Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 сентябрь, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

26.04.2019


ҚАРИЙБ 80 ТА ЛОЙИҲА РЎЁБГА ЧИҚАРИЛАДИ

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Президент фармони билан "Yoshlar - kelаjagimiz" Давлат дастурининг тасдиқланиши юртимиз ёшлари ҳаётида янги саҳифа очди. Ушбу ҳужжатда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Айни пайтда бу борада Қарши шаҳрида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, дастур доирасида ўтган 2018 йилда 24 нафар ёш тадбиркорга 6 миллиард 351 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Ушбу маблағ эвазига ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни янада ривожлантиришга қаратилган фаолиятнинг йўлга қўйилиши натижасида 268 та янги иш ўрини яратилган.

Жорий йилда эса шакллантирилган манзилли рўйхат бўйича 79 нафар ёшга 33 миллиард 734 миллион сўм кредит ажратилиши ва 623 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, лойиҳаларни молиялаштириш ишлари давом этмоқда.

"Yoshlar - kelajagimiz" жамғармасининг туман, шаҳар филиаллари ходимлари малакасини ошириш мақсадида тузилган республика ишчи гуруҳи томонидан ташкил этилган семинар-тренингда ҳам бу борадаги ишларни белгиланган талаб ва тартибга мувофиқ олиб бориш, тадбиркорлик  истагидаги ёшлар билан ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида атрофлича фикрлашилди.

Шунингдек, ёш тадбиркорларга турли имтиёзлар, бизнес-режалар тузиш, бизнес-ташаббуслар, стартап  ва лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари орқали имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга олиш масалалари, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича тушунча ва тавсиялар берилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Муаллиф олган суратлар.

Report typo