Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

08.03.2019


АЛАМЛАРНИ ҚОЛДИРИБ ДОҒДА...

Умида момо пиллакор сифатида ҳам танилди. 40 йилдан зиёд ипак қурти парваришлади. Мукофотнинг зўри ҳам унга тегди. Ҳалол ва машаққатли меҳнат онахонга обрў-эътибор ҳам, ризқ-насиба ҳам берди.

1944 йилнинг 22 апрелида турмуш ўртоғи Ибодулла аканинг ҳалок бўлиб, Григориополь шаҳрининг шимоли-ғарбий қисмидаги қардошлик қабристонида дафн этилгани ҳақида хабар олди. Бу мусибат уни ларзага солди, аммо осмон узоқ, ер қаттиқ. У энди ўғиллари Неъматжон ва Вайдулло учун ҳам ота, ҳам она эканини ҳис этди. Ўзини яна ишга урди. Бутун умрини шу икки боласига бағишлади.

Вақт ҳар нарсага қодир. Фарзандлар вояга етиб, ҳаётда ўз ўрнини топди. Бола-чақали бўлишди. Бироқ қувонч билан қайғу ёнма-ён юраркан. Момо ўғиллари ардоғида бинойидай яшаётган эди, 63 ёшида катта ўғли Неъматнинг ҳаётдан кўз юмиши юрагини тешиб кетди, елкасини тоғдай армон босиб  олди. Бу ҳам етмагандай 76 ёшида иккинчи ўғли Вайдулло ҳам ҳаётдан кўз юмди. "Ўлим ҳақ, куюнманг, ўғилларингиз ортидан олти-еттитадан фарзандлари қолди", дегувчилар бўлди. Куюнмай бўларканми, фарзанд доғини дўст-ку дўст, душманига ҳам раво кўрмайди момо.

Неъмат ака ўлими олдидан тўнғич ўғли  Абдухалилга васият қилиб: "Катта энангни сенга топшириб кетаяпман. Уволию савоби сеники. Кўнглига озор етказма", деган эди.

Шу-шу Умида момо набираси Абдухалил билан яшай бошлади. Набира келини Фароғатхон эса момонинг атрофида гирдикапалак бўлди. Шунинг учунми, илгарилари қизим йўқ, деб армон қилган момо кейинчалик бу ҳақда гапирмайдиган бўлди. Бир гал Фароғатхонга: "Қизим бўлса ҳам сендай бўларди-да, сендан ортиқ эмас. Сен менинг қизимсан", деди.

Умида момо ҳақ гапни айтди. Фароғатхон қарийб 30 йилдан буён момо билан ҳамнафас.  Аслида, Умида момо ҳам берсанг ейман, урсанг ўламан, деб ўтирадиганлар хилидан эмас. Яқин-яқингача кексаликка бўйин эгмай юрди. Товуқларига дон сочиб, сигирларига ем берди, ҳар йили кафтдай жойга райҳон экиб, парвариш қилди. Бузоқ офтобда қолмадими, сигирга сув бердингми, экин экдингми, деб набирасини тергаб турди.

Момо умрида кўзойнак тақиб кўрмаган. Яқин йилларгача қўй жунини йигириб, қўлбола дастгоҳда араби гиламлар тўқиган. Улар невара-эвараларининг сепига берилган, гилам сотиб олишмаган. Эвараларигача бешикка ўзи солиб, суягини қотириб берган.

Дарвоқе, 115 ёшли момонинг  13 набираси, 60 дан ортиқ чеварасию 20 га яқин эвараси бор. Демак, момонинг набиралари ҳам набирали бўлишган. Катта келини Рухсат ая 84 ёшни, иккинчи келини Хурсанд ая 76 ёшни, ёнидаги набира келини Фароғатхон эса 57 ёшни қаршилади. Шу йил Фароғатхон  ўғли Самандарни уйлантирмоқчи, момо чевара келин кўришни орзиқиб кутаяпти.

- Момомга суяниб қолганман, - дейди Фароғатхон. - У кишининг иродаси, тиниб-тинчимаслиги, меҳнаткаш ва чеварлиги доим мени ҳайратга солган. Кечиримли, кўнгли очиқ, кек сақламайдиган аёл. Камгап, хоксор. Тўғри, кейинги ойларда юришга  қийналиб қолдилар. Энди аравача олиб бериб, қишлоғимиз кўчаларида сайр қилдирмоқчиман. Айтмоқчи, ўтган йили июнь ойида момом биометрик паспорт олдилар. Хурсанд бўлганларини кўрсангиз...

Умида момонинг юрагини айрилиқлар азоби кемириб ётган бўлса-да, тилидан шукрона тушмайди. Аллоҳдан юртга тинчлик, элга омонлик, тан сиҳатлик, хотиржамлик сўрайди. Ахир, у уруш йилларидаги ва урушдан кейинги қийинчиликларни ўз бошидан кечирди. Очликдан силласи қуриганлару, қаҳатчиликдан қирилганларни кўрди. 

Бугун  у ҳур замонда яшаяпти. Соғлом кексалик насиб этди. Юз билан юзлашиб, ундан ўтиб ҳам кетди. Унинг гурунгини олиш истагида бўлганларнинг саноғи йўқ. 7 йил илгари  Президент фармони билан фронт ортида қилган самарали меҳнатлари учун "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.

...Умида момо жилмайганида юзидаги чизиқлар янада таранглашади. Баъзан эвараси момонинг юзидаги чизиқларни санамоқчи бўлади. Аммо адашиб кетаверади. Ахир адашмай бўларканми?  Бир-бири билан туташиб кетган чизиқларда асрнинг излари ястаниб ётибди. Эҳ-ҳе, бу излар нималар ҳақида ҳикоя қилмайди, дейсиз. Умр йўлларидаги қайғу, алам, изтироб, ҳижрон, меҳнат, машаққат, айрилиқ, қувонч...

                                                                             Лола  ЎРОҚОВА,

  Китоб тумани

Report typo