят).

4. "...терилари куйиб битиши билан ўрнига бошқа (янги) териларни алмаштириб турамиз" (Нисо сураси, 56-оят).

Жабария фирқаси ақидасига кўра, бандада ҳеч қандай тоқат ҳам, ихтиёр ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам, у куфр ва имонга мажбурдир. Улар ўз қарашларига "Ҳар қанча истасангиз ҳам хотинларингиз ўртасида адолатли (ҳаммасига бир хил муносабатда) бўла олмайсиз" оятини далил келтирадилар. Уларнинг фикрича, Аллоҳ таоло уларнинг адолатли бўла олмасликларини хабар бериш билан бирга "ҳеч қачон адолатли бўла олмайсиз" дейдию, аммо адолат қилишга буюради. Фаришталарга: "...ана у нарсаларнинг номлари билан Менга айтиб берингиз!" - деб уларнинг қодир эмасликларини била туриб, буюради. Шунингдек, "Болдирлар очиладиган" (ишлар мушкуллашадиган) ва сажда қилишга чорлашганда (саждага) кучлари етмай қоладиган кунни (қиёматни) эсланг" ва Пайғамбаримиз тилидан айтилган "Эй, Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама!" оятларида ҳам шундай.

Агар ожизга итоат буюрилмаса эди, бу оятнинг нима маъноси ёки фойдаси бор?!

Ҳадиси шарифда келтирилишича, "ким бир суратни қўли билан чизса, қиёматда унга пуфлаб жон киргизиб бер", - деб буюрилади.

- Бизнингча, "Нисо" сурасидаги "адолат қила олмайсиз" оятидан мурод банданинг қалб муҳаббатини тенг қила олмаслигидир, - дейди Абул Мўъийн ан-Насафий жабария фирқаси даъволарига раддиясида. - Банда шу ишга қодир эмас. Пайғамбаримиз айтадилар: "Эй, Парвардигор! Мана бу менинг тақсимим қўлдан келгунча, шу қодирлигимга кўра азоблама, бундан бошқасига қодир эмасман".

"Бақара" сурасидаги "ана у нарсаларнинг исмлари билан менга хабар беринглар" оятидан Аллоҳ уларнинг ожизлигини билиб, қадар қилди мазмуни англанади. Чунки улар ўзларини Одам алайҳиссаломдан билимдонроқ деб ўйлашган эди. Бу эса ана шу билмасликлари орқасидан азобланмасликларини билдиради. "Қалам" сурасидаги оятда эса улар дунёдаликларида сажда қилишга чақирилган эдилар. Бинобарин, энди охиратда саждани тарк қилишлари оқибатида азобга ҳақли бўлиб қолади маъноси тушунилади. "Бизга тоқатимиздан ташқари юкни юклама" ояти таъвилига жавоб айтамиз: Бундан мурод уни доимий қилиш машаққатли бўлган нарсани бизга юклама, бундан асло тоат қилмаслик келиб чиқмайди. Аксинча, "қўлимиздан келадиган ишни буюр", - деганидир. Тафсирларда унинг мазмуни "Бизларни маймунлар ва чўчқаларга айлантирма" деган мазмунда келгани айтилади.

Сурат тўғрисидаги ҳадис эса, ожизликни қарор топтириш ҳақида бўлиб, ишнинг охири азобга ҳақли бўлади.

Тўғри, инсон ҳаётда адашади, хато қилади, билиб-билмай гуноҳга қўл уриши ҳам бор гап. Бундайларни гуноҳкор, ҳатто кофирга чиқарадиганлар орасида ҳатто диндан хабари бор, тақводорлар ҳам учраб туришини кундалик ҳаётни кузатиб биламиз. Хўш, биров ҳақида ҳукм чиқариш шу қадар осон ишми? Бу масала минг йиллар аввал турли фирқаларни ҳам қизиқтирган, табиий. Аҳли сунна вал жамоа "Мушрикларнинг гўдаклари аҳли жаннатнинг хизматкорларидир" деса, Муътазила фирқаси "Уларнинг ҳукми оталари каби бўлиб, абадий дўзахга маҳкумдирлар", - дейди.

Насафий ҳазратлари аҳли сунна вал жамоа уламолари шу масалада ихтилоф қилиши, Абу Ҳанифа (Имом Аъзам): "Уларнинг жаннатда бўлишини ҳам, дўзахда бўлишини ҳам билмайман", дегани, Муҳаммад ибн Ҳасан эса: "Аллоҳ таолонинг гуноҳсиз кимсани азобламаслигини биламан. Абу Ҳанифа далил келтиришдан эҳтиёт бўлиб, "билмайман" деб қўя қолдилар", - деб (ақлий далил билан) жавоб берганини далил сифатида келтиради.

Қайд этилишича, Рофизийларнинг бир тоифаси: "Ваҳий Али (разияллоҳу анҳу)га нозил бўлиши керак эди. Лекин Жаброил (алайҳиссалом) адашиб Муҳаммад (алайҳиссалом)га олиб келган", деб ҳисоблар экан. Яна бошқа тоифаси эса "Али пайғамбарликда шерикдир" деган иддаони илгари сураркан.

"Уларнинг барчаси кофир, - дейди Насафий ҳазратлари. - Чунки улар Қуръон оятларини ва уммат ижмоини инкор қилдилар. Аллоҳ таоло айтади: "Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир" (Фатҳ сураси, 29-оят)".

Рофизийлар яна "ерда пайғамбарлик тугамайди", деб ҳисоблаб, пайғамбарлик Али разияллоҳу анҳу ва унинг авлодига мерос бўлиб ўтганини даъво қилишган.

Аллома бунга далил сифатида Аҳзоб сурасидаги "Балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир" оятини келтириб, шунингдек, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам "Мендан кейин пайғамбар йўқ" деганларини, шундай экан, кимки "яна пайғамбар чиқади" деса, Қуръон ҳужжатини инкор этган бўлиб, кофир бўлишини айтади.

Бир тоифа шиа эътиқодидагиларнинг фикрича, хамр (маст қилувчи ичимлик) ҳаром эмас, лекин макруҳдир. Улар сўзларига Аллоҳ таолонинг: "Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун - агар ширкдан сақланиб, имонда ва савобли ишларда давом этсалар... олдин еб-ичган (ҳаром) нарсаларида гуноҳ йўқдир" оятини далил келтирадилар.

Насафий далилича, хамр ҳаромдир. Чунки у ҳақда ҳадис ворид бўлган: "Сизларга маст қилувчи ичимликларнинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром қилинди".

Бугунги кунда турли газета-журналларда "Мунажжимлар башорати"га дуч келамиз. Бундай қарашдаги кишилар неча асрлар аввал ҳам бўлган экан. Уларнинг ишонишича, бурж ва юлдузлар ер аҳлининг    ишларини бошқаради. Шу сабаб, ким юлдуз илмини билса, ўз тақдирини ўзгартириш қудратига эга бўлади. Ўзига нима яхши бўлса, шунга амал қилиши, ўзига ёмон бўлган нарсадан сақланиши мумкин бўлади. Ҳатто қачон ўлишини ҳам билади.

Абул Мўъийн ан-Насафий айтадики, аҳли сунна вал жамоа ўзгача фикрда: бу буржлар, юлдузлар, қуёш, ой каби барча нуроний мавжудотлар Аллоҳнинг буйруғига бўйсундирилгандир. Улар ҳеч нарсани тадбир қила олмайди. Ишлар тадбиркори Аллоҳдир: "Қуёш, ой, юлдузларни Ўз амрига мусаххар (муте) қилиб қўйган Аллоҳдир (Аъроф сураси, 54-оят)".

Рофизийларнинг бир тоифаси Али ва саҳобалари бу дунёга қайтадилар ҳамда душманларидан ўч олиб, жабру зулмга тўлган бу дунёни адолатга тўлдирадилар, деб ҳисоблашган.

Аллома бунга жавобан аҳли сунна вал жамоа қарашини келтиради. Унга кўра, ҳар қандай ўлган кимса дунёга қайтмайди. Унинг қайтишига ҳеч қандай далил йўқ. Бунинг тўғрилигига "Биз сизларни ундан (ердан) яратдик, унга қайтарурмиз, ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир марта ундан чиқарурмиз" ояти ва Ёсин сурасининг 31-оятида келтирилган, Аллоҳнинг "Ахир, улар ўзларидан олдин ҳам қанча авлодларни ҳалок қилганимизни - ўшалар уларнинг олдига (дунёга) қайтиб келмаётганини кўрмаганмидилар?! - сўзлари далилдир".

Умуман олганда, буюк ватандошимиз Абул Мўъийн ан-Насафий ҳазратлари келтирган далиллар асосли, нишонга аниқ урилгани билан эътиборлики, бу илмий меросни ўқиб-ўрганиш барчамизга манфаатлидир.

Бекзод САЙФИЕВ

 

Report typo