Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

12.01.2017


ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ИНГЛИЗ ТИЛИДА МУСОБАҚАЛАШДИ

Маълумки, юртимизда жисмонан бақувват, руҳан тетик, шу билан бирга, маънан баркамол ҳарбийлардан иборат миллий армиямизни шакллантириш асосий эътибордаги масала ҳисобланади. Бинобарин, ҳозирги даврда ҳар қандай қуролли кучларнинг қудратини нафақат замонавий ҳарбий техника билан таъминланганлик даражаси, балки ҳарбий кадрларнинг жисмоний ва маънавий салоҳияти ҳам белгилаб беради.

- Бугунги ҳарбий хизматчи жанговар тайёргарликка эга ва замонавий илм-фан сирларини ҳам мукаммал эгаллаган бўлиши лозим, - дейди Қарши сержантлар тайёрлаш мактаби бошлиғи, подполковник  Абдулҳамид Холдаров. – Шундан келиб чиқиб, миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг интеллектуал қобилияти, билим даражасини юксалтириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, ҳарбий хизматчиларнинг ҳам хорижий тилларни пухта ўзлаштиришига устувор аҳамият қаратилган. Ўтказилган викторинанинг тўлиқ  инглиз тилида ташкил этилганидан мақсад ҳам ҳарбий хизматчиларда хорижий тилларда мулоқот қилиш кўникмасини оширишдир.

Викторина мусобақасида округ бошқарув аппаратининг “Leader”, Қарши сержантлар тайёрлаш мактабининг “Friendship” ҳамда Қарши шаҳрида жойлашган ҳарбий шаҳарчалардан бирининг “Intellect” ва “Sky eagles” жамоалари иштирок этди. Улар таништирув, савол-жавоб, сардорлар баҳси ва ўзаро фикр алмашиш каби шартлар бўйича билим ва маҳоратларини синовдан ўтказишди.

Жамоаларнинг иштироки Қарши давлат университети ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг профессор-ўқитувчиларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Мусобақа якунларига кўра, Қарши сержантлар тайёрлаш мактабининг “Friendship” жамоаси ғолиб деб топилган бўлса, иккинчи ўрин ҳарбий шаҳарча шарафини ҳимоя этган “Intellect” жамоасига насиб этди. Округ бошқарув аппаратининг “Leader” жамоаси эса учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Викторина сўнгида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ғолиб ва совриндор жамоаларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo