Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 январь, якшанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

14.01.2020


ҲАР ҚАНДАЙ КАТТА БОЙЛИК ОРТИДА ЖИНОЯТ ЯШИРИНГАН БЎЛАДИ

Мутолаа учун тавсия

Инсоний ва оилавий муносабатлар, бойлик ва адоват, жоҳиллик ва ёвузлик, ҳалоллик ва ахлоқсизлик, инсон руҳияти ва ёлғизлик мавзусида барча ижодкорлар қалам тебратади. Аммо бу мавзуда буюк асарлар яратиш саноқли адибларгагина насиб қилади.

Колумбиялик ёзувчи, адабиёт соҳасида Нобель мукофоти лауреати Габриэль Гарсиа Маркес (1928-2014)нинг "Ёлғизликнинг юз йили" романи ўзини зиёли ҳисобловчилар томонидан ўқилиши шарт бўлган китоблар тоифасига киради. Адиб одам ва табиатнинг ўзаро муносабати, ахлоқсизлик ва ирсият, диёнат ва ёлғизлик мавзусини инсон руҳиятига боғлаб тасвирлаган. Асардаги "Қачонлардир ёш бола бўлгансан, ичингда ҳозиргача яшаётган ўша гўдак овозига қулоқ тутиб туриш керак. Ичимиздаги ўша беғубор болани эшита олсак, кўзларимиз яна порлай бошлайди ва ҳаёт билан алоқамиз узилиб қолмайди" деган сўзлар ёддан чиқмайди.

Асар Хосе Аркадио Буэндиа ва унинг хотини Урсула ҳамда Пруденсио Агилар ўртасидаги гап-сўзлардан бошланади. Хосе Аркадио ва Урсула яқин қариндош бўлганлиги учун "қариндошлар никоҳи оқибатида чўчқа думли фарзанд туғилади" деган афсонага ишониб, фарзанд кўришдан тийилиб юришади. Хосе Аркадио Пруденсио Агилар ўзини "эркаклик қуввати йўқлик"да айблагани учун уни ўлдиради. Пруденсио Агиларнинг арвоҳи эр-хотинни безовта қилгани учун бир гуруҳ яқинлари билан бошқа жойга кўчиб кетиб, Макондо шаҳарчасига асос солишади. Хосе Аркадио (отасига исмдош), Аурелиано ва Амаранта исмли фарзандлар кўришади ва Ребека исмли қариндош қизни ҳам тарбиялаб олишади. Яқин қариндошлар, яъни кичик Хосе Аркадио ва Ребека ота-она қаршилигига қарамасдан оила қуришади.

Макондода касаллик тарқалганда, Мелькиадес исмли лўли ҳаммани даволаб, эвазига шу ерда яшаб қолади ва ҳеч ким тушунмайдиган санскрит тилида қўлёзма ёзиб юради. Кексайганда Хосе Аркадиони Пруденсио Агиларнинг арвоҳи безовта қилиши оқибатида у ақлдан озади. Фарзандлари томонидан дарахтга боғлаб ташланган Хосе Аркадио юрак хуружидан ёлғизликда вафот этади. Хосе Аркадионинг ўғли Аурелиано фуқаролар уруши бошланганда Макондо аскарлари бошлиғи бўлиб урушга кетади. Ўрнига жияни Аркадиони Макондонинг ҳарбий бошлиғи қилиб қолдиради. Аркадио Хосе Аркадио Кичкина ва унинг ўйнаши Пилар Тернернинг никоҳсиз фарзанди бўлган. Аркадио черковни тақиқлагани ва консерваторларга зулм ўтказгани учун отиб ўлдирилади.

Урушга кетган Аурелиано Буэндиа либераллар йўлбошчиси сифатида жанглар қилиб чарчагач, сулҳ тузиб Макондога қайтади. У ўн еттита аёлдан ўн еттита фарзанд кўрган бўлса-да, кексайганда олтин балиқчалар ясаб, ёлғизликда вафот этади. Унинг фарзандлари Макондога темир йўл олиб келишиб, иқтисодиёт, саноат ва савдо-сотиқни ривожлантиришади. Инвесторлар асосан банан плантацияларига маблағ сарфлашади. Аммо   халқнинг иқтисодий аҳволи ночорлиги туфайли иш ташлашлар бошланиб, инвесторлар кетиб қолишади.

Вақтлар ўтиб диктатор Аркадионинг эвараси Аурелиано Бабилония ақлли йигит бўлиб етишади. Унинг отаси лўли Маурисио Бабилония бўлган. Аурелиано бир қанча тиллар қатори лўли Мелькиадес ёзиб қолдирган қўлёзмани ҳам ўқишни ўрганади. Аурелиано ҳам қариндоши Амарантага уйланади. Бу никоҳдан чўчқа думли бола туғилиб, Амаранта туғруқ вақти вафот этади. Аурелиано қайғудан эрталабгача майхонада шароб ичиб, эрталаб уйига борганида, чақалоқни чумолилар еб қўйган бўлади. Зеро, лўли Мелькиадес қўлёзмаларининг эпиграфида: "Буэндиалар авлодининг биринчи вакилини дарахтга боғлаб қўйишади, авлоднинг сўнггисини чумолилар еб битиради" деб ёзилган эди.

Аурелиано ўз тақдири якунини  англаб, қўлёзмани ўқий бошлайди. Бугунги куни ҳам юз йил олдин башорат қилинган эди. Аурелиано шаҳватпараст бобосининг бегона аёл билан қилган зиноси, аждодларининг кирдикорларини билиб бориши давомида бўрон кучайиб боради. Қўлёзмада башорат қилинганидек: "...бўрон бу ғариб шаҳарни ер юзидан супуриб ташлайди, унинг номини одамлар хотирасидан батамом ўчиради, баён этилмиш воқеалар эса бошқа такрорланмайди, чунки ёлғизликнинг юз йилига маҳкум этилган одамлар авлоди ер юзида қайта пайдо бўлмайди".

Америкалик ёзувчи Марио Пьюзо (1920-1999)нинг "Чўқинтирган ота" романида инсонлар ўртасида мулку бойлик учун бўладиган шафқатсиз кураш, америкалик ва сицилиялик мафия аъзоларининг кирдикорлари, уларнинг сиёсий арбоблар ва қонун ҳимоячилари билан алоқалари, кибр ва адоват, жиноятчилик олами ва унинг жамият ҳаётида тутган ўрни, жоҳиллик ва ёвузлик каби иллатлар тўла-тўкис очиб берилган.

Асар Бальзакнинг "Ҳар қандай катта бойлик ортида жиноят яширинган бўлади" деган фикрлари билан бошланади. Вито Андолинининг отасини Сицилия мафияси ўлдиргач, у 12 ёшида АҚШга келиб дўстининг отаси эгалик қиладиган дўконда сотувчи бўлиб ишлай бошлайди. Фамилиясини туғилган қишлоғи номига Корлеоне деб ўзгартиради. Маҳаллий рэкетчи Фануччи Витони бўшаттириб, жиянини ишга қўйгач, ўзи хоҳламаган бир алфозда дўстлари билан ўғрилик қила бошлайди. Фануччи ўғриликдан тушган пулдан улуш сўрагандан кейин Вито Фануччини йўқ қилиб, жиноятчилик оламига кириб келади.

Вито Корлеоне дастлаб дўстлари билан зайтун мойи сотиш, АҚШда алкоголь ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланган вақтларда спиртли ичимликлар контрабандаси ва сўнгра казинолар бизнеси билан шуғулланади. Жуда кўп одамларни иш билан таъминлаб, уларга яшаш учун шароитлар яратиб беради ва полиция ҳамда турли хавфлардан ҳимоя қилади. Натижада исмига "Дон" унвони қўшилиб, "Чўқинтирган ота" номини олади. Асарда жиноятчиликка қарши курашган полициячи Альберт Нери образи орқали меҳнати давлат томонидан қадрланмаган давлат хизматчиларининг мафия тарафга ўтиб кетиши очиб берилган.

Вақтлар ўтиб Дон Корлеоненинг ўғиллари Сонни, Фредди, Майкл ва қизи Конни ҳамда асраб олган ўғли Том Хейген ёнига киради. Фақат кичик ўғли Майкл маълум бир вақт кўнгилли бўлиб ҳарбий хизматга кетиб, оила бошига ташвишлар тушаётган вақтда қайтиб келади. Дон Корлеоне масалаларни фақат қурол кучи билан эмас, ўзаро келишув билан ҳал қилиш тарафдори бўлган. Асарда мафия сиёсатчилар ва давлат хизматчиларидан қандай қилиб фойдаланиши йўллари кўрсатиб берилади. Наркобизнес вакиллари Филипп Татталья ва Виргилио Солоццо таклиф қилишса-да, Дон Корлеоне наркобизнес билан шуғулланишни ўзига эп кўрмайди. Аммо ўғли Сонни наркобизнес билан шуғулланишга мойиллик билдиради.

Воқеалар давомида Сонни Корлеоне Таттальянинг ўғли ва Солоццонинг одамини ўлдиргач, ўзаро урушлар кучайиб кетади. Дон Корлеоне, Сонни, Татталья ва бошқалар қурбон бўлади. Майкл Корлеоне қурилиш компанияларига эътибор бериб, оиласининг нуфузини оширади ва хиёнати учун синглиси Коннининг эри Корло Риццини ўлдиртиради.  Ҳозирги даврда ҳам инсоният ҳаётининг кўп жабҳаларида содир бўлаётган ишлар асарда тасвирланган мафия услубида намоён бўлаётгани сир эмас. Кўп мамлакатларда коррупция ва мафия билан бирлашган олигархлар манфаатининг устун туриши давом этмоқда. Асар ҳаётий ва мукаммал ёзилган.

Инглиз ёзувчиси Жорж Оруэлл (1903-1950) қаламига мансуб "Молхона" ва "1984" асарлари тоталитар ва бюрократик давлат, инсон ва жамият муносабатлари, эркин ва озод яшаш, фаровон ва бахтли ҳаёт кечириш мавзусига бағишланган.

"Молхона" романида инқилоблардан кейин бўладиган воқеалар ҳайвонлар тилидан баён қилинган. Фермада қари чўчқа Майор бошчилигидаги ҳайвонлар инқилоб қилишни мақсад қилиб, чорвасига қарамай қўйган ароқхўр Жонс ва унинг ишчиларини  қувиб юборишади. Бу ерга "Ҳайвонлар фермаси" деб ном қўйишиб, эгасига тегишли ҳамма нарсаларни йўқ қилишади. Ҳайвонлар фақат тушга қадар ишлаб, мажлисбозлик ва биргаликда "Англия ҳайвонлари" ашуласини айтишни одат қилишади. Хўжайин Жонс ишчилари билан фермани қайтариб олиш учун урушса-да, мағлубиятга учрайди. Қаҳрамонлик кўрсатганларга "Ҳайвонлар қаҳрамони" ордени берилади.

Муваффақиятдан кейин ҳайвонлар ўртасида баҳслар бошланиб  кетади. Баҳсларни чўчқалардан бўлган Наполеон ва Сноубол бошлаб бериб, ҳайвонлар икки гуруҳга бўлиниб қолади. Фермада итлар асосий ўрин тутади. Чўчқалар ва итлардан бошқалар оч-наҳор яшаса-да, Бақироқ турли ҳисобот ва хулосалар асосида фермадаги аҳволни мақташдан чарчамайди. У "Бугун ариқдаги сув қандай мазали! Барчаси раҳбаримизнинг доно раҳбарлиги туфайли!" деб такрорлашни одат қилиб олади. Қўшни фермадаги одамлар чўчқаларни зиёрат қилгани келиб туришади. Асарда ҳокимиятга эгалик қилиш учун кураш, ақлли ва аҳмоқ ҳокимият эгалари, турли қатлам вакиллари ўртасидаги муносабатлар баён қилинган.

Жорж Оруэллнинг фантастик жанрдаги "1984" романида 1980-йилларда Утопия, яъни Англия, Шимолий ва Жанубий Америка, Австралия, Океания мамлакатларидаги сиёсий тузум - инглиз социализми ҳақида сўз боради. Аслида адиб 1948 рақамини 1984 деб ўзгартириб, асарини ҳам "1984" номлаб собиқ СССР тузуми ҳақидаги қарашларини баён қилган. Асарда айтилишича, Уммонияда ягона партия нимани истаса, шу қонуний ҳисобланади. Бошқа қонун йўқ, кишиларнинг фикри ҳеч қандай кучга эмас, партия истагига зид ҳар қандай ҳаракат ғайриқонунийдир. Уммония фуқаролари Катта Оғага ҳурмат ва қўрқув руҳида тарбияланган.

Уммонияда ўтган йилга нисбатан ҳамма нарса кўпайиб, фақат жиноятчилик ва бахтсизлар камаяди. Улар ўзларидан бошқани бахтсиз ҳисоблашади. Бош қаҳрамон Уинстон Смит тарихни сохталаштириш билан машғул бўлса-да, партия ва Катта Оғага нафрат ҳисси билан яшайди. Оруэлли ўз асари орқали инсонларни эркин ва ҳур фикрлаш, мустақил ва озод яшаш, атрофида бўлаётган воқеаларга ўткир кўз ва теран ақл билан қарашга ҳамда  манқурт бўлмасликка чақиради.

Юқорида номлари келтирилган асарлар дунё адабиёти дурдоналари қаторидан муносиб ўрин олган. Уларни албатта ўқинг.

Абдишукур ОМОНОВ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Report typo