Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 сентябрь, душанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

09.06.2020


АМИР ТЕМУР ҚЎШИНИДА АЁЛЛАР ҲАМ БЎЛГАНМИ?

 Соҳибқирон Амир Темур шахси, ҳаёти, амалга оширган ишлари, зафарли юришлари ва авлодлари ҳақида кўплаб асарлар ёзилган. Улардаги аксарият маълумотлар ўхшаш бўлса-да, қарама-қарши маълумотлар ва фикрлар ҳам учрайди. Биз бу китобларни таққослаб ўрганишимиз, аждодларимиз тарихи ва ишларидан хабардор бўлишимиз керак. Зеро, ўтмиши ва тилини унутган халқнинг келажаги ҳам хавф остида қолиши ҳақида кўп айтилган.

 

Амир Темур билан замондош бўлган Низомиддин Абулвосий Шомийнинг "Зафарнома" ("Ғалаба китоби") асари Соҳибқироннинг ҳаёти ва эришган ғалабалари ҳақида ҳаққоний маълумотлар бериши билан ажралиб туради. Чунки, бу китоб бевосита Амир Темурнинг сўзларидан ёзиб олинган. Унда     XIV-XV асрлар бошларида Ўрта Осиё, Олтин Ўрда хонлиги, Эрон, Ироқ, Озарбайжон, Афғонистон, Сурия каби мамлакатлар тарихига оид воқеалар, чингизий ҳукмронлар ва Амир Темурнинг зафарли юришлари ҳақида баён қилинган. Содда, тушунарли ва ортиқча мақтовларсиз ёзилган бу асар Соҳибқирон ҳақида ёзилган кейинги асарлар учун бош манба бўлиб хизмат қилган.

Асар муқаддас ислом одатларига риоя қилинган ҳолда Аллоҳга шукроналар айтиш ва унга ҳамду санолар изҳор этиш билан бошланади. Барча элу халқлар ирқи, миллати ва тилидан қатъи назар Худодан умидвор бўлиб яшаши зарурлиги уқтирилган. Гумроҳ бандалар Аллоҳ ва Қуръондан кўра, подшоҳдан қўрқиши, Ҳақ насиб этган инсонлар шоҳ бўлиши ва шу сабабли шоҳга итоат этиш зарурлиги таъкидланган. Амир Темур шаънига атаб бир қатор улуғловчи фикрлар битилган.

Шомийнинг эътироф этишича, Чингизхон иккинчи ўғли Чиғатойга катта улусни ҳадя этиб, унга Амир Темурнинг бобокалони Қорачор нуённи маслаҳатчи ва лашкар бошлиғи этиб тайинлаган. Чингизхоннинг ўғиллари Жўчи, Чиғатой, Ўқтой ва Тўли авлодлари ҳақида батафсил маълумотлар берган. Муаллифнинг таърифича: "Амир Соҳибқироннинг давлат дарахти Чиғатой салтанати ариға (лаби)да ўсиб унган". Амир Темур давлат барпо қилиш борасида: "Қайси бир подшоҳ ўз ишини ғаддорлик ва бевафолик асосига қурса, кишиларга озор бериш ва ҳалок қилишга ошиқса, унинг давлати чайқалиб, қарорсизликка юз тутади... Биз ўз салтанатимизни одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосига қураётганлигимиз сабабли уларни юпантириб, хотиржам қиламиз..." деган экан.

Чиғатой авлодлари заифлашиб бораётган вақтда турклар "Кеш" деб атаган Шаҳрисабз ва унга тобе жойлар Амир Темур ҳамда амакиси Ҳожи Барлос қўл остида бўлган. Асарда Соҳибқирон ҳокимият тепасига келгунга қадар Туғлуқ Темур ва Илёсхўжа хизматида бўлиши, чингизийлардан Қозанхонни ўлдириб ҳокимиятни эгаллаган амир Қазаған, унинг набираси амир Ҳусайн билан бўлган дўстлик ва душманлик муносабатлари ёритилган. Сўнгра Хоразм, Дашти Қипчоқ, Ироқ, Форс, Ҳиндистон, Рум ва Гуржистон сари юришлар, Сарой Мулк хонимнинг қариндоши ва қудаси амир Мусо каби инсонларнинг хиёнати ва бошқа урушу муҳорабалар баён этилган.

Шомий ёзадики, икки ҳолатда, яъни жисмоний лаззатларга ортиқча берилган ва қулай имкониятлар туғилганда фурсатни бой берган давлатларда эзгулик бўлмайди. Подшоҳнинг улуғлиги қуйидаги фазилатларда кўринади: биринчидан, фуқароларига кўрсатаётган марҳаматига; иккинчидан, мамлакатни сақлаб турувчи адолатига; учинчидан, мазлумнинг жабрини золимдан қайтара олувчи ҳайбатига; тўртинчидан, душманнинг макридан огоҳ бўлиб туришига; бешинчидан, фурсатни ғанимат ва ишининг оқибатини кўра билишига боғлиқ.

Асар охирига етказилмаган. Унга Абдуллоҳ ибн Лутфуллоҳ ибн Абдурашид томонидан муқаддима ёзилиб, Амир Темурнинг Самарқанд яқинидаги Конигилда ўтказган тўйи тафсилотлари, Хитой сари юриши ва 1405 йил 18 февралда вафот этиши баён этилган.

Айрим тарихчилар фикрича, Соҳибқироннинг кунчиқар ўлка сари юришига Хитой императори томонидан ўлпон ва тобелик талаб қилиниши сабаб бўлган.

Тарихчи олим, файласуф Шарафиддин Али Яздий XIV аср охири - 1454 йилларда истиқомат қилиб, темурийлардан Шоҳрух мирзо, Иброҳим Султон, Султон Муҳаммад ва Мирзо Улуғбек саройида хизмат қилган. Бир қанча асарлар ёзган. Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асари диққатга сазовор.

Асар Иброҳим Султон ташаббуси билан 1419-1420 йилларда туркий ва форсий тилларда ёзилган. Мазкур китобда Амир Темур даври билан биргаликда, ундан олдинги асрларга оид тарих ҳам умумий тарзда баён қилинган. Бироқ, Шайбонийлардан бўлган Кўчкинчихон топшириғи билан Муҳаммад Али томонидан форсийдан эски ўзбекчага таржима қилиш вақтида турк-мўғул халқлари келиб чиқишига оид қисми тушириб қолдирилган. Кўчкинчихон Мирзо Улуғбекнинг қизи Робияхоннинг фарзандидир. Бу асар Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ёритиб берувчи бирламчи, мукаммал ва ишончли манбалардан ҳисобланади.

Асар турк хонларининг шажараси ва Чингизхон тарихига бағишланган муқаддима билан бошланган ва ажойиб шеърлар билан безатилган.  Темурнинг шахсий характери зўр маҳорат билан ёритилган. Ўша вақтдаги кўп жойлар, дарёлар, шаҳарлар, тоғлар ва довонларнинг ўзбекча (қарлуқча) номларига оид маълумотлар келтирилгани диққатга сазовор. Асарда XIV аср ўрталарига келиб чингизийлар сулоласи сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан инқирозга учраётгани кўрсатиб берилган.

Шарафиддин Али Яздий ҳам ҳар бир инсон қалби Ислом нури билан зийнатланиб туриши зарурлигини уқтирган. Амир Темур Туминахоннинг ўғли Қочувли баҳодирнинг саккизинчи авлоди эканлигини таъкидлаган. Чиғатой авлодидан Қозонхон амир Қазаған томонидан ўлдирилгач, Чиғатой улусида ҳокимият учун кураш кучайиб кетган. Чингизийлардан Донишмандча, сўнгра Баёнқулихон ва Қобилшоҳ номига хон қилиб қўйилгани ифодаланган.

Шомийнинг "Зафарномаси"дан кўра Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома"сида Амир Темурнинг ҳокимият учун  курашлари, зафарли юришлари ва оила аъзолари ҳақида батафсил ёзилган.

Қайд этилганидек, Соҳибқирон 34 ёшида, яъни 1370 йил 9 апрелда Мовароуннаҳрнинг якка ҳукмдорига айланган. Унинг Жаҳонгир мирзо, Умаршайх мирзо, Мироншоҳ мирзо ва Шоҳруҳ мирзо исмли ўғиллари, Султонбахт бегим исмли қизи бўлган.

Амир Темур Хитой сари юриш қиларкан, Ўтрорда вафот этади. Соҳибқирон васият қилиб, набираси Пирмуҳаммад Жаҳонгирни валиаҳд қилиб қолдирган бўлса-да, буюк саркарданинг бошқа набираси Халил Султон Самарқандда ҳокимиятни эгаллаб олади. Пирмуҳаммад - Жаҳонгир мирзонинг, Халил Султон - Мироншоҳ мирзонинг ўғли бўлган. Шу тариқа темурийлар ўртасида ҳокимият учун ўзаро кураш бошланиб, йирик давлат парчаланиб кетган. Шоҳруҳ Самарқандни босиб олиб, ўғли Мирзо Улуғбекни Самарқанд ҳукмдори қилиб тайинлаган.

1389-1450 йилларда яшаган тарихчи олим Ибн Арабшоҳнинг "Амир Темур тарихи" асари юқорида баён қилинган сарой тарихчиларининг асаридан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Унда Соҳибқирон ҳақидаги мақтовлар билан биргаликда кўплаб танқидий фикрлар ҳам учрайди.

Ибн Арабшоҳ ўн икки ёшида, Амир Темур қўшинлари Дамашқни эгаллагач, кўплаб илму ҳунар аҳли, қариндошлари ва онаси билан биргаликда мажбуран Самарқандга олиб келинади. У пойтахтда таҳсил олгач, Амир Темур забт этган Хоразм, Дашти Қипчоқ, Мўғулистон, Туркия ва бошқа  юртларни кезиб, кўрган ва эшитганлари асосида асар ёзади.

Асар Амир Темур вафотидан кейинги воқеалар, яъни салтанатни эгаллаш учун бўлган курашлар ва Соҳибқирон васиятига зид равишда Халил Султоннинг тахтга эгалик қилгани билан бошланади. Халил Султон ҳиссиётга берилувчи инсон бўлиб, амиру уламолар ва зодагонларни ўзига оғдириб олиш учун бобоси тўплаган хазинани аямаган. У тўрт йиллик ҳукмронлиги даврида айёр, мунофиқ ва маддоҳ кишилар таъсирига тушиб, ҳушёрликни йўқотган. Амир Сайфуддиннинг хотини Шодимулкни ўзига хотин қилиб олиб, давлат ишларига уни аралаштирган ва муаллиф тили билан айтганда "Халил Султон хотин тили билан сўзлаб, хотини эса Халил Султон тили билан сўзлай бошлаган". Подшоҳлик жиловини хотинига тутқазган қайси подшоҳнинг омади юришган, деган саволни ўртага қўйган.

Воқеалар Шоҳруҳ Мовароуннаҳрга келиб, ҳокимиятни эгаллаши билан давом этади.

Ибн Арабшоҳ Амир Темурни баланд бўйли, катта каллали, кенг пешонали, кенг елкали, зийрак, ғоятда кучли ва салобатли, оқу қизил юзли, серсоқол, йўғон овозли, вазмин ва қўрқмас, ёлғон ва ҳазил-мазахни ёқтирмайдиган, кўнгилхушликка майлсиз, ортиқча қувонмайдиган ва ўтган ишга азият чекмайдиган, сабрли, ақл-фаросатли, муомалали, мард ва ҳақгўйларни ёқтирадиган, қўрқоқ, ғийбатчи ва ҳасадгўй одамлардан нафратланадиган, қаср ва боғлар бунёд этган инсон сифатида таърифлаган. Уламолар, олиму орифлар ва касб-ҳунарли кишиларни эъзозлаганини таъкидлаган.

Шунингдек, Соҳибқиронни саводсиз, араб тилини мутлақо билмайдиган, Чингизхон қоидаларини Муҳаммад шариатидан устун билувчи, ўнг оёқ-қўли оқсоқ ва шол, ўта айёр ва қаҳрли сифатида тасвирлайди. Айрим тарихчилар бу ҳолни Ибн Арабшоҳ Амир Темурга шахсий адовати бўлганлиги сабабли ҳақиқатга зид маълумотларни асарга киритган, деб изоҳлайдилар.

Муаррих Амир Темурнинг хотинлари ва жориялари кўп бўлгани, уларнинг улуғи Сарой Мулк хоним эканлиги, Амир Темур вафотидан кейин Сарой Мулк хоним Шодимулк томонидан заҳарлаб ўлдирилганини баён қилган.

Асарда Самарқанднинг об-ҳавоси, табиати ва обидалари таърифланган. Темурнинг аскарлари турли миллат вакиллари ҳамда эркак ва аёллардан иборат бўлиб, улар Соҳибқиронни қаттиқ ҳурмат қилишган. Китобга ўша давр ҳақида кўплаб бошқа маълумотлар ҳам киритилган.

Азизлар, келинг, ушбу китобларни мутолаа қилиб, ўзлигимиз ҳақида фикрлайлик. Умуман, ўқишни одат қилайлик ва китобга меҳр қўяйлик. Зеро, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳикмат қилганларидек: "Китоб ўқимаган халқ жоҳилликка маҳкумдир. Китоб ўқимаган, илмга интилмаган, руҳиятини бойитишга лоқайд қараган миллатнинг фарзандлари ўзлигини, эркини, маданиятини бой бериши муқаррар! Ана шундай кулфатлар бошимизга келмай туриб, китоб ўқиш, китобни қадрлаш, болаларимизда китобга муҳаббатни уйғотиш сари юзланайлик!".

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo