Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Собир НАРЗИЕВ

06.03.2024


ҲАР БИР ЎҒЛОН УЧУН ШОН-ШАРАФ ИШИ

Қашқадарё вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган ёшларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2024 йил 12 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда йигитлик бурчини адо этишга чоғланган ўғлонларнинг ота-оналари, шунингдек, соҳа фахрийлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда ҳарбий хизматнинг нуфузи юксак даражага кўтарилдики, эндиликда армияга бориш ҳар бир ўғлон учун нафақат конституциявий бурч, балки шон-шараф иши ҳамдир. Натижада муддатли ҳарбий хизматни ўташ иштиёқидаги ёшларимиз сони йилдан-йилга ошиб бораяпти.

- Ўзим Миришкор туманиданман, - дейди ҳарбий хизматга йўл олаётган йигитлардан бири Алишер Нуриллаев. - Ватан посбони бўлиш ёшликдаги орзуйим эди. Астойдил тайёргарлик кўриб, спорт билан шуғулланиб, барча синовлардан муваффақиятли ўтдим ва мана бугун ҳарбий хизматга йўл оляпман. Менинг бу қароримдан ота-онам ҳам жуда қувонишди.

Тадбирда муддатли ҳарбий хизматга йўл олаётган ўғлонларга эсдалик совғалари топширилди. Ҳарбий оркестр ва санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларнинг дилларини хушнуд этди.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Report typo