Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 апрел, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • Аёл киши эркакларнинг ёрдамисиз ҳам атрофидагиларга ўзини тан олдиришга қодир

НАСРИДДИН

09.03.2023


Аёл киши эркакларнинг ёрдамисиз ҳам атрофидагиларга ўзини тан олдиришга қодир

Сараланган сатрлар

Аёл - сирли хилқат. Уни тўлалигича тушуниш, кашф этиш ҳали ҳеч кимга насиб этмаган. Бирор бир санъат асари йўқки, аёл кўзда тутилмаган бўлса. Жилд-жилд романлар, тасвирий санъат намуналари, куй-қўшиқлар - барча-барчаси аёл васфига, мадҳига қаратилганки, ҳеч бир ёзувчи-шоир, рассом, бастакор, режиссёр - аёл ҳақида тугал фикр айта олдим, демайди. Бунинг имкони йўқ. Қилни қирқ ёрадиган мутахассислар ҳам аёл олдида ожиз.

Бу борада Ўткир Ҳошимов роса ўхшатиб ёзган: "Аёл қавмини ипидан игнасигача биламан", дейсизми?  О-о-о, сиз даҳо экансиз! Айтинг-чи, шарқдан секундига беш-етти метр тезликда эсаётган шамол ўн дақиқадан кейин шимолга буриладими, жанубгами? Ярим соатдан кейин изғиринга айланадими, бўронгами?.."

Аёл - она, аёл - опа-сингил, аёл - рафиқа, қиз. Шундай экан, улар ҳар қанча ҳурмат-эҳтиромга, эъзозга лойиқ.

Дунё адабиётида аёл сувратига чизги ўлароқ кўплаб асарлар яратилган. Улардан бири япон адиби Такэо Арисиманинг "Аёл" романидир. Айтишларича, муаллиф Лев Толстойнинг "Тирилиш", "Тавба", "Анна Каренина" асарларидан таъсирланган.

Япон адабиётининг Рюноскэ Акутагава, Ясунари Кавабата, Кобо Абэ, Танидзаки Дзюнъитиро, Кендзабуро Оэ, Кадзуо Исигуро каби вакиллари даражасида бўлмаса ҳам Арисима асари аёл оламини кашф этишга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

*  *  *

Осойишта жилмайиш, хоҳлаганимда ҳўнграб йиғлаш, менга ўхшаш телбаларга хос одат. Ғалати қилиқларсиз, яшолмаган бўлардим. Дарвоқе, эркакларга буни тушунишга йўл бўлсин.

*  *  *

Одам ҳақида бир томонлама ҳукм чиқариш, ҳар ҳолда, шафқатсизлик...

*  *  *

Йўловчи борки, хоҳ у денгиз сафарига ўрганган бўлсин, хоҳ биринчи бор узоқ сафарга чиқаётган бўлсин, пароход жойидан қўзғалганда биронтаси ҳам ўз жойида туролмайди.

*  *  *

Одатда сокин оқаётган дарёда қилдек кичкина чегарада албатта шиддатли, кўпириб оқадиган оқим бўлади.

*  *  *

Аёл киши учун никоҳ моддий хотиржамлик билан боғлиқлигини, унинг кишанларида азобланишини эркак киши қаёқдан ҳам тушунсин.

*  *  *

Аёл киши агар унда ақл-фаросат ва қобилият етарли бўлса, эркакларнинг ёрдамисиз ҳам атрофидагиларга ўзини тан олдиришга қодир.

*  *  *

Кўп ҳолларда кексалар ўтмиш ҳақида узоқ, зерикарли ҳикоя қилиб таскин топишади.

*  *  *

Аёлларни қулликка маҳкум этадиган эркакларда қадимги Одам Атода бор бўлган покдомонликдан асар ҳам йўқ. Аёллар итоатгўй эканликларида, эркаклар буни ҳисобга оладилар, агар аёллар салгина ўзбилармонча иш тутсалар, улар ўша заҳоти мустабидга айланадилар. Буни тақдирлайдиган резги қалб аёллар ҳам топилади.

*  *  *

Маргимушга ўрганиб қолган, усиз бир лаҳза ҳам туролмайдиган бемор, айни пайтда, унинг қандай кучли заҳар эканини била туриб шундай қилади. Йоко ҳам худди шундай аҳволга тушиб қолганди. Атрофида гирдикапалак бўлиб, ўралашиб юрган эркаклар учун ўргимчакнамо совуққонлик билан ўз тўрларини тўқир эди. Улар ҳам беистисно ҳаммаси бу тўрга илинар эдилар. Ўзи ҳам билмаган ҳолда у раҳмсиз бўлиб қолди. Яшаш ташналиги Йокони кун-бакун беадад тортиш кучига эга бўлган қонхўр ўргимчак мисол маккорона тўрни тўқишга мажбур қиларди. Тўрига яқин келмаган ва уни ҳақоратлаган кимсаларга у йўлда ётган тош ёки ёғочдек қарар, совуқ муносабатда бўлар эди.

*  *  *

Йоко доимо ниманидир - нималигини ўзи ҳам билмасди - изларди. Ҳатто ўша "нимадир" шундоққина ёнида турганида ҳам, уни ўз иродасига бўйсундиролмасди, аксинча, худди қўғирчоқ каби итоаткорлик билан унга бўйсунарди.

*  *  *

Қадимда: "Бир кун минг йилга тенг!" дейишган экан.

*  *  *

Йоконинг доим ўз ишига муккасидан кетган одамни кўрганда кўзида ёш айланарди, бу - даласида жон куйдириб ишлаётган деҳқонми, орқасига боласини опичиб, қўлида байроқча ушлаганча темир йўл кесиб ўтиладиган жойда турган аёлми ёки юк тўла аравани қаро терга ботиб тепаликка итараётган эр-хотинми - бари бир.

*  *  *

На иссиғию на совуғи бўлмаган соф севгидан нима фойда? Агар яшар экансан, яшаётганингни ҳис қилиб яшаш керак!

*  *  *

Тентаклар билан, улар қип-қизил тентак бўлган тақдирларида ҳам эҳтиёт бўлиб муомала қилиш керак.

*  *  *

Агар сен душманингни енгмасанг, у сени енгиб қўйиши турган гап.

*  *  *

Бахтимни деярли қўлга киритганлигим ниҳоятда ғалати ва ажиб, лекин битта-яримта, сен унинг чўққисига эришдинг, дегудек бўлса, мен ўша заҳоти тил тортмай ўламан.

*  *  *

Бировнинг эркига тажовуз қилиш - бу ҳаммадан ёмони.

*  *  *

Энг қимматлиси - бу ҳаёт, келгуси ҳам эмас, ўтмиш ҳам эмас, балки ҳозирги ҳаёт ва мен уни шундай яшашим керакки, кейин бирон нарса ҳақида афсусланмай. Мен қоқилишим, йиқилишим мумкин, лекин бари бир ҳам бошқаларга ўхшаб умидсизланиб, зорланиб юрмайман. Йиқилсам - туриб оламан. Балки тентакдирман ҳамда бошқа одамларга ўхшамагандирман, лекин мен айнан шундай яшашни хоҳлайман.

*  *  *

"Одоб чегарасидан" чиқишдан қўрқадиган бўлсангиз, бундай дабдабали кийимлару олтин-кумуш безакларингизнинг ва упа-элик чаплаб пардоз қилишингизнинг нима кераги бор сизларга. Буларнинг бари жамиятдаги ўз мавқеингизга диққатни жалб этиш ёхуд ҳақиқий эрингизга ёқиш учунми? Фақат шунинг учунми, а? Балки сизлар ўтиб кетаётган эркаклар нигоҳини ўзингизга жалб этишни хоҳларсиз? Разил, қўрқоқ, ич-ичидан бижиб кетган товламачилар!"

*  *  *

Дунёда эркин яшашга халақит берувчилар бунчалар кўп экан-а?

*  *  *

Ҳар ҳолда, эндигина йигирмадан ошган бўлсангиз керак. Агар сизнинг ёшингиздаги одам бегоналарнинг ҳаётига бетакаллуф тумшуғини тиқадиган бўлса, яъни худди сизга ўхшаб, демак, у ўтакетган аҳмоқ бўлади. Бундан ташқари, ҳақиқий эркак, гапиришдан аввал ҳар бир сўзини ақл тарозисига солиб олиши керак.

*  *  *

Айтишларича, ҳаёт жуда мураккаб нарса. Имоним комилки, агар куч-қудратни аямай, виждонан иш юритиладиган бўлса уни қуёшдай ёп-ёруғ қилиш мумкин. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз: қийинчиликлар ҳам, носозликлар ҳам, уруш-жанжаллар ҳам, лекин у ёқ-бу ёққа бурилмай, белгиланган йўлдан қатъий равишда қадам ташлаш керак.

*  *  *

Одам ўзини аҳмоқона тутгандан ёмони йўқ.

*  *  *

Бир кунмас-бир кун инсоннинг ҳаётида шундай дақиқа бўладики, шунда у барчаси учун ҳисоб-китоб қилиши лозим. Келажак ҳақида ўйламасдан бировларнинг ҳисобига айш-ишрат қилиб, дунёни сув босса ҳам тўпиғига чиқармаслик - даҳшат, жудаям даҳшат!

*  *  *

Инсон қалбининг қасоси қанчалик даҳшатли!

*  *  *

Тирик жон борки, бир кун йўқликка юз тутади, эртами кечми у абадийликнинг сийқа сукутига йўғрилиб кетади, одамлар эса очофат шайтонлардек очкўзлик билан жоҳиллик-ла бир-бирларини ғажиганлари ғажиган. Инсон қалби қанчалар пасткаш!

*  *  *

Аёл эркакка қараганда ақллироқ ҳамда устароқ ва ҳар маҳал ўзига керакли нарсани махфий тута билади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo