Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

18.03.2022


Ҳар кунинг бўлсин Наврўз

Вилоятимизда Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган асосий шодиёналар Қарши шаҳридаги учта сайилгоҳ – Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи, Наврўз ҳиёбони ва Қашқадарё соҳилида ўтказилади.

Маълум қилинишича, юртимизнинг барча ҳудудлари сингари вилоятимиз марказида ҳам Наврўз байрами халқ сайли шаклида кенг нишонланиб, асосий тадбирлар 20 март куни соат 10:00 да бошланади. Улар доирасида фольклор-этнографик ансамбллар, дорбоз ва полвонлар, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари ва бахшиларнинг чиқишлари, миллий таом ва либослар, ҳунармандчилик асарлари кўргазмалари, турли миллий ўйинлар бўйича мусобақалар ташкил этилиши режалаштирилган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонланаяпти. Байрам муносабати билан умумхалқ сайиллари билан бир қаторда жойларда кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш ҳамда таниқли санъаткорларнинг ушбу муассасаларга ташрифларини ташкил қилиш билан боғлиқ хайрия акциялари, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари, “Баҳор неъматлари” кўргазмалари ҳамда “Энг яхши Наврўз таомлари” танловлари ҳамда бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўз мухбиримиз

Суратларда: Қарши шаҳар маданият бўлимига қарашли фольклор-этнографик ансамблларнинг байрамга тайёргарлик жараёнидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Report typo