Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мусо МУРОДОВ

13.11.2017


ҚАЛБ КЎЗИДА ДУНЁ АКСЛАНАР

1745 йил 13 ноябрь куни Францияда таваллуд топган машҳур педагог Валентин Гаюи шахсий маблағига ўз уйида кўзи ожизлар мактабини очади.     Кейинчалик Петербург ҳамда Париж шаҳарларида кўзи ожизлар учун махсус мактабларга асос солади. Валентин Гаюи кўзи ожизлар учун “унциал” деб номланган рельеф-чизиқли ҳарфларни ишлаб чиққан. Географик харита, глобус, шунингдек, кўргазмали қўлланмалар ҳам яратган. Кейинчалик босмахона ташкил этиб, кўзи ожизларга мўлжалланган китоблар нашр қилади. У ишлаб чиққан ҳарфлардан бўртма нуқтали Брайль алифбоси яратилгунга қадар фойдаланиб келинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қарорига биноан Гаюи туғилган кун – 13 ноябрь Халқаро кўзи ожизлар куни деб белгиланган.

Қайд этиш жоизки, жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамай бундай инсонлар орасида ноёб қобилиятлилари кўп учрайди. Бунга тарихдан ҳам мисоллар кўп. Масалан, юнон шоири Гомер, немис файласуфи Евгений Дюринг, рус ёзувчиси Николай Островский каби инсонлар кўзи ожиз, имконияти чекланган бўлса-да, ўзларидан улкан ижодий мерос қолдиришган.

- Бундай инсонлар юртимизда ҳам кўп, - дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими раиси Ҳақназар Пўлатов. – “Вафодор” романини игна билан ёзган Вали Ғафуров, Ангрен шаҳри лойиҳасини тайёрлаган Николай Зотов, Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов, халқ ҳофизи Оролмирза Сафаров, филология фанлари докторлари - Санжар Содиқов, Роҳатой Сафарова каби  иродаси метин ҳамюртларимиз ўзбек миллий санъати, илм-фани ривожида ҳиссаси улкан кишилардир.

Дарҳақиқат, тўрт мучаси соғ бўла туриб, боқимандаликка кўниккан, ношукур бандалар ҳам йўқ эмас. Шундай инcонлар бўладики, имконияти чекланганликни бир синов деб билиб, қўлидан келганча наф келтиришга уринади, тушкунликка тушмай ҳаётда олға юришни ўзларига шиор қилиб олишади. Улардан бири Нишон туманилик ҳунарманд Рўзимурод Ашуровдир.

- Ёшлигимдан ота касб – кулолчилик билан шуғулланиб келаман, - дейди Рўзимурод Ашуров. – Кунига биттадан тандир тайёрлаймиз. Бу осон иш эмас. Маҳсулотимиз пишиқ, сифатли бўлиши учун яроқли тупроқ топиш ва уни яхшилаб пишитиш керак, хомашёларни ҳам меъёрида қўшиш талаб этилади. Бир жойида адашдингизми, сифатига путур етади. Талабга қараб, рўзғорда ишлатиладиган   бошқа кулолчилик буюмларини ҳам ясаймиз. Худога шукур, рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Ўғил уйлантирдим, қизларимни узатдим. Бу дунёда бировнинг қўлига қараб қолишдан ёмони йўқ. Ёшим олтмишга яқинлашиб қолди, ҳеч қачон бировнинг ёрдамига кўз тикмаганман, имконим етганича меҳнат қилдим. Шукур, меҳнатим мени улуғлади. Одам интилса, ҳаракат қилса албатта муродига етаркан.

Қарши маданият ва туризм коллежида мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаб келаётган Нишонбой Авазовни вилоятда кўпчилик яхши танийди. Салкам ўттиз йиллик меҳнат стажига эга Нишонбой ака    мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида Ватанимизнинг юксак мукофоти - “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. У киши вилоят мусиқали драма театрида ҳам кўп йиллар фаолият юритган. “Руҳлар исёни”, “Лайли ва Мажнун” спектакллари янги талқинига мусиқа басталаган, “Давлат болалари”, “Етим бола армони” спектаклларида ашула айтган.

- Ёшлигимдан мусиқага қизиқаман, - дейди Нишонбой Авазов. – 1984-1988 йилларда Чироқчи туманидаги “Олтин қўллар” ашула ва рақс ансамбли раҳбари бўлиб ишладим. Кейин Қарши давлат педагогика институти (ҳозирги ҚарДУ)да таҳсил олдим. Устозлардан мусиқа сир-асрорларини қунт билан ўргандим. Бугунгача юзлаб шогирдлар тайёрлаганман. Ўқувчиларим анъанавий хонандалик йўналишидаги нуфузли танловларда ғолиб бўлиб, давлат гранти асосида олий ўқув юртларида таҳсил олишаяпти.

Нишонбой аканинг ўғли Очилбек Авазов ҳам ота изидан бориб, Ўзбекистон давлат консерваториясини битирди, ҳозирда Қарши санъат коллежида ёшларга мусиқадан сабоқ бераяпти. Қизи Сарвигул эса Қарши  шаҳридаги кўзи ожизлар мактабида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

Агар одамнинг ўзида иштиёқ, ҳаётга ишонч бўлса ҳамма нарсага эришса бўлади. Доим олға интилган, машаққатларни бардош билан енгган Нишонбой ака ҳаётда нафақат ўз йўлини топди, балки фарзандларига ҳам тўғри йўл кўрсатиб, ҳаёт қийинчиликларини мардонавор енгиб ўтишга, дунёни қалб кўзи билан кўришга ўргатди.

Бугун  мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганки, бунда имконияти чекланган, ёрдамга муҳтож кишиларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳаётда тенг имкониятлар яратиб бериш инсонпарварликнинг бош кўриниши сифатида намоён бўлаётир.

Мусо МУРОДОВ

Report typo