Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 сентябрь, чоршанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

25.02.2020


ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР

Меҳмонларнинг меҳмондорчиликда узоқ қолиб кетиши мезбонга қандай таъсир кўрсатса, амалдорлар ҳам элу улус учун  шундайдир.

* * *

Минг авом бир уламога таъсир қила олмаса-да, бир уламо минг авомни оломонга айлантириши мумкин.

* * *

Мулку бойлиги кўпайган баъзи маҳаллий амалдорлар қонунлар ва марказий ҳокимиятни ҳам инкор этишга ҳаракат қилиб қоладилар.

* * *

Ғарбни ёмонлаб Шарқ, Шарқни ёмонлаб Ғарб  ғолиб бўлмайди.

* * *

Халқ қабулхонасида айтилган гап: фуқароларнинг аксарияти ҳиммату мурувват эмас, ҳақиқату адолат сўрайди.

* * *

Беҳбудий, Чўлпон, Авлоний, Фитрат, Қодирий, Усмон Носирларни яхши билмаганлар ҳам халқ, эрк,   мустақиллигу ватанпарварлик ҳақида маддоҳлик қилиши мумкин.

* * *

Нодону авом билан баҳслашиш - аҳмоқлик, кўзи очиқ сўқирга тенг бўлиш - сўқирликдир.

* * *

Яхши раҳбар ақлли одамлардан фойдалана олади.

* * *

Кекса бўрига қарилик ҳамиша панд беради.

* * *

Инсоният яралгандан буён кўп давру замонлар ўтган бўлса-да, инсоннинг  мулку бойлик, мансабу амал ва унвону нишонга оид қарашу истаклари деярли ўзгармаган.

* * *

"Тўртинчи ҳокимият" - ижроия ҳокимиятининг асосий танқидчисидир.

* * *

Тулкилар шерларга ўзини ожизу итоаткор қилиб кўрсатишни яхши биладилар, шу сабабли тинч ва бехавотир яшайдилар.

* * *

Раҳбарга энг аввало инсоний фазилатларига қараб баҳо бермоқ керак.

* * *

Тилчию файласуфлар, тарихчию математиклар, агроному гинекологлар ҳам сиёсатчи бўлишга ҳаракат қилишади.

* * *

Ёш болалар ҳам хоҳишу истагига бўйсунишингни истайдилар.

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo