Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 ноябрь, душанба. 2019 йил                         Махсус версия RU

Фурқат ЖУМАЕВ

05.11.2019


АРАЗНИНГ ҲУКМИ ҚАНДАЙ?

 

Инсон ва дин

Бировнинг бошига кулфат ёки мусибат тушганда, бошқалар унга бепарво бўлмаслиги учун муборак ҳадисларда "Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади", дейилади. Ва мусулмонларнинг бир-бирига аҳил ва иноқлиги "Мўминлар ўзаро бир-бирига меҳр-мурувват кўрсатиш борасида бир жасадга ўхшайди. Жасаддаги бир аъзо дардга чалиниб қолса, ундаги бошқа барча аъзолар тонггача иситмалаб ухламасдан унга шерик бўлиб чиқади (мўминлар ҳам ўзаро мана шундай бўлади)", деб ифодаланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "...Аллоҳнинг бандалари, бир-бирингизга биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам",  дедилар" (Бухорий ривояти).

Динимизда ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва оилавий тотувликка катта эътибор берилган. Аҳиллик аввало бир-бирларини тушунишдан бошланади. Парокандалик эса ўзини устун қўйиш, бошқаларни менсимаслик оқибатида келиб чиқади.

Мусулмон киши уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳадиси шарифларда қаттиқ қораланган.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмонга ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Учрашиб қолсалар, бу ҳам юз ўгириб кетади, у ҳам юз ўгириб кетади. Иккисидан яхшиси, аввал салом берганидир", дедилар" (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажрга шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади", дедилар" (Абу Довуд ривояти).

Афсус билан айтиш мумкинки, бугунги кунда айрим эр-хотинлар, ака-ука, опа-сингил, қалин дўстлар ва ҳатто ота-болаларнинг бир-бирларини тушунмасдан орага совуқчилик тушаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу масъулиятни ҳис қилмай, ҳуда-беҳудага жанжал чиқаравериш натижасидир. Улардан сўрасангиз ҳамма ўзининг ҳақ эканлигини исботлашга уринади. Бу айни хатодир. Бунинг учун икки тарафни тинглаш ва тўғри хулоса чиқариш ислом кўрсатмаси эканига ҳамма ҳам бирдек қулоқ солавермайди. Агар улар аразлаб юришнинг улкан гуноҳлигини билганларида борми, ўша заҳоти ярашишга интилган бўлармиди?!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ўшандан ортиқ аразлаб туриб ўлиб қолса, дўзахга киради", дедилар" (Абу Довуд ривояти).

Абу Хирош Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким ўз биродари билан бир йил аразлашиб юрган бўлса, бу унинг қонини тўккан билан баравардир", деганларини эшитдим" (Бухорий ривояти).

Халқимизда "Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кўтарилади" деган ибратли сўз бор. Адоват нафақат оилага, балки жамиятга салбий таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас.

Бахтиёр ва комил бўлишни истаган киши аввало бошқалар ҳақини адо этиш хислатини ўзида мужассам қилмоғи керак.

Ҳар ким яқинларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши, уларга нисбатан  марҳаматини аямаслиги муҳим вазифалардан биридир. Ўз навбатида бунинг аксини тутганлар асло обрў топмайдилар.

"Бирлашган - ўзар, бирлашмаган - тўзар" мақоли ҳам асрлар оша ўз мавқеини сақлаб келмоқда. Улуғлардан бири эса "Дўст жафо билан душманга айланади, душман эса яхшилик билан - дўстга!" деб насиҳат қилган экан.

Албатта, қариндошлардан, дўстлардан алоқа узиш дунё лаззатларидан, охират савобларидан кўз юмишдир. Шариатда ҳам, жамиятда ҳам ҳар кимнинг ҳақ-ҳуқуқлари белгилаб берилган. Киши ўз масъулиятини ҳис этиши ва бунинг учун жавобгар бўлиши тайин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир-бирингизни ёмон кўрманглар. Ўзаро рақобат қилманглар. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар", дедилар" (Бухорий ривояти).

Демак, нафс амрига бўйсунмасдан, ўзига бино қўймасдан, илоҳий оят ва ҳадиси шарифларда айтилган кўрсатмаларга амал қилсак, ота-боболаримизнинг сўзларига қулоқ тутсак, жамиятда фаровонлик, оилада осойишталик ҳукм сураверади.

Аллоҳ таоло барчамизга дунё ва охиратимизни обод айлаб, қўни-қўшнилар, ёру дўстлар, яқинларимиз билан аҳил ва иноқ бўлиб яшамоғимизни рўзи насиб айласин!

Фурқат ЖУМАЕВ,

Қарши шаҳридаги "Араловул" жомеъ масжиди имом-хатиби

Report typo