Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 июнь, душанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

28.02.2023


Ҳар бир фуқаронинг саломатлиги давлат ҳисобидан суғурталанмоқда

Матбуот анжумани

Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги тегишли қарорига мувофиқ  халқаро тажриба асосида Ўзбекистон тиббиёти учун мутлақо янги йўналиш давлат тиббий суғуртаси жорий этилмоқда. Мазкур модель ривожланган давлатларда синовдан муваффақиятли ўтган илғор тажрибадир, юртимизда эса биринчи босқич синов тариқасида Сирдарё вилоятида амалга оширилаяпти.

Бу ҳақда бугун Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Давлат тиббий суғуртаси бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шавкат Ғаффоров ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг вилоятдаги бош мутахассиси Чори Ризаев ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг асосий мақсади аҳолини кафолатланган тиббий ёрдам билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, унинг сифати ва ҳажмини ошириш ҳамда тиббий хизматлар бозорини замонавий талаблар асосида ривожлантиришдир. Мазкур тизимда ҳар бир фуқаронинг саломатлиги давлат ҳисобидан суғурталанмоқда. Бунда аҳоли пул тўламайди ва давлат тиббий хизматни бепул кафолатлайди, яъни тиббий хизмат харажатлари Давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Шу боис аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўлами янада ошади. Касалликларни эрта аниқлаш натижасида аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш имкони пайдо бўлади. Қолаверса, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, дори-дармон билан таъминланиши сезиларли даражада яхшиланади, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши босқичма-босқич ошириб борилади.

- Давлат тиббий суғуртасининг асосий талабларидан бири, энг аввало, ҳар бир инсон ўз ҳудудидаги оилавий шифохонага бириктирилган бўлиши керак, - дейди Шавкат Ғаффоров. - Фуқаро оилавий шифохона эшигидан кириши билан уни рўйхатга олиш, шифокорга кириши, таҳлиллардан ўтиши назоратга олинади. Кафолатланган тиббий хизматлар текин амалга оширилади. Аҳоли кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий ёрдам олиш, яъни шифокор қабули, ихтисослашган мутахассислар билан маслаҳатлашиш, скрининг текширувларидан ўтиш, станционарларда  даволаниш ҳуқуқига эга. Бу жараёнда мажбурият - битта, у ҳам бўлса оилавий шифокорга мурожаат қилиш ва у билан маслаҳатлашишдир. Вилоятимизда 2025 йил тиббий суғурта тизимини жорий этиш кўзда тутилган бўлиб, мутахассисларимиз Сирдарё вилоятида бўлиб, давлат тиббий суғуртасини жорий этиш тажрибасини ўрганиб келишди.

Чори Ризаевнинг таъкидлашича, вилоятимизда давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан 4 та тиббиёт муассасаси ва 2 та нодавлат тиббиёт ташкилоти шартнома тузган. Мазкур шартномаларга асосан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан 2022 йилда вилоятга 4 та даволаш-профилактика муассасасига жами 3 миллиард сўм ва Китоб туманидаги “Doctor Boboev” хусусий клиникасига 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилди.

Мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo