Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ҲАЙДОВЧИ МАСТЛИК ҲОЛАТИ БЎЙИЧА ТЕКШИРУВДАН ЎТИШДАН БЎЙИН ТОВЛАСА, "ГАИ" ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТАДИ?

10.11.2020


ҲАЙДОВЧИ МАСТЛИК ҲОЛАТИ БЎЙИЧА ТЕКШИРУВДАН ЎТИШДАН БЎЙИН ТОВЛАСА, "ГАИ" ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТАДИ?

 Мажбурлайдими, қўлини орқага қайириб, кўпайлашиб олиб кетишадими ёки бошқа чораси борми?

 Белгиланган тартибга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув тегишли тартибда сертификатланган ва натижаларни қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита - алкотестер ёрдамида амалга оширилади.

 Бироқ, бизда ҳамон ушбу ҳолатда давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) ходимлари, гарчи гигиена талабларига зид бўлса-да, тўғридан-тўғри оғизни обдан ҳидлаб гумон қилиш ва сўнг тиббий кўрикка жалб қилиш усулида ишлашда давом этишмоқда.

 "Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисида"ги низомда қайд этилишича, ҳайдовчи оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келиши; бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши); нутқи бузилганлиги; қўл бармоқлари қалтираши; юз териси ранги сезиларли ўзгарганлиги унинг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга асос бўлади.  Бу ўринда "алкоголь ҳиди келиши" жумласи тасодифийликни англатадими ёки ундан "рейд"ларда кенг қўлланилаётган атай оғизни ҳидлаш амалиёти тушуниладими, мавҳум қолдирилган.   

 Хуллас, шу белгилардан бири ёки бир нечтаси кузатилганда ДЙҲХХ ходими тўхтатилган транспорт воситаси ҳайдовчиси мастлик ҳолатида эканлигини аниқлаш учун қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида белгиланган тартибга асосан техник восита ёрдамида текширув ўтказади. Ундан олдин ходим ҳайдовчини алкотестернинг ишлаш тартиби билан таништириши, талаб қилинса, техник воситага тегишли ҳужжатларни кўрсатиши лозим. Текширув жараёнига камида икки нафар холис иштироки  таъминланиши керак. Ходим томонидан кузатув камераси (body camera)дан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган текширувларда холис иштироки талаб этилмайди.

 Ушбу жараёнда транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлса ҳамда гумонланувчининг алкотестер кўрсатган натижаларга эътирози бўлмаса, ДЙҲХХ ходими ҳайдовчига нисбатан алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги факти юзасидан маъмурий баённома расмийлаштиради.

 Агар мастликда гумонланган транспорт воситаси ҳайдовчиси техник восита ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд алкотестер кўрсатган натижаларга эътирози бўлса, ДЙҲХХ ходими уни тегишли тиббий кўрик учун туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради.

 Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ҳозирча бизда хизмат олиб борадиган ДЙҲХХ ходимларининг ҳеч бирида алкотестерни кўрмайсиз. Демак, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун улар ҳозирча шахсни тўғридан-тўғри тиббий кўрикка етаклашдан ўзга йўл тутолмайди.  

 Тиббий текширув мастлик ҳолатида эканлиги гумон қилинган транспорт воситаси ҳайдовчиси тўхтатилган (йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган) пайтдан бошлаб, узоғи билан бир соат ичида ўтказилиши лозим. Жараёнда этанол буғлари бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида улардан фақат чиқарилаётган нафас ҳавоси намунаси олинади. Шахснинг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигига гумон пайдо бўлганда мастлик ҳолатини келтириб чиқарган моддани аниқлаш мақсадида биологик суюқликлар (пешоб, сўлак) текширувдан ўтказилиши шарт.

 Мастликнинг клиник белгиларини аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда текширувдан ўтказиш учун қон намунаси суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарори асосида тегишли даволаш-профилактика муассасаларида олинади. Шахснинг алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганлиги тўғрисидаги тиббий хулоса алкоголь маҳсулотининг қондаги концентрацияси 0,3 промилле ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда чиқарилади.

 Текширилувчида хулосага нисбатан эътирозлар мавжуд бўлган ҳолларда у бошқа тиббиёт муассасасида қайта тиббий текширувдан ўтказилишини талаб қилишга ҳақли. Бунда қайта тиббий текширувдан ўтказиш мастлик аломатлари аниқланган ёки йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган вақтдан эътиборан икки соат ичида бошқа яқин масофада жойлашган тиббиёт муассасасида амалга оширилиши лозим.

 Тиббий текширув натижалари бўйича тегишли тартибда расмийлаштирилган тиббий текширув баённомаси нусхаси текширувдан ўтказилган шахс талабига кўра, унга ҳам (қоғоз ёки электрон шаклда)  берилиши шарт.

 Аслида алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш яхши иш эмас ва қонун йўли билан таъқиб қилинади. Хусусан, ана шу ҳуқуқбузарлик белгиланган тартибда ўтказилган текширув натижалари билан тасдиқланган тақдирда расмийлаштирилган баённомага асосан ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдори (айни пайтда 223 минг сўм)нинг 25 баравари миқдорида жаримага тортилиши назарда тутилган.

     Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

    Агар тўхтатилган транспорт воситаси ҳайдовчиси мастлик ҳолати бўйича текширувдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда ДЙҲХХ ходими унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 136-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради. Бу ҳайдовчига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан  3 йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг  15 баравари миқдорида жарима солишга, худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Report typo