Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шаҳобиддин ҲАСАНОВ

21.08.2020


ҲАЛИ ДУНЁГА КЕЛМАСДАН САВДОСИ БОШЛАНГАН ЧАҚАЛОҚ

Суд залидан

Ҳаммаси 1990 йилда Нишон туманида туғилган Гуля Чамаеванинг (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) Акмал исмли йигит билан танишиб, пинҳона учрашувга чиқишидан бошланди.

Гуля ота-онаси вафот этгандан сўнг акаси ва янгаси билан бирга яшар, аммо уларнинг тергашларига қулоқ солмас, кўпинча бирор ишни бошлашда сира ўз билганидан қолмасди. Акмал билан  муносабатларида ҳам ана шундай йўл тутди. Йигитнинг "Сенга уйланаман, тез орада совчиларим боради" деган гапларига ишониб, у билан яширинча учрашиб юрди. Бора-бора муносабатлар янада чуқурлашиб кетди. Акаси ва янгаси бу ҳақда билганида эса қизнинг аллақачон  бир неча ойлик ҳомиласи бор, аксига олиб, йигит ҳам шу кунларда кўриниш бермай қолган эди.

Маҳаллада гап-сўзга қолишини ўйлаган янга ишни ўз вақтида бости-бости қилиш учун йигит ҳақида сўраб-суриштиришга тушди. Билсаки, у қизнинг ҳомиладор бўлиб қолганини эшитиб дарҳол Россияга кетиб қолган, аслида исми Акмал эмас, балки Нодир экан. Шундан сўнг  тўй ҳақидаги режаларидан умидини узган янга бошқа чора  қидиришга тушди. Топди ҳам. Аммо у ўйлаб топган усул нафақат қонунга зид, балки, аёл, она, қолаверса, тумандаги мактаблардан бирида ёшларга сабоқ бериб келаётган ўқитувчидек касб эгаси учун мутлақо номуносиб эди. Лекин янга айнан шу чорани энг тўғриси деб билди.

Режага кўра, Гуля бирмунча вақт қўни-қўшнининг кўзига ташланмай турди. Туғруқ вақти яқинлашгач эса, янгаси ҳамроҳлигида  туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексига келди. Туғруқхона мудираси Нафиса Самановага дардини ёрди. Қандай қилиб бўлмасин, чақалоққа харидор топиш кераклиги, туғруқ харажатларини шунда ортиғи билан тўлашини билдирди. Пул ҳақидаги ваъдаларни эшитган бўлим мудираси эса кўп ўйлаб ўтирмай, ишга киришди. У комплексда доя бўлиб ишловчи Шаҳруза Ҳамидовани ёнига чақириб, маслаҳат солди. "Сизнинг 9 йилдан буён фарзанд кўрмаётган бир танишингиз бор эди-ку. Битта чақалоқ бор, айтсак шуни асраб олмасмикан?" деб сўради. Гап нима ҳақида кетаётганини англаган Шаҳруза ҳам қариндошига айтиб кўрадиган бўлди.

Бу орада эса ҳали дунёга келмасдан туриб савдоси бошлаб юборилган чақалоқ ҳам туғилди. Шундан сўнг Шаҳруза Ҳамидова қариндошига битта қиз чақалоқ борлиги, ҳали онаси қўлига ҳам олмагани, меҳри тушмаганини айтиб, уни асраб олишни таклиф қилди. Қариндоши келиб, чақалоқни кўрди. Аммо томонлар келиша олмади. Шундан сўнг, туғруқхона мудираси ва доя чақалоққа  бошқа харидор излай бошлади. Кўп ўтмай "мижоз" топилди. Қарши шаҳрида яшовчи Насима исмли аёл болани 4 миллион сўмга сотиб олишга рози бўлди.

Телефон орқали барча масала ҳал этилгандан сўнг, шу йилнинг 25 март куни доя, янга ҳамда қайнсингил чақалоқни олиб йўловчи машинада Қарши шаҳрига жўнашди. Йўлда янга ва қайнсингил пулни ким олиши масаласида баҳслашиб, жанжаллашиб қолишди. Шаҳруза Ҳамидова эса "Пулни ўзим олиб, тўппа-тўғри Нафиса опага элтиб бераман. Кимга қанчадан тегишини ўзи ҳал қилади" деганча жанжалга чек қўйди.

Манзилга етиб келгач, доя чақалоқни олиб, нариги машинага ўтди. Болани у ерда қолдириб, 4 миллион сўм пул билан қайтди. Аммо жўнаб кетишга улгурмасидан фуқаролик кийимидаги бир неча кишилар келиб, ўзларини ИИБ ходимлари деб таништириши ва воқеага изоҳ сўраши барча режаларни чиппакка чиқарди.

Аёл бу ишни туғруқ комплекси мудираси Нафиса Саманова ташкиллаштиргани, пулни ҳам унга олиб бориши кераклигини тан олди.

Шундан сўнг, операция яна давом эттирилиб, унинг барча иштирокчилари Нишон туманига келишди. Шаҳруза Ҳамидова Нафиса Самановага қўнғироқ қилиб, иш ҳал бўлгани, пулни олиб кетиши мумкинлигини    айтди. Кеч бўлиб қолганига қарамай, Нафиса дарҳол ўғли билан айтилган жойга етиб келди ва Шаҳруза Ҳамидовадан пулни санаб олаётган вақтида қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг очиқ суд мажлисида ушбу жиноят иши кўриб чиқилиб, унинг барча иштирокчиларига қонуний жазо тайинланди.

Шаҳобиддин ҲАСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди раиси

Report typo